Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:29

Фарғонадаги туғруқхонада коррупция "фош" қилинган видео ортидан ҳоким шифокорлар истеъфосини талаб қилиб борди


Фурқат тумани ҳокими Дилмуроджон Солиев туман туғруқхонасидаги коррупциядан дарғазаб.
Фурқат тумани ҳокими Дилмуроджон Солиев туман туғруқхонасидаги коррупциядан дарғазаб.

Фарғона вилоятининг Фурқат тумани Тиббиёт бирлашмаси туғруқхонасида ходимлар суюнчи пули устида талашаётгани акс этган видео ижтимоий тармоққа чиқиб кетиши ортидан туман ҳокими Дилмуроджон Солиев шифокорлар истеъфосини талаб қилиб борган.

29 октябр куни олинган ва Озодликка сиздирилган видеода ҳоким Солиев туғруқхона ходимларидан кескин оҳангда бино ташқарисига чиқишни сўрайди.

"Суюнчи пулини талашадиган ноинсоф. Чақиринг ҳаммасини, жавоб берсин. Олиб чиқинг, жонга тегди булар", - дейди ҳоким видеода.

Ҳоким туғруқхона раҳбариятидан коррупцияга чек қўйишни талаб қилади.

"Оддий йигит, 1 миллион ойлик олади, хотиним туғади, туғруқхонага боролмаяпман, дейди. Бу ёғига мана бу ерга ёзиб қўясизлар, қутиларни ҳам қўясизлар. "Ҳурматли Фурқат тумани халқи. Фарзандлик, набиралик, қизлик, ўғиллик бўлганингиз билан табриклаймиз. Кўнгилдан чиқариб, суюнчи қилмоқчи бўлсангиз врачга тиббиёт ходимига, санитаркага пул берманг. Кўнглингиздан чиқдими мана шу қутиларимизга ташланг." Иккита масжидимиз бор. Ногиронларга берилади", дейди ҳоким..

Фурқат тумани ҳокими туғруқхонадаги коррупциядан дарғазаб
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:10 0:00

Фурқат тумани ҳокими, шунингдек видеода, ўтган йили ўз рафиқаси кўзи ёриганда туғруқхона ходимлари онасидан пул сўраганини иддао қилади.

"Онам келиб бериб қўйибди, мен йўқ эдим. Мана исбот, хотинимни чақираман. Ҳокимлигимни билмасдан олгансизлар", - дейди Дилмуроджон Солиев.

Бир кун олдин Фурқат тумани Тиббиёт бирлашмаси туғруқхонасида ходимлар суюнчи пули устида талашаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқда тарқалган эди.

Видеода шифокорлардан бири: "Менга 20 минг пул берди холос. Ҳаммага 100 минг, 150 мингдан пул берди", дея ҳамкасбларидан нолийди.

Фурқат тумани ҳокими Дилмуроджон Солиев видеони кўриб, ларзага келгани, туғруқхонада коррупция авж олганида ўзини ҳам айбли ҳисоблашини айтади.

"Фурқатни ҳокими бўлиб мана шу еримдан ўтиб кетди. Фарғона вилояти Фурқат туманида суюнчи пулини талашяпти. Мен президентни вакилиман бу ерда, мени айбим сизларни пул олишинг. Мен назорат қилмаганим учун бўляпти. Кечадан бери ухлаганим йўқ. Ўзимни бир суткада совитиб келганим шу. Кеча келганимда ёниб кетарди. Шунинг учун "кадр" (бирлашма кадрлар бўлми бошлиғи назарда тутиляпти- таҳр.) келдими, келган бўлса ҳаммаси ариза ёзади. Бошқа бўлимларга ротация қиласиз. Икки ой синов муддати билан ишласа ишлайди, бўлмаса мен халқни тўхтатиб қололмайман", - дейди Фурқат тумани ҳокими Дилмуроджон Солиев 29 октябр куни олинган видеода.

Озодлик суҳбатлашган Фурқат тумани аҳолиси вакиллари ҳам туғруқхонада коррупция авжига чиққанини айтишади.

Исми очиқланмаслигини сўраган фурқатликлардан бири Озодликка бундай деди:

"Аёлингизни олиб келсангиз 2 миллион билан кириб кетолмайсиз. Шунинг учун Қўқонга бориб туғишяпти, у ерда олмайди. Фурқатда доялар чўнтагингизга ёпишишади. Пул йўқ деса қабул қилмайди. Ўтган йил бир аёл ўлиб қолган.

Бемор туғадиган бўлган, туғруқдан олдин долясини бериши керак бўлган, бермаган, туғруққа тайёр эмассиз деб ўзига ташлаб қўйган кейин ўлиб қолган.

Ҳайрон қоларли томони ҳеч ким буларни ишдан ололмайди".

Коррупция ҳақидаги бу иддаолар ҳамда шифокорлар суюнчи пули устида талашаётгани акс этган видео юзасидан Фурқат тумани тиббиёт бирлашмасидан ҳам Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ҳам дам олиш куни бўлганлиги сабаб изоҳ олиб бўлмади.

Ўзбекистон туғруқхоналарида суюнчи пули олиш анъана тусини олган. Уй йил аввал Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "энг катта порахўрлик туғруқхоналарда", деган эди.

"Буни йиғиштириш керак. Туғруқхоналарда ҳаммаси эскича давом этмоқда. Бу порахўрликни тугатиш шарт. Туғруқхоналарда бу муҳитни йўқ қилмасак, улар порахўрликни ҳаёт нормаси деб қабул қила бошлашди. Албатта туғдирганга пул бериш керак... Қаерда бу ёзилган? Ҳеч қаерда ёзилмаган. Ҳамма норози”, - деган эди Шавкат Мирзиёев 2017 йил феврал ойидаги ҳукумат мажлисида.

XS
SM
MD
LG