Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:01

Гулистон: COVID-19 марказидаги портлашда 1 киши ҳалок бўлган


Гулистондаги портлаш рўй берган Covid марказ.
Гулистондаги портлаш рўй берган Covid марказ.

7 октябрь куни Гулистон шаҳридаги коронавирус марказида кислород цистернаси портлаши оқибатида камида бир киши ҳалок бўлган.

Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Озодликка Гулистон шаҳридаги Алпомиш спорт мажмуасидаги ҳодисада бир кишининг ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Ижтимоий тармоқларда портлашда "ўнлаб одам ҳалок бўлгани" ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Қурбонлар орасида сунъий нафас бериш аппаратидан узилиб қолганлар ҳам борлиги айтилади.

Аммо бу хабарлар ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.

Озодлик суриштируви давомида, шунингдек, портлаш юз берган куни коронавирус марказида бўлган яна икки кишининг жасади яқинларига топширилганини аниқлади.

Улардан бири, Ховос туманининг Тинчлик маҳалласида яшаган 43 яшар Г.Б.нинг яқинларидан бирининг айтишича, портлаш содир бўлган вақтдан 3 соат ўтиб, унга хабар беришган:

“7 октябрь куни соат кундузи 12ларга яқин уйимизга ҳамшира келиб, мени бош врач чақираётганини айтди. Чиқсам, у кўчада, машинаси олдида турибди. Бош врач менга Г.ни ўлганини айтди. Мен ажабланиб, кеча гаплашгандик, яхши эди-ку, десам, шундай фожиа бўлиб қолди, ўликни бориб, олиб келинглар, деди. Борсак, таниб олиш учун моргга олиб кирди. Ҳеч қаери жароҳат олмаган, лаби бир оз кўкарган эди. Менимча, аппарат ўчиб қолгани унинг ўлимига сабаб бўлган бўлса керак".

Суҳбатдош ўликхонада "ерга ётқизиб қўйилган ўнга яқин жасадни кўргани"ни айтади:

“Моргга кирганимда даҳшатли манзарани кўрдим. Ўнга яқин ўлик ерга қатор қилиб ётқизиб қўйилган эди. Иккита аёлнинг орасидан Г.ни таниб олдим. Одамлар кетма-кет келиб, яқинларини таниб , жасадларини олиб кетишарди”.

Сайхунобод туманининг халқ тилида “Эски Киров” деб айтиладиган маҳалласида яшаган 28 яшар М.Н. ҳам ўша куни Гулистондаги Ковид марказида вафот этганини унинг қўшниларидан бири Озодликка тасдиқлади:

“Қўшнимиз М. ҳам Гулистондаги Ковид марказида даволанаётган эди. Ўша кунги портлашдан кейин целофан пакетга ўраб ташланган жасадини олиб келишди, очтиргани қўйишмади, шундай олиб бориб, кўмиб келдик. Қандай ўлгани ҳақида айтишмаган. Ковиддан ўлган, деб справка беришибди”.

Гулистон шаҳридаги Алпомиш спорт мажмуасида ташкил этилган коронавирус марказида ишлаётган врачлардан бири хавфсизлик нуқтаи назаридан исми очиқланмаслигини сўради.

Врачнинг айтишича, портлаш содир бўлган куни марказда икки киши ўлган:

“Ўлганлардан бири ўша кислород узатиш цехида ишлаётган Валерий деган одам. Унинг жасади парча-парча бўлиб кетган. Портлаш тўлқини шу даражада кучли бўлдики, деразалар чил-чил синиб беморлар ва ҳамшираларни ҳам жароҳатлади. Касалларга шиша синиқлари санчилиб қолди. Бир нафар беморимиз ўша пайтда ўлди. Кислород узилгани учун қолганларини бошқа учта касалхонага жўнатиш бошланди. Улардан қанчаси ўлганидан хабарим йўқ, лекин эшитишимча, кўплари етиб боргунча ҳаво етишмаслигидан ўлиб қолган. Лекин врач ва ҳамширалардан ҳеч ким ўлмади”.

Озодлик, шунингдек, Гулистон шаҳрининг иккинчи микрорайонида яшаган 50 ёшли С. исмли аёлнинг ҳам 7 октябрь кунги портлаш оқибатида вафот этгани ҳақидаги хабарни олди.

Лекин бу хабарни ҳозирча расман тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Озодлик суҳбатдошларининг айтишларича, сунъий нафас бериш аппаратига уланган беморлардан баъзилари портлашдан сўнг бошқа касалхонага олиб борилгунча йўлда, ҳаво етишмаслигидан вафот этган.

Аммо бу иддаони тасдиқловчи ҳужжат Озодликда йўқ.

Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Рустам Юлдашев Озодлик билан суҳбатда фожиа оқибатида фақат бир кишининг ҳалок бўлганини айтди:

“Битта ўша кислородчи бола ўлди, холос. Худога шукр, ҳаммаси законний бўлди, касалхоналарга беморларни вақтида ташиб олдик, бошқа ҳеч ким ўлгани йўқ. Мен ўзим бошида турдим”.

Ўзбекистон ФВВ 7 октябрь бу фожиада фақат бир киши яралангани ҳақида хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG