Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида саратонга қарши ягона радиотерапия ускунаси сўнгги олти ой ичида учинчи марта ишдан чиққан.
Озодликка бу ҳақда хабар йўллаган беморларга кўра¸ ускунанинг бот-бот ишдан чиқиши сабаб муолажалар кечикмоқда.
Нур воситасида даволанаётган айрим саратон беморлари орасида аҳволи оғирлашганлари ҳам борлиги айтилади.
Баҳоси қарийб 3 миллион АҚШ долларига тенг Elekta Infinity чизиқли тезлаткич нур бериш ускунаси Тошкентдаги марказга 2018 йилда Британиядан олиб келиб ўрнатилганди.
Марказ бош шифокори Одилжон Аҳмедов 9 март куни Озодлик билан суҳбатда ускунанинг муҳим детали ишдан чиққани, уни четдан олдириб келиш чўзилаётганини айтди.
"Линейний ускоритель, жуда қиммат ва жуда мураккаб аппарат, 2 миллион 800минг туради. Муаммо шуки, бизда буни сервирс маркази йўқ. Бузилса эҳтиёт қисмларини четдан олдиришга тўғри келади. Шунга кутяпмиз. Худо хоҳласа, янаги ҳафтага тузатилади”, - деди Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Одилжон Аҳмедов.
Муаммо фақат ускунанинг бузилгани эмас
Тошкентлик Регина Нигматулина бош мия саратонига чалинган турмуш ўртоғи Марат Нигматулин нур бериш ускунаси бузилиб қолгани сабаб бир ойдан бери зарур муолажани ололмаётганини айтади.
Нигматулинага кўра, муаммо фақат радиотерапия ускунасининг бузилганида эмас.
“Сентябрь ойида эримнинг бошида ўсимта борлиги аниқланди. Радиотерапия қилишлари керак эди. Икки ой кутдик. Сабаби бош мия МРТсини қилиш учун “Магнилек” препарати лозим эди. Уни Беларусдан келишини кутдик. Ўзбекистонда бу препарат йўқ. Препарат ҳал бўлди, энди терапияни бошлаймиз, деб турганимизда аппарат бузилиб қолди. Бу аппарат билан муолажа ёрдамида ўсимтанинг ўсишини секинлаштириш ёки тўхтатиш мумкин. Ҳозир шу ускунанинг тузатилиши биз учун ҳаёт-мамот масаласи бўлиб турибди”, - дейди Нигматулина.
Тошкентдаги Онкология марказида Марат Нигматулин қатори ўнлаб бемор нурланиш аппаратининг тузалишига кўз тиккан.
Мутахассисларга кўра, беморлардан кўпчилигининг онкологик касалликдан тузалиш-тузалмаслиги айнан ўз вақтида қилинадиган радиотерапия муолажасига боғлиқ.
Шулардан бири кўкрак бези саратонига чалинган 36 ёшли Насиба Мирзаевадир.
“Нурланиш аппаратида ўттизта курс лечения олишим керак, лекин ололмаяпман, бузилган. Агар муолажани вақтида олмасам, ўсимта ривожланаверади. Менинг ёнимда йигирмадан ортиқ бемор бор, улар ҳам шу аппаратнинг тузалишига кўз тикиб ўтиришибди, - дейди Мирзаева.
“18-20 соатлаб тинимсиз ишлайди”
Марказда станционар шароитда даволанаётган беморлар Озодликка радиотерапия ускунасининг ҳар кун тунги соат 1 гача ишлатилганига гувоҳ бўлганликларини айтишган.
Регина Нигматулина ҳам буни тасдиқлайди.
“Кунига 18-20 соатлаб тинимсиз ишлайди. Чунки аппарат битта, касаллар кўп. Нагрузка катта, дош беролмаяпти афтидан ”, - дейди Регина Нигматулина.
Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Одилжон Аҳмедов Ўзбекистоннинг 6та жойида шу функцияни бажарадиган радиотерапия ускунаси ўрнатилгани, нур муолажаси жуда зарур бўлган беморлар марказнинг бошқа бўлимларига жўнатилаётганини айтади.
“Шу аппарат олтита жойда бор. Функцияси ҳудди шу. Бухоро, Қорақалпоғистон, Сирдарё, Жиззах, Тошкентда. Марказимиздагидай эмаску, лекин функцияси бир хил. Жуда шошилинч беморлар бўлса, уларни шу бўлимларимизга юборяпмиз. Лекин узоғи билан келаси ҳафта тузатилади”, - дейди Одилжон Аҳмедов Озодлик билан суҳбатда.
Аммо Регина Нигматулина таъкидлашича, эрини даволаётган врач бошқа бўлимлардаги нурланиш ускунаси унга тўғри келмаслигини айтган.
“Тошкент шаҳар бўлимида ҳам бор экан шундай ускуна. Лекин врач бошқача уровень аппарат деди. Бизга фақат Республика Онкология марказидаги ускоритель тўғри келар экан”, - дейди Нигматулина.
Етакчи марказ
Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Марказий Осиёдаги саратонга қарши етакчи марказлардан саналади.
Ўзбекистоннинг чекка вилоятлари ва қўшни давлатлардан беморлар радиотерапия билан даволаниш илинжида шу ерга келишади.
Озодлик боғланган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозими Онкология марказида саратонга чалинган беморлар учун ягона радиотерапия ускунасининг ишдан чиққани ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.
Радиотерапия муолажаси давомида тананинг маълум бир қисмидаги саратон ҳужайраларига махсус нур юборилади.
У саратоннинг кўплаб турларида қўлланилади. Соғлом ҳужайралар зарардан сўнг тикланиши мумкин, аммо саратон ҳужайраси ўлади.
Ўзбекистоннинг айрим шифохоналарида тиббий ускуналарнинг ишдан чиқиши фожиали якун топган.
Ўтган йил кунида Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги COVID клиникасида бир кунда сунъий нафас олиш қурилмасига уланган тўрт бемор ўлгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.
2019 йил Самарқанд Шошилинч тез тиббий ёрдам шифохонасидаги давлатга қарашли ягона гемодиализ бўлимидаги носозликлар туфайли эса буйрак етишмовчилиги касалига чалинган 160 дан ортиқ бемор бошқа вилоятларга кўчирилганди.