Озарбайжон айирмачи Тоғли Қорабоғ атрофидаги ҳудудларни атиги 43 кунда қўлга киритди.
Озарбайжоннинг етти тумани Боку 1990 йиллар бошида Арманистон билан урушда мағлуб бўлганидан кейин, айирмачи арманлар назоратига ўтган эди.
Таҳлилчиларнинг айтишича, Озарбайжон муваффақиятининг уч асосий сабаби бор. Булар техника, тактика ва Туркиядир.
IHS Markit таҳлил маркази ходими Алекс Меликишвилининг сўзларига кўра, бу сафарги уруш Туркия Озарбайжонга кўрсатган ёрдам билан фарқ қилади.
Меликишвили Туркиянинг F-19 қирувчи учоқлари Озарбайжоннинг иккинчи энг йирик шаҳри Ганжада пайдо бўлгани Жанубий Кавказда вазият Озарбайжон фойдасига ўзгарганидан дарак берганини айтди.
Устувор қуроллар
Озарбайжон ўз ҳарбий йўқотишларини очиқламаган бўлса-да, ҳаво ҳужумларини амалга ошириш ҳамда жанг майдонларини разведка қилиш мақсадида Туркия ва Исроилдан сотиб олган юқори технологияли дронлардан фойдаланганини яширмади.
Тоғли Қорабоғда 27 сентябрь куни ҳарбий тўқнашувлар бошланиб кетганидан кейин Озарбайжон Мудофаа вазирлиги эълон қилган дрон кадрларида Бокунинг учувчисиз учоқлари келтириб чиқарган вайронагарчиликларни, хусусан, Арманистон танклари, артиллерия қуроллари, қуруқликдаги истеҳкомларнинг барбод қилинганини ва ҳаттоки Россияда ишлаб чиқарилган С-300 зенит-ракета мажмуаси вайрон бўлганини кўриш мумкин.
Ҳадрут шаҳрида 1992–1994 йиллардаги урушда қатнашган арман ветерани Маргарита Карамян Тоғли Қорабоғда Бокунинг илк ҳарбий юриши давомида 30 та озарбайжон дрони «осмонни қорайтирганини» кўриб лол қолганини айтди.
Карамян бу сафарги уруш 1990 йиллардаги урушдан фарқ қилишини таъкидлаб, этник арман қўшинлари, жумладан, ўз турмуш ўртоғи ва ўғли тез орада дронлардан яширинишни ўрганишга мажбур бўлганини айтди.
Истанбулда жойлашган Иқтисодиёт ва ташқи сиёсатни ўрганиш марказининг Хавфсизлик ва мудофаа тадқиқотлари бўйича дастури директори Жан Касапоғлу жанг майдонида Арманистон кучларини «Озарбайжоннинг технологик устунлиги шошириб қўйганини» айтди.
Касапоғлунинг сўзларига кўра, арман қўшинлари ўзларини Озарбайжоннинг учувчисиз ҳаво воситаларидан ҳимоя қилишлари учун уларда сенсорлар ёки дронларга қарши қуроллар етишсиз бўлган.
«Озарбайжон-арман тўқнашувлари кўрсатган биринчи сабоқ бу – анъанавий қуруқлик бўлинмалари – зирҳли, механизациялашган ва моторли тузилмаларнинг ривожланган учувчисиз уруш қуроллари ва тушунчалари олдида заифлигидир», - дея хулоса қилди у.
Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат арман қўшинларини фронт чизиғидан тартибсиз чекинишга мажбур қилган.
«Очиқ манбали разведка ҳисоботлари бир ой ичида Тоғли Қорабоғдаги арман босқинчи кучлари 175 га яқин асосий тўқнашувда мағлуб бўлганини ҳужжатлаштирди», - деди Касапоғлу.
Бокуда жойлашган Стратегик алоқа маркази таҳлилчиси Фуад Шаҳбазов ҳам Озарбайжон учун жанг майдонидаги энг муҳим устунлик ҳарбий техника бўлганига ишонади.
Шаҳбазовнинг айтишича, Арманистон Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзоси ўлароқ асосан Россиядан қурол-яроғ олишга мажбур.
«Мамлакат арсеналининг тахминан 90–95 фоизи Россияда ишлаб чиқарилган қуролардир», - деди Шаҳбазов Озодлик билан суҳбатда.
«Аммо Озарбайжон Туркиядан ва Исроилдан қурол-аслаҳа олиб келиб, ўз ҳарбий техникасини диверсификация қилишга муваффақ бўлди».
Шаҳбазовнинг таъкидлашича, сўнгги ўн йил ичида Боку нефть ва табиий газ экспортидан тушган даромад ёрдамида НАТОга аъзо давлатлардан қурол сотиб олган.
Унинг сўзларига кўра, Боку харид қилган техника орасида Испаниядан келган антирадар тизимлари, Чехия Республикасидан 2018 йилда сотиб олинган ўзиюрар DANA гаубица артиллерияси ва «Туркияда ишлаб чиқарилган ва яқинда импорт қилинган Bayraktar дронлари» бор.
«Bayraktar дронлари Туркияда ишлаб чиқарилган тўртта ракетани – лазер билан бошқариладиган MAM ракеталарини ташийди», - деди Шаҳбазов.
«Ливия ва Сурияда ишга солинган бу дронлар Россияда ишлаб чиқарилган барча қуролларга қарши жуда самарали эканлигини кўрсатди».
Касапоғлу Озарбайжоннинг ҳарбий устуворлиги фақат дронлар билан чекланмаслигини айтади.
Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон Туркиядан «тўлиқ роботлаштирилган уруш таълимоти ва амалиётлар тушунчаси» ҳақида ҳам ўрганган.
Касапоғлу Jamestown Foundation учун ёзган мақоласида «Қизиғи шундаки, Озарбайжоннинг дрон кампанияси 2020 йил бошида Туркия Суриядаги араб армиясига қарши амалга оширган “Баҳор қалқони” операциясига жуда ўхшарди», деб ёзди.
Унинг фикрича, бу ҳақда Озарбайжон артиллерияси ва ракета отувчи тизимлари разведка дронлари билан ҳамкорликда иш тутганидан хулоса қилиш мумкин.
Шаҳбазовнинг айтишича, Озарбайжон совет даврида ишлаб чиқарилган Антонов АН-2 учоқларини қурбон қилиб, арман мудофаа тизимлари позицияларини аниқлаган.
«Улар учоқларни дронларга ўхшатиш учун камуфляж тайёрладилар», - деб тушунтирди Шаҳбазов.
Унинг сўзларига кўра, Боку АН-2 учоқларини узоқдан бошқариладиган қилиб ўзгартирган. Арман қўшинлари уларни дрон деб ўйлаб уриб туширганидан кейин, юқорироқда учаётган дронлар арман ракета тизимлари позицияларини аниқлаб, уларга зарба берган.
НАТО уруш тактикалари
Telegram каби ижтимоий медиа платформаларида улашилган кадрлар – афтидан уларни Озарбайжон аскарлари тарқатган – Боку 2001 йилдан бери Афғонистон тоғларида АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари Толибонга қарши ишлатиб келаётган тактикасидан сабоқ олганини хулоса қилиш мумкин.
Ушбу операцияларда НАТО қўшинлари XX асрнинг анъанавий уруш усулларига амал қилган ҳолда минглаб ҳарбийни бир ерга тўпламади. Бунинг ўрнига АҚШнинг кичик ихтисослашган махсус кучлари – коммандо гуруҳлари Афғонистон ҳудудида ва Покистон билан 3 300 километрлик чегара бўйлаб «қидириб топиш ва йўқ қилиш» амалиётларини бажарди.
Озарбайжон Тоғли Қорабоғ жануби-шарқида амалга оширган юриши давомида шунга ўхшаш тактикадан фойдаланди. Хусусан, дрон ҳужумлари натижасида Арманистон мудофаа чизиғида бўшлиқлар пайдо бўлганидан сўнг, Боку коммандо гуруҳлари ўрмонларга кириб, шаҳар ва қишлоқлар атрофидаги баланд жойларни эгаллаб олди.
Шаҳбазов ҳам Озарбайжон АҚШ ва Афғонистондаги НАТО кучлари томонидан қўлланилган коммандо тактикасини Тоғли Қорабоғдаги сўнгги жангларда ишга солди, деб ҳисоблайди.
«Озарбайжон махсус кучлари кўп йиллар давомида асосан Туркия ҳарбий академияларида ва Покистон ҳарбий академияларида тайёргарликдан ўтди», - деди Шаҳбазов Озодлик билан суҳбатда.
«Биз Тоғли Қорабоғдаги урушда ушбу тактика қўлланилганига гувоҳ бўлдик».
«Озарбайжон 1990 йиллардаги йўқотишларидан ва 2016 йилда арман қўшинларига қарши тўрт кунлик урушдан яхши сабоқ олди», - дея сўзини давом эттирди Шаҳбазов.
«Ўтган жанглардан фарқли ўлароқ, бу сафар Боку алоқа линияси бўйлаб жуда фаол бўлган кичик саботажчи гуруҳларни сафарбар қилди».
Ҳафта бошида Россия воситачилигида Арманистон ва Озарбайжон тинчлик сулҳини имзолади. Унга биноан, Россия минтақага ўз тинчликпарвар қўшинларини юборади. Озарбайжон эгаллаб олга ҳудудлар эса Боку назоратида қолади. Шунингдек, Арманистон бошқа бир неча ҳудудни бўшатиши керак бўлади. Битим Арманистон учун мағлубият белгиси ўлароқ кўрилмоқда.