Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:18

Қирғизистонни ларзага солган 10 кун: Жээнбеков, Жапаров ва жавобсиз саволлар


Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков 15 октябрь куни истеъфога чиққанини унинг матбуот хизмати маълум қилди
Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков 15 октябрь куни истеъфога чиққанини унинг матбуот хизмати маълум қилди

“Сооронбай Жээнбековнинг истеъфога кетиши Қирғизистон учун катта фожиадир. Эндиликда эртага нима бўлишини олдиндан айтиб бўлмайдиган вазият юзага келди. Ким майдонга кўпроқ одам йиға олса, ўша ҳокимиятни илиб кетадиган вазият пайдо бўлди”.

Бу фикрни Озодликка қирғизистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасулова, Қирғизистон президенти Жээнбеков лавозимидан истеъфога чиқишини эълон қилганидан бир неча соат ўтиб, айтди.

Қўшни мамлакатда воқеалар қай йўсинда ривожланиши мумкин ва бу Тошкент-Бишкек муносабатларига қандай таъсир кўрсатади? Бу саволни мухбиримиз қирғизистонлик ва ўзбекистонлик сиёсатчи ҳамда таҳлилчиларга берди.

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков 15 октябрь куни истеъфога чиққанини унинг матбуот хизмати маълум қилди.

Президент ўз истеъфосини нима билан изоҳлади?

Давлат раҳбари расмий сайтидаги мурожаатномада Жээнбеков пойтахт Бишкекда ижтимоий-сиёсий вазият таранглигича қолаётгани, ўз истеъфоси ҳақидаги талаблар тинмаётгани, жорий вазият бир томондан митингчилар, иккинчи томондан эса, куч ишлатувчи идоралар ходимлари ўртасидаги тўқнашувга яқин эканини билдирган.

Президент ўзи учун Қирғизистондаги тинчлик, мамлакат яхлитлиги, халқ бирлиги ва жамият осойишталиги ҳамма нарсадан муҳимлигини урғулаган Жээнбеков тарихда қон тўккан президент сифатида қолишни истамагани учун истеъфога чиқиш ҳақида қарор қабул қилганини қайд этган.

Қирғизистонни ларзага солган 10 кун

4 октябрда ўтказилган парламент сайловининг дастлабки натижалари эълон қилиниши ортидан 5 октябрдан бошлаб Қирғизистонда норозилик намойишлари бошланиб кетди.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев асос солган Қирғизистон социал-демократик партияси аъзоси, шу партия номзоди сифатида сўнгги сайловга қатнашган Анвар Ортиқов норозилик сабаблари тўғрисида Озодликка бундай деди:

Анвар Ортиқов
Анвар Ортиқов

- 4 октябрдаги сайлов ғирромлик билан ўтказилгани норозикликларга сабаб бўлди. Овозларни сотиб олиш учун жуда катта пул сарфланди, маъмурий ресурслардан фойдаланилди. Бунга индамай қараб туриш мумкин эмас эди”.

4 октябрдаги парламент сайловига ҳаммаси бўлиб 16 сиёсий партия қатнашди. Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, президент Жээнбековга яқинлиги айтилган уч партия парламентдаги 120 ўриннинг деярли 90 фоизини эгаллаши лозим эди.

Садир Жапаров ким?

5 октябрь куни бошланган норозилик чиқишлари ортидан намойишчилар президент ва парламент фаолият юритадиган “Оқ уй”ни эгаллаб олган ҳамда Садир Жапаров дохил бир неча сиёсатчини қамоқдан озод этган эди.

Садир Жапаров
Садир Жапаров

Шундан сўнг Садир Жапаров тарафдорлари унинг бош вазир этиб тайинланишини талаб қила бошлаган.

9 октябрь куни Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков бош вазир Қубатбек Бўрўнов бошчилигидаги ҳукумат истеъфосини қабул қилган.

Жапаров номзоди бош вазирликка расман 14 октябрь куни Қирғизистон парламенти депутатлари томонидан маъқулланди ва президент томонидан тасдиқланди.

Абдулла Арипов
Абдулла Арипов

15 октябрда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Садир Жапаров номига Қирғиз Республикаси Бош вазири этиб тайинлангани муносабати билан табрик йўллади.

Президент Жээнбеков Садир Жапаровни бош вазир лавозимига тасдиқлаганидан сўнг ҳам Жапаровнинг тарафдорлари президентдан зудлик билан истеъфога кетишни талаб қилишни давом эттираверди ва президент Жээнбеков 15 октябрь куни истеъфога кетганини эълон қилди.

Таҳлилчилар юзага келган вазият тўғрисида нима деяпти?

Қирғизистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасулова “Сооронбай Жээнбековнинг истеъфога чиқиши Қирғизистонни 2005 йилги вазиятга қайтариб қўйди”, дер экан, фикрини мана бундай давом эттирди:

Азиза Абдурасулова
Азиза Абдурасулова

- Ўшанда президент Акаев лавозимдан кетиб, ҳокимиятсизлик ҳолатига тушиб қолган эдик. 2010 йили ҳам шундай воқеа бўлган, бироқ у пайтдаги вазият ҳозиргидан яхшироқ эди. Ҳозиргидай бошбошдоқликка йўл қўйилмаган.

Абдурасулованинг фикрича, “Жээнбековнинг кетиши Қирғизистон учун катта фожиа. Эндиликда эртага нима бўлишини олдиндан айтиб бўлмайдиган вазият юзага келди”.

Тошкентлик сиёсатшунос, Марказий Осиё мамлакатлари бўйича мутахассис Фарҳод Толипов Бишкекдаги жараёнларни ташвиш билан кузатаётганини таъкидлаб айтар экан, бундай деди:

Фарҳод Толипов
Фарҳод Толипов

- Қирғизистонликлар ўз бошидан икки марта ўтказган эди бундай воқеаларни. Мана энди учинчиси гувоҳи бўлиб турибмиз. Ҳар гал тўполонлар сайловдан кейин бўлди. Президент Жээнбеков истеъфога кетишга мажбур бўлди. Албатта, бу салбий воқеа ва уни бошқача баҳолаб бўлмайди.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев асос солган Қирғизистон социал-демократик партияси аъзоси, шу партия номзоди сифатида сўнгги сайловга қатнашган Анвар Ортиқовнинг фикрича, “Сооронбай Жээнбеков истеъфо бериб тўғри қилди, агар шундай қилмаганида халқ тинчимас эди. Бошқа йўл йўқ эди”.

Қирғизистонлик бошқа бир сиёсатчи, Қирғизистон-Ўзбекистон дўстлик жамиятининг раиси Бахтиёр Фаттоҳов юртдоши Анвар Ортиқовдан фарқли фикр билдирди:

- Жээнбековнинг шошма-шошарлик билан истеъфога кетиши катта хато бўлди. Президент янги парламент сайловини ўтказиб, у ишини бошлаганидан кейин кетса, яхши бўлар эди.

Тошкент – Бишкек муносабатлари нима бўлади?

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасулованинг фикрича, Бишкекнинг Тошкент билангина эмас, умуман, ташқи шериклари билан муносабатларининг яқин келажакдаги истиқболи савол остида:

- Қирғизистоннинг нафақат Ўзбекистон билан, балки Қозоғистон, Хитой, Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи билан муносабатлари ҳақида гапирсак, уларнинг ҳаммаси ҳам Бишкек билан эҳтиёт бўлиб муомала қилади. Чунки Қирғизистонда бугун ҳокимият йўқ, давлат номидан, халқ номидан гапира оладиган одам йўқ. Лидер йўқ. Садир Жапаров ўшандай лидер бўла олмайди.

Қирғизистонлик сёсатчи Анвар Ортиқовнинг фикрича, ташвишга ўрин йўқ:

- Менингча, Ўзбекистон Қирғизистон халқи танлаган қонуний ҳокимият билан ишлайди, ички ишларига ҳеч қачон аралашмайди. Бишкек билан Тошкент муносабатлари шу пайтгача қандай бўлган бўлса, ўшандайлигича қолади, мен бунга ишонаман.

Шунга ўхшаш фикрни Бахтиёр Фаттоҳов ҳам билдирди:

Бахтиёр Фаттоҳов
Бахтиёр Фаттоҳов

- Қирғизистон-Ўзбекистон дўстлик жамиятининг раиси сифатида президентнинг истеъфо берганидан Тошкент-Бишкек муносабатлари ўзгармаса керак, деб ўйлайман. Ҳар эҳтимолга қарши чегараларда эҳтиёткорлик чоралари кўрилса керак, лекин жиддий ўзгариш бўлмайди.

Тошкентлик сиёсатшунос, Марказий Осиё бўйича мутахассис Фарҳод Толиповга кўра, Қирғизистондаги вазият минтақавий ҳамкорлик кўламини торайтириши мумкин:

- Қирғизистонда юзага келган вазият, афсуски, нафақат Тошкент – Бишкек муносабатларига, балки бошқа йўналишлардаги вазиятга ҳам салбий таъсир қилмай қолмайди. Муносабатлар бузилади, демоқчи эмасман, лекин истаймизми-йўқми, тартибсизликлар ҳар қандай ҳамкорлик кўламини торайтирмай қолмайди. Демак, биз маълум вақтгача эҳтиёткорлик билан кузатиб туришимизга тўғри келади.

Эртага нима бўлади?

Сиёсатчи Анвар Ортиқовнинг Озодликка айтишича, воқеалар тезда изга тушиб кетишини кутиш қийин.

- Бир-кундаёқ вазият изга тушиб кетади, деб ўйламайман. Яхшиликка умид қилайлик.

Садир Жапаровнинг бош вазир этиб тайинланиши ва Сооронбай Жээнбековнинг истеъфо беришига эришган Бишкекдаги намойишчилар эндиликда парламент спикери Қанат Исаевнинг ҳам истеъфосини талаб қилмоқда.

Канат Исаев
Канат Исаев

5 октябрда бошланган норозилик намойишлари фонида мамлакат парламенти – Жўғўрқу Кенеш спикери алмашган – бу лавозимга 14 октябрь куни Канат Исаев сайланганди.

Амалдаги тартиб бўйича Қирғизистонда президент истеъфога чиқса, унинг ваколатлари парламент спикерига ўтиши керак. Агар спикер ҳам истеъфо бергудай бўлса, давлат раҳбари ваколатлари бош вазирга ўтади. Бош вазир лавозимини эса, шу кунда Садир Жапаров эгаллаб турибди.

51 ёшли Садир Жапаров 6 октябрь куни тарафдорлари уни қамоқдан озод қилгунига қадар 11 ярим йиллик жазо муддатини ўтаётганди.

У 2017 йилда ҳукумат расмийсини гаровга олиш ва бошқа жиноятларда айбланиб, ҳукм этилган.

XS
SM
MD
LG