1 сентябрь куни Беларусда норозилик намойишига чиққан бир гуруҳ талаба қўлга олиниши ортидан пойтахт Минскда аëллар тинч намойишга чиқди.
Бир неча юз аёл Мустақиллик майдони яқинида тўпланар экан, уларни полиция кузатиб турди.
Амалдаги президент Александр Лукашенкога қарши уч ҳафтадан бери тинчимаётган намойишларда аёллар муҳим роль ўйнаб келмоқда.
1 сентябрь куни аввалига мухолифат рамзига айланган оқ ва қизил рангли байроқларни қўлда тутган талабалар намойишга чиқди.
Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская жамоаси эълон қилган билдирувда «1 сентябрь билим куни. Беларусь бирдамлиги маъносини билиш куни. Ушбу бир кунлик акцияга қўшилинг, ишчиларни қўлланг ва ҳукуматга ҳокимиятнинг ҳақиқий манбаси ким эканлигини кўрсатинг», дейилади.
«Весна» инсон ҳуқуқлари гуруҳига кўра, 1 сентябрь куни камида 55 нафар талаба қўлга олинган. Ижтимоий тармоқларда улашилган видеода полиция талабаларни зўрлаб олиб кетаётганини кўриш мумкин.
Беларусь Журналистлар уюшмаси намойишларни ёритаётган саккиз нафар мухбир қўлга олинганини билдирди. Ўтган ҳафта намойишлар матбуотда ёритилишига тўсқинлик қилиш мақсадида Беларусь расмийлар хориж матбуот агентликларининг 17 нафар журналисти аккредитациясини бекор қилган эди.
9 август куни бўлиб ўтган сайловда Беларусни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко ғолиб чиққанини эълон қилинганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тинчимаяпти. Ғарб мамлакатлари сайловнинг расмий натижаларини тан олмади, содир бўлаётган воқеалар юзасидан норозилик изҳор қилди ва расмийларни мухолифат билан мулоқот қилишга чақирди.
1 сентябрь куни БМТ инсон ҳуқуқлари мутахассислари сайлов ўтказилганидан бери 450 та ҳибсда қийноққа тутиш ҳолати бўйича далиллар келиб тушганини билдирди.
Айни куни Литва президенти Гитанас Науседа БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашини Беларусдаги вазиятни муҳокама қилиш учун зудлик билан йиғин ўтказишга чақирди.
31 август куни Латвия, Литва ва Эстония президент сайлови натижаларининг сохталаштирилгани ва норозилик намойишларини аёвсиз бостириш муносабати билан Минск расмийлари, жумладан, Лукашенкога қарши саёҳат чеклови шаклида санкция жорий қилди.
Европа Иттифоқи эса 20 нафар юқори лавозимли расмийга қарши санкция жорий қишга келишиб олди.
Беларусга Ғарб давлатлари томонидан босим кучаяр экан, Лукашенко Москвадан ёрдам сўрашга мажбур бўлди.
1 сентябрь куни Лукашенко ўзи ва Россия президенти Владимир Путин «Брестдан Владивостоккача бўлган умумий ватанимизни» ҳимоя қилишини таъкидлади.
1 сентябрда Москва давлат халқаро муносабатлар институтида нутқ сўзлаган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб давлатларини Беларусдаги бўҳрон бўйича «ҳукм чиқаришда» айблади.
Москва Ғарб давлатларини Беларусь ички ишларига аралашишда айблаб келади.