Айирмачи Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этар экан, Вашингтонда бўлиб ўтиши кутилаётган музокаралар давомида можарога тинч ечим топилишига бўлган умид сусайиб бормоқда.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев тинчлик келишуви имзоланиши эҳтимоли жуда оз эканлигини таъкидлади. Аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян халққа қилган мурожаатида Тоғли Қорабоғдаги урушни дипломатик йўл билан тўхтатиш имкониятини кўрмаётгани ҳақида гапирган эди.
Шунга қарамай Россия президенти Владимир Путин АҚШ Москва билан ҳамкорликда можарога ечим топишига умид қилишини айтди.
«Америкадаги ҳамкорларимиз биз билан ҳамжиҳатликда чора кўришига ҳамда ечим топишга кўмаклашишига ишонаман», - деди Россия етакчиси.
Россия воситачилигида эришилган икки ўт очишни тўхтатиш келишуви минтақадаги ҳарбий тўқнашувларни тўхтата олмади.
23 октябрь куни Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов ҳамда Арманистон ташқи ишлар вазири Зоҳраб Мнацаканян Вашингтонда АҚШ давлат котиби Майк Пенс билан учрашади. Аммо Байрамов ва Мнацаканян юзма-юз учрашмайди.
Расман Озарбайжон таркибига кирувчи, аммо этник арманлар бошқариб келаётган Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофида тўқнашувлар 27 сентябрь куни бошланиб кетган эди. Бугунга қадар можаро юзлаб одам умрига зомин бўлди.
22 октябрь куни Тоғли Қорабоғдаги арманлар жангларда нобуд бўлган навбатдаги 26 нафар аскар исмини эълон қилдилар. Бу билан ҳалок бўлган арман аскарлар сони 897 га етди.
Озарбайжон эса 61 нафар оддий фуқаро ҳалок бўлганини, 282 нафар одам жароҳат олганини билдирди. Расмий Боку ҳарбий йўқотишларини очиқлагани йўқ.
22 октябрь куни Путин Москва ҳисобларига кўра, жангларда бугунга қадар 5 мингга яқин одам нобуд бўлганини айтди.
Алиев Тоғли Қорабоғ ҳамда унинг атрофидаги етти туман Озарбайжонга қайтарилишини талаб қилмоқда. Президент бу масала Вашингтондаги музокаралар давомида кўтарилишини айтди.
Алиев, шунингдек, Тоғли Қорабоғда арманлар «маданий автономияси» ташкил этиш эҳтимоли мавжудлигини айтди.
АзТВга берган интервьюсида президент «Европанинг ривожланган давлатлари»ни мисол қилиб келтирган ҳолда, бу давлатларда «муниципалитетлар ва жамоалар ўз ҳудудлари доирасида муайян ҳуқуқларга эга экани»ни айтди.
Озарбайжон тўқнашувларда бир неча ҳудуд бошқарувини қўлга киритганини иддао қилмоқда.
22 октябрь куни Алиев Озарбайжон қўшинлари Эрон билан чегарадош ҳудудни қўлга киритганини таъкидлади. Аммо Арманистон буни рад этмоқда.
Пашинян 22 октябрь куни «Интерфакс» агентлигига берган интервьюсида ҳудудга тинчликпарвар кучлар, жумладан, Россия қўшинлари киритилишига қарши эмаслигини айтди.
Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Ўшандан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади. Шу сабабдан юз минглаб этник озарбайжон уруш қочқинлари бўлиб қолмоқда.