Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:44

Икки болали ногирон аёлга аталган уй сенатор собиқ ҳайдовчисига расмийлаштирилди


Дилором Ризақуловага берилган уй Сенатор ҳайдовчисига расмийлаштирилган.
Дилором Ризақуловага берилган уй Сенатор ҳайдовчисига расмийлаштирилган.

Самарқанд вилояти ҳокими икки нафар ёш боласи бор ногирон аёлга ваъда қилган уй Олий Мажлис Сенатори Гавҳар Алимованинг собиқ ҳайдовчисига аллақачон расмийлаштириб берилганлиги маълум бўлди. Озодлик унга тақдим этилган расмий ҳужжатлар ва гувоҳларнинг берган маълумотига асосан ўтқазган суриштируви давомида ушбу хулосага келди. Бугунги кунгача шу уйда икки фарзанди билан яшаб келаётган ногирон аёлдан хонадонни тарк этиш сўраляпти.

Самарқанд шаҳри “Бахтли ҳаёт” маҳаллсида яшаб келаётган Дилором Ризақулова Озодликка мурожаат қилиб шаҳар ҳокимлиги вакиллари вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов топшириғи билан калити берилган хонадондан чиқишни талаб қилаётганлигини билдирди.

“Оилавий жанжаллар туфайли эрим мени икки нафар болам билан кўчага ҳайдаб юборди. Биргаликда кредитга олган уймизни ҳам ҳокимликка қайта топшириб ўзи номаълум аёл билан бошқа вилоятга чиқиб кетди. Тўрт ойлар чамаси болаларим билан кўчада ётишга мажбур бўлдик. Скамейка ва ертўлаларда тунаган вақтларимиз ҳам бўлган. Шундан сўнг, 2019 йил май ойида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов қабулларига ёрдам сўраб бордим. Ҳоким менга эрим билан олган уйимиз калитини қайтариб бериб масьулларга уйни мени номимга кредит орқали расмийлаштиришни буюрди. Бугунги кунга келиб эса ушбу уй бошқа кишига расмийлаштирилганлигини айтиб, бизни ҳокимлик томонидан вақтинчалик ажратилган бошқа уйга кўчишимизни талаб қилмоқдалар. Карантин пайтида бизни огоҳлантирмасдан уйни бошқа кишига бериб юбориши мумкин эмас эди” – деб эътироз бидирди ногирон аёл.

Дилором Ризақулова - уч фарзанднинг онаси.
Дилором Ризақулова - уч фарзанднинг онаси.

Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри ҳокими ўринбосари Рустам Олимов томонидан имзо қўйилган хужжатга асосан фуқаро Дилором Ризақулова яшаб келаётган уй ҳокимлик томонидан аллақачон Бекзод исмли фуқаро номига расмийлаштирилганлиги кўрсатилган.

“Бугунги кунда ушбу хонадон Самарқанд шаҳрида кўп квартирали уйлардаги хонадонларни бириктириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича ҳудудий комиссиянинг 2020 йил 18 мартдаги 01-33/55-сонли йиғилиш баёнининг 74-бандига асосан Аширов Бекзод Хамидуллаевич номига бириктириб берилган” – деб кўрсатилган расмий ҳужжатда.

Ҳолатдан хабардор шаҳар ҳокими мулозимнинг шахси очиқланмаслик шарти билан берган маълумотига кўра, ногиронга ваъда қилинган уй Самарканд вилоят ҳокимлиги тасарруфидаги давлат рақами 30 209 SAA бўлган оқ "Малибу" автомобилининг ҳайдовчисига расмийлаштирилган.

Манбанинг қўшимча қилишича ушбу автомобил вилоят ҳокимининг ўринбосари Самарқанд вилояти Хотин-қизлар қўмитаси раисининг хизмат автомобили ҳам ҳисобланади.

Самарканд вилоят ҳокими матбуот хизмати раҳбари Манучехр Мирзаев 30 209 SAA рақамли оқ рангли "Малибу" автомобили ҳокимлик балансида мавжудлиги ва ундан Хотин-қизлар қўмитаси раиси фойдаланиб келганлигини тасдиқлади.

Дилором Ризақулова - уч фарзанднинг онаси.
Дилором Ризақулова - уч фарзанднинг онаси.

Бундан ташқари Мирзаев Бегзод Аширов исмли шахснинг Вилоят ҳокимлиги автохўжалиги ҳайдовчиси вазифасида ишлаб келганлигини тасдиқлади лекин бугунга келиб унинг ўз аризасига биноан ишдан кетганлигини билдирди.

Вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимини 2018 йил декабр ойидан 2020 йилнинг феврал ойига қадар Олий Мажлис Сенатори Гавҳар Алимова эгаллаб келганлиги сабаб Бегзод Аширов уй-жой учун ариза берган пайтда Сенаторнинг собиқ ҳайдовчиси бўлганлигини тахмин қилиш мумкин.

Вилоят ҳокимлиги ҳайдовчининг ишдан кетганлиги тўғрисидаги важлари ҳам ўз тасдиғини топмади.

Озодликнинг бир биридан мустақил икки манбаси ҳам унинг бугунги кунда ҳам 30 209 SAA автомобили ҳайдовчиси эканлиги ва ушбу автомобилдан Вилоят ҳокими хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси Джумаева Сайёра Орзиевна фойдаланиб келаётганлиги билдирилди.

Бугунги кунда Каттақўрғон шаҳар ҳокими вазифасида фаолият олиб бораётган Сенатор Гавҳар Алимованинг матбуот котиби бўлган Жамшид Носиров Озодлик билан сухбатда Алимованинг 30 209 SAA автомобилидан ҳокимликда ишлаган пайти фойдаланганлигини тасдиқлади лекин бошқа тафсилотлар бўйча изоҳ бера олмаслигини билдирди.

Озодлик Гавҳар Алимованинг ўзи билан боғланиб ҳолат юзасидан изоҳ ола олмади.

Маълумот учун, Гавҳар Алимова Олий Мажлис Сенатида Регламент ва одоб комиссияси раисининг ўринбосари сифатида ҳам фаолият кўрсатади.

XS
SM
MD
LG