Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:32

Сайлов арафасида рус ҳакерлари АҚШнинг қатор штатлари ҳукуматлари компьютер тармоқларига ҳужум уюштирди


АҚШ ҳукуматининг иддао қилишича, Россия ҳукумати молиялаштирган ҳакерлар гуруҳи кейинги ҳафталар давомида ўнлаб штатлар ва маҳаллий ҳукуматлар компьютер тармоқларига ҳужум уюштирган ва камида икки сервердан маълумот ўғирлаган.

Федерал қидирув бюроси ҳамда Киберхавфсизлик ҳамда инфратузилма хавфсизлиги агентлиги 22 октябрь куни эълон қилган қўшма билдирувда ҳакерлар сентябрь ойидан бери амалга оширган ҳужумлар ҳақида сўз юритилади.

Билдирувга кўра, ҳозирча ҳакерлар авиация ва таълим соҳалари, сайлов жараёни ёки ҳукумат фаолиятини издан чақиришга уринганини кўрсатувчи маълумот йўқ.

«Шундай бўлса-да, улар келажакда бузғунчилик қилиш, АҚШ сиёсати ва ҳаракатларига таъсир кўрсатиш ёки штат ва маҳаллий ҳукуматларни делигитимлаштиришга уринаётган бўлиши мумкин», дейилади билдирувда.

Билдирувда ҳужумлар «АҚШдаги қатор нишонларга қарши» эканлиги айтилди, аммо Berserk Bear, Energetic Bear, Dragonfly ва бошқа номлар билан танилган ҳакерлар гуруҳлари айнан кимни нишонга олгани очиқланмади.

Ҳакерлар компьютер тармоқларини бузишга ва камида икки сервердан маълумот ўғирлашга муваффақ бўлган.

АҚШда 3 ноябрь куни президент сайлови бўлиб ўтади. Шу сабабдан АҚШ ҳукумати хорижий давлатларнинг ёлғон маълумот тарқатиш ёки сайловга аралашишга қаратилган ҳаракатларини яқиндан кузатмоқда.

Вашингтон Россияни бу йилги АҚШ сайловларига ҳам аралашишга уринишда айбламоқда. 2016 йилги сайлов арафасида Россия Демократик партия электрон почталарига ҳужум уюштирган ва ижтимоий тармоқларда маълумот кампанияларини ўтказган эди.

Аммо АҚШ расмийлари америкаликлар сайлов жараёнига ишонса бўлишини, ҳакерлар сайлов қоғозларини санаш жараёнига таъсир ўтказа олмаслигини айтишмоқда.

21 октябрь куни Вашингтон Эрон ва Россия АҚШ сайловчилари ҳақида маълумот киритганини ва сайлов арафасида аҳоли фикрини ўзгартиришга уринаётганини иддао қилган эди.

АҚШ Миллий разведка директори Жон Рэтклиффнинг айтишича, Эрон сайловчиларни қўрқитиш, ижтимоий тартибсизлик келтириб чиқариш ва президент Дональд Трампни ёмонотлиқ қилиш мақсадида сохта электрон почта хабарларини юборган.

Унинг сўзларига кўра, Эрон номзодлар ўртасида кескин кураш кетаётган камида тўрт штатда, шу жумладан, Флорида ва Пенсилвания штатларида демократ сайловчиларни қўрқитиш учун электрон почта хабарларини юборган.

Афтидан, сайловчиларни қўрқитиш амалиёти уюштирувчилари давлат рўйхатларидан олинган электрон почта манзилларидан фойдаланган. Штатларнинг сайловчилар ҳақидаги рўйхатлари сайловчининг қайси партияга мансублиги, уй манзили, электрон почта манзили ва телефон рақамлари ҳақида маълумотни ўз ичига олиши мумкин.

Сайловчилар ҳақидаги маълумотни ҳакерлар кибер ҳужум орқали ёки жиноий тармоқлар орқали қўлга киритгани ҳозирча номаълум. Сайловчилар ҳақида айрим маълумотлар оммага маълум ва уларни осонликча топиш мумкин.

Эрон ҳам, Россия ҳам АҚШ иддаоларини рад этмоқда.

XS
SM
MD
LG