Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:05

Сўх муаммоларини ёритган 22 яшар блогер 10 кунга ҳибс қилинди. У Бош вазирдан Ш. Ғаниевни ишдан олишни сўраган эди (ВИДЕО)


Сўхлик видеоблогер Ҳайдаржон Бобоҳайдаров (тахаллуси Дадахон Ҳайдаров)(сурат блогернинг YouTube тармоғидаги каналига жойланган видеодан олинди)
Сўхлик видеоблогер Ҳайдаржон Бобоҳайдаров (тахаллуси Дадахон Ҳайдаров)(сурат блогернинг YouTube тармоғидаги каналига жойланган видеодан олинди)

Youtube тармоғида 800 мингдан ортиқ обуначиси бўлган сўхлик видеоблогер Дадахон Ҳайдаров тахаллуси билан танилган Ҳайдаржон Бобоҳайдаров 10 кунга ҳибс қилинди.

Отаси Шерали Эралиевнинг айтишича, у ўғлининг ҳибсдаги аҳволи, қандай жиноятда айбланаётгани, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган-қўзғатилмагани ҳақида ҳануз расмий маълумотга эга эмас.

Бош прокуратура, шу йилнинг 31 майида сўхликлар ва қўшни Қирғизистон фуқаролари ўртасида чиққан тўқнашувга алоқадорликда айбланган 6 сўхликка нисбатан Жиноят кодексининг 244-, 219-модалари асосида жиноят иши қўзғатилганини 25 август куни маълум қилди.

Яқинлари шу 6 киши орасида эканини гумон қилаётган Дадахон Ҳайдаров ўша низодан сўнг, туманга борган Бош вазир А. Арипов билан учрашувда, Фарғона ҳокимини алмаштиришни сўраган эди.

Youtube тармоғида 820 мингга яқин обуначи тўплаган каналнинг икки маъмуридан бири Дадахон Ҳайдаров шу йилнинг 22 августида ҳибсга олингани ҳақида Озодлик хабар қилган.

Фарғона вилоят, Сўх туманида яшайдиган таниқли блогернинг отаси, 50 яшар Шерали Эралиевнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, у шу кунга қадар ўғлини кўрмаган ва унинг аҳволидан жиддий хавотирда:

“Жиноят иши қўзғатилганми-йўқми, билмаймиз. Ўғлим давлат берган адвокатни танлаган экан, у адвокатдан қайта-қайта сўрадим: “Аҳволини сўранг, баданларини кўринг, уришганми-йўми”, деб. Адвокати уришмаган, лекин ўғлингиз йиғлаяпти, деди. Маълумотларни ҳам очиқ айтмаяпти, шунга хавотирдаман, рости. 22 яшар ёш бола, нима аҳволга тушди, билмайман”.

Шерали Эралиевнинг Озодликка айтишича, ўғлининг ушланиши ва ҳибсга олиниши бўйича унга ҳануз бирор ҳужжат берилмаган, ҳатто кўрсатилмаган.

Отаси 22 август куни Дадахонни ҳибсга олиш учун борган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам фуқаролик кийимида бўлгани, ҳибсга олиш ҳақида санкция тақдим қилмаганини айтмоқда:

“Маҳалла раиси ўринбосари келиб, эшигимизни тақиллатди. Чиқсам, ёнида участковой ва гражданкадаги бир неча киши турибди, адашмасам Фарғона вилоят ИИБ Жиноят қидирув бўлимидан. “Ўғлингиз блогер экан, қилаётган ишларининг қайси бир тўғри, қайси бири нотўғри экани ҳақида тушунтириш бериб, қўйиб юборамиз”, деб туман ИИБга олиб кетишди. Ҳужжат кўрсатишмади. Шу бўйича ўғлим билан қайтиб кўришолмадим. Адвокати кеча (25 август – таҳр.) 10 кунга ҳибс қилинди, деб айтди, лекин кўп маълумот бермаяпти бизга. Прокуратура айтган 6 кишининг ичида ўғлим ҳам борми ёки унга ҳали иш очилмадими - билолмаяпмиз”.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 25 августда маълум қилишича, шу йилнинг 31 майида чегарада чиққан тўқнашувда иштирок этган 6 сўхликка нисбатан ЖКнинг 219 ва 244-моддалари билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзида эҳтиёт чораси қўлланган.

Аммо, ўша кезда туманнинг Равон, Мулғон, Қизилқия қишлоқларидан Озодликка боғланган 10 га яқин сўхлик, 3 кун ичида тумандаги бир неча қишлоқдан жами 12 сўхлик ҳибсга олинди, деб хабар қилган.

26 август куни Озодлик гаплашган бир неча сўхлик, ҳибсга олинганлар сони 41 кишига етди, деди. Аммо, бу маълумот ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.

Youtube тармоғида 800 мингдан ортиқ обуначи йиққан Дадахон Ҳайдаров, бу низолар ортидан туманга бориб, норози сўхликлар билан юзма-юз учрашган Бош вазир Абдулла Арипов олдида сўзга чиққанди.

Ўша учрашувда Ҳайдаров, ўзи яшаб турган Сўх тумани муаммоларини ёритишида маҳаллий раҳбарлар тўсқинлик қилишини айтган, туман муаммоларини Тошкентга етказишда А. Ариповдан ёрдам сўраган эди.

Шунингдек, у туман раҳбарлари ҳамда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевни алмаштиришни сўраган эди:

“Сўх туманида ягона мен блогер бўлиб ишлайман. YouTube тармоғида ўзимнинг аудиториям бор. Қачонки, Сўх муаммосини Интернетга чиқарадиган бўлсам, мана шу ўзимизнинг ҳокимиятдагилар: “Чиқарма, ўзингнинг бошингга бало бўлади!” дейшади. Сиздан илтимос, Сўх туманида шундай ташкилот яратингки, бу ерни муаммоларини тўғридан-тўғри Тошкентга етказсин! Бизга Фарғона ҳокимияти керак эмас! Сўхни туманигаям янги ходимларни жойлаштиринг, илтимос! Керак бўлса, Фарғона вилоят ҳокимини ҳам алмаштиринг!” .

Унинг бу гапларини учрашув жойига йиғилган юзлаб одам ҳайқириқлар билан қувватлаган.

Ўша кезда блогер Сўх анклавини нафақат Фарғона вилояти, балки туманнинг бошқа қишлоқлари билан улайдиган йўллар ҳам ёпилиб кетгани, Сўхни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан боғловчи йўлларгина эмас, телефон алоқаси ҳам йўқлигини айтганди.

Ўз навбатида, бу муаммоларнинг борлигини эътироф этган Абдулла Арипов блогер Дадахон Ҳайдаров тилга олган муаммоларни тез орада ҳал қилиб беришни ваъда қилганди.

Cўхлик блогер Дадахон Ҳайдаровнинг Бош вазир Абдулла Арипов билан мулоқоти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:25 0:00

Ҳозирча, 31 май кунги воқеалар ортидан ҳибсга олингани расман айтилган 6 киши ичида блогер Дадахон Ҳайдаров ҳам борми, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганми, қайси моддалар асосида қўзғатилган - бу саволларга Озодлик блогернинг адвокати ёхуд Фарғона вилоятидаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирор расмий жавоб ололмади.

22 яшар сўхлик Дадахон Ҳайдаров-Ҳайдаржон Бобоҳайдаров оилали, 8 ойлик фарзанди бор.

Шу йилнинг 11 августда 23 яшар сўхлик Давлатжон Маллаев, чегарадаги жанжал пайтида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевга нисбатан “зўрлик ишлатганлик”да айбланиб қўлга олингани ҳақида Озодлик 19 август куни хабар қилган эди.

Маллаев устидан чиқарилган ажримда қайд этилишича, Фарғона вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари даъвоси асосида, унга Жиноят Кодексининг 244-модда (Оммавий тартибсизликлар), 219-модданинг 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) да кўзда тутилган жиноятларни содир этганлик айби қўйилган.

Озодликка боғланаётган сўхликлар, 22 августдан бери туманда ҳибсга олинаётган ҳамюртларига айнан Маллаевга қўйилган айблов қўйилаётганини айтмоқдалар.

Фарғона вилояти ҳокими матбуот котиби Обидов, қўлга олинганларга нисбатан терговолди суриштирувида ўрганилаётган версияларга қисман тўхталиб: "Мендаги маълумотларга кўра, Сўхдаги тўполонлар жуда катта тайёргарлик билан уюштирилган. Ҳозирча батафсил айтолмайман, чунки бу тергов сири”, деб изоҳлади.

Шу йилнинг 31 май куни Фарғона вилоят, Сўх туман, Чашма қишлоғининг Қирғизистоннинг Боткен вилоят, Кадамжай туман, Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган Чашма булоғи бўйида икки давлат фуқаролари ўртасида оммавий жанжал содир бўлган.

Икки томондан қарийб минг киши қатнашган, жараёнда Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев тошбўрон қилингани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 25 август куни маълум қилишича, ушбу низо бўйича шу йилнинг 1 июнь куни жиноят иши очилган, 22 августдаги ҳибслар ана шу иш тергови доирасида амалга оширилган.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини ошкор этмасликни сўраган сўхликлар, ҳибсга олинганларнинг барчаси ўша тўқнашувда қатнашган тумандошлари эканини айтмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG