Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:58

Пахта-2020: теримчилар "темир дафтар"дан олинади, ниқоб ва ижтимоий масофа сақланади, блогерлар "четдаги овозлар"дан қайтарилади


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Касаба уюшмалари иттифоқи Пахта-2020 мавсумини пандемия шароитига мослаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида матубот анжумани ўтказди.

Вазир ўринбосари Баҳодир Умрзоқов бу йилги йиғим-теримда теримчиларнинг ниқоб тақиши ва ижтимоий масофа сақлаши таъминлашини таъкидлади.

Анжуманда айтилишича, бу йилги теримга асосан "темир дафтар"га киритилган ишсиз ёшлар, хотин-қизлар жалб қилинади, улардан бригадалар тузилади ва теримчи билан меҳнат шартномаси имзоланади.

Шунингдек, ҳукумат расмийлари, ўзбекистонлик блогерлар "четдан келадиган ҳар хил овозлар" таъсири остида ёзмаслиги учун уларни мунтазам ахборот билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор берилганини маълум қилди.

5 сентябрь кунги тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов бу йилги пахта йиғим-теримининг пандемия шаротига қай шаклда мослаштирилишини гапириб берди.

Унинг таъкидлашича, мавсум COVID-19 пандемияси шароитига мосланади - ҳар 100 теримчига бир ҳамшира бириктирилади, ниқоб тақилади ва теримчилар орасида ижтимоий масофа сақланиши таъминланади.

Мулозимнинг маълум қилишича, ҳар йилгидек, бу йил ҳам пахта йиғим-теримида аввало болалар ва катталар мажбурий меҳнатини йўқ қилиш чоралари кўрилади - теримчилар мутлақ ихтиёрий асосда жалб қилинади:

"Биринчидан, пахта терадиган ёлланма ишчиларнинг ҳеч бири шартномасиз пахта даласига чиқмайди. Бунинг учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси, Савдо-саноат палатаси ўртасида қўшма ҳужжат имзоланди ва унга асосан низом ишлаб чиқилди. Пахта терими мавсумига ҳашар сифатида қаралмайди".

Вазирлик мулозими, шунингдек пахта терими пайтида теримчиларнинг жароҳатланиши, хасталанишига қарши чора кўрилишини ҳам урғулади.

Расман маълум қилинган яна бир янгиликка кўра, бу йил пахта терувчилар икки тоифага ажратилади - ўзи яшаб турган ҳудудга яқин далаларда пахта тераётганлар ва бошқа вилоят ёки туманга ётоққа жўнатилганлар.

"Ўз ҳудудимда пахта тераман», деганларга алоҳида молиявий муносабат, «Йўқ, бошқа узоқ вилоятга бориб, тераман», дея бригадалар таркибига кирганларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан молиявий ёрдам берилади. Терган пахтасига эса алоҳида белгиланган нархда пул олади", деди Баҳодир Умрзоқов анжуманда.

Б. Умрзоқовга кўра, бу йил биринчи теримда 1 килограмм пахта учун 1000 сўм, иккинчи теримда 1400 сўмдан ҳақ белгиланган. Меҳнат учун тўлов муддатини белгилаш ҳаққи эса, ҳар битта фермер хўжалигининг ўзига ҳавола қилинади.

Йиғилишдаги яна бир муҳим баёнот эса Пахта-2020 мавсумининг ижтимоий тармоқлардаги фаол блогерлар томонидан ёритилишига берилган эътибор ҳақида бўлди.

Б. Умурзоқовга кўра, бу йилги мавсум бўйича маълумотлар янги ташкил қилинган terim.uz сайтига жойлаштирилади, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, бошқа тегишли идоралар билан, ҳар ҳафтада бир марта республика бўйлаб брифинглар ўтказади.

"Ўзимизнинг блогерларга уларни қизиқтирган ҳамма саволларига жавоб беришимиз керак. Блогерлар ўша чет элдан келган ҳар хил овозларга таъллуқли ўзининг реакциясини эмас, биз берадиган савол-жавобларга қараб, аҳолига ахборот бериши керак. Бу объектив тарздаги бугунги ҳолатни беришимиз керак. Кўпинча ўтган йили масалан, бошқа давлатларнинг вакиллари, элчихоналардан бўлган эътирозларни улар орқали бизга айтган. Бу сафар ўзимиз бевосита бу борадаги камчиликларни ўзимиз айтиб, ўзимиз тўғирлашга ҳаракат қилишимиз", деди мулозим.

Шунингдек, анжуманда қатнашган Касаба уюшмалар федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев, Ўзбекистонда сўнгги 4 йилда болалар меҳнатидан бутунлай воз кечилди, деб таъкилади.

Бундан ташқари, ҳукумат қарори билан 2018 йилдан ўқитувчи ва шифокорларни пахтага мажбурлаб чиқарганлик учун ҳам жазо белгилаганини эслатди.

Аммо, шунга қарамай давлат ташкилотлари ишчилари ва олий ўқув юртлари талабаларининг пахта теримига мажбуран жалб этилиши 2019 йилда ҳам кузатилди ва бу амалиёт халқаро ташкилотлар томонидан кескин танқид қилинди.

Жумладан, АҚШ Давлат департаменти бу йилги ҳисоботида мамлакатда мажбурий меҳнат даражаси 2018 йилдагига нисбатан камаймагани қайд этилди.

Департамент Ўзбекистон ҳукуматини "пахта-йиғим терими даврида пахта етиштириш бўйича квоталарни йўқотиш, пахтакорларнинг иш ҳақларини ошириш ва теримчиларнинг меҳнат шароитини яхшилаш каби чоралар орқали пахта теримида мажбурий меҳнатни тугатиш ҳаракатларини давом эттириш"га чақирди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG