Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон мухолифатчи журналист Жамол Хашоггини ўлдиришни буюргани ёки ҳеч бўлмаганда суиқасдни маъқуллагани эҳтимоли катта. Америка махсус хизматларининг эълон қилиниши кутилаётган ҳисоботида шундай хулосага келинган. Бу ҳақда ҳисобот мазмуни билан танишиб чиққан матбуот нашрлари хабар қилди.
The Washington Post газетаси колумнисти Жамол Хашогги 2018 йил октябрида Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида ўлдирилганди. Ҳодисадан сўнг Хашоггининг жасади бўлакларга бўлиниб, консуллик биносидан олиб чиқиб кетилган ва ҳалигача топилган эмас.
Хашогги Саудия Арабистони расмийлари, хусусан, шаҳзода Муҳаммад сиёсатини танқид қилиб келган.
Жиноятда шаҳзода Муҳаммад қўли борлиги ҳақидаги гумонлар қотиллик ортиданоқ пайдо бўлган эди. Шаҳзоданинг ўзи Хашогги ўлимига алоқадор эканини қатъиян рад этиб келади.
Бошида Саудия Арабистони қотиллик содир этилганини рад этишга уринди, аммо кейинроқ жиноят ўз элчихонаси ичида содир бўлганини тан олди.
Консулликда Хашоггини ўлдириб, танасини майдалаган Саудия разведкаси зобитлари ўзбошимчалик билан чора кўргани иддао қилинди ва улар судланди.
2020 йилнинг май ойида Хашогги оиласи қотилларни афв қилиш бўйича баёнот билан чиқди. Қироллик қонунчилигига кўра, бундай ҳолатларда айбланувчига ўлим жазоси берилиши мумкин эмас. Натижада мазкур иш бўйича беш киши 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. Яна уч кишига 7 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси тайинланди.
Хабарларга кўра, АҚШ разведкаси ҳозирлаган ҳисоботда шаҳзоданинг жиноятга алоқадорлигини кўрсатувчи тўғридан-тўғри далил келтирилмаган, ҳисобот муаллифлари бундай амалиётни қудратли шаҳзода розилигисиз амалга ошириб бўлмаслигини хулоса қилган.
Маълум бўлишича, АҚШ президенти Жо Байден ҳисобот мазмуни билан танишиб чиққан ва уни қирол Салмон билан телефон орқали муҳокама қилмоқчи. Аввалроқ Байден АҚШнинг минтақадаги иттифоқчиларидан бири бўлган Ар-Риёд билан муносабатларни «қайта кўриб чиқиш» зарурлигини айтган эди.
Дональд Трамп маъмурияти даврида Хашогги ўлдирилгани ва Саудия Арабистони Яманда тинчи аҳолига ҳаводан ҳужум қилганидан кейин ҳам Вашингтон – Ар-Риёд алоқалари ўзгармаган эди. Байденнинг таъкидлашича, АҚШ Ямандаги можарода Ар-Риёдни қўллаб-қувватлашни тўхтатади.
Пайшанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири билан телефон орқали суҳбатлашгани хабар қилинган эди. Дипломатлар АҚШ разведка хизматлари ҳисоботни муҳокама қилган-қилмагани маълум эмас.