Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:10

Иркутскдаги университет декани Навальнийнинг заҳарланишини оқлади


Иркутск шаҳрида 23 ва 31 январь кунлари ўтказилган норозилик акцияларида иштирок этганлардан 74 киши маъмурий жавобгарликка тортилган.
Иркутск шаҳрида 23 ва 31 январь кунлари ўтказилган норозилик акцияларида иштирок этганлардан 74 киши маъмурий жавобгарликка тортилган.

Иркутск давлат қишлоқ хўжалиги университети биотехнологиялар факультети декани Ольга Илина Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийга қарши кимёвий қурол ишлатилганини оқлашга уринди. Декан сиёсий фаоллиги билан танилган талаба Евгения Иванченконинг “ақлини киргизиб қўйиш” учун “тарбиявий соат” ўтказган.

Факультет раҳбари талабага жиддий руҳда танбеҳ берган суҳбат аудиоси қачон ёзиб олингани маълум эмас. Аммо тасма илк бор 18 февраль куни Навальнийнинг Иркутскдаги минтақавий штаби томонидан эълон қилинди.

“Кимёвий қуроллар – ҳукумат тийиб туриш сиёсатининг бир қисмидир. Қандай дунёда яшаётганимизни билсанг керак. Биз давлатчилигимизни ҳимоя қилишимиз шарт. Шу сабаб турли қуроллар ишлаб чиқарамиз. Навальнийга ўхшаган кимсалар эса бизга ғанимдир. Улар Россияда фитна чиқармоқчи”, – дейди Ольга Илина.

Иванченко бунга жавобан “Россияда вазият аллақачон издан чиқиб бўлган” дея эътироз билдиради. Декан эса Навальний каби шахслар сувни лойқалатаётганидан ёзғиради.

“Вазият ҳозирда барқарор. Лекин Навальний каби кимсалар уни издан чиқармоқчи. Ҳукуматимиз бунга йўл қўймаслик учун тўғри чора-тадбирлар кўряпти. Қара, улар Украинада нима қилди!” – дейди декан хоним.

Суҳбат асносида таълим мансабдори россияпараст президент Виктор Янукович ҳокимиятдан кетказилган 2014 йилдаги норозилик намойишлари ортида АҚШ турганини иддао қилади.

“Мана энди Беларусда нима бўляпти?!” дейди у қўшни мамлакатда президент сайловидан кейин давом этаётган норозилик акцияларини назарда тутиб.

Иванченко сиёсий фаоллиги учун университет маъмурияти томонидан жазоландими, йўқми – ҳозирча номаълум. Университет маъмурияти Озод Европа/Озодлик радиосига изоҳ беришдан бош тортди. Маҳаллий нашрларга эса декан О.Илина айни пайтда “таътилда” экани айтилган.

Жорий йил январь ойида бутун Россия бўйлаб бўлиб ўтган норозилик намойишлари чоғида минглаб одам ҳибсга олинган. Иркутскнинг ўзида камида 74 нафар намойишчига нисбатан маъмурий жазо тайинланган.

Намойишларда иштирок этган кўплаб фаоллар таъқиб ва тазйиқлар кучайганини айтмоқда.

20 февраль куни Доғистонда Навальний тарафдорларидан Руслан Аблякимов калтаклаб кетилган. Краснодар шаҳрида яна бир фаол Анастасия Панченкога нисбатан “ноанъанавий жинсий муносабатларни тарғиб қилгани учун” маъмурий иш қўзғатилган. Панченко 14 февраль куни ижтимоий тармоқда Навальний ҳимоясига бағишлаб “Севги – қўрқувдан кучлироқдир” шиори остида бир жинсга мансуб жуфтлар ўпишаётгани акс этган суратлар эълон қилган эди. Новосибирск шаҳрида 19 февраль куни номаълум кимсалар Навальний тарафдорининг машинасини ёқиб юборган. Ички ишлар вазирлиги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари намойишларга бош қўшган айрим ширкатларда тафтиш ўтказган.

XS
SM
MD
LG