Ашхободликларининг айтишича, итларнинг Алабай зотига бағишланган байрам арафасида шаҳар маъмурияти қаровсиз ит ва мушукларни аёвсиз қирмоқда.
Яқинда президент Гурбангули Бердимуҳамедов апрель ойининг сўнгги якшанбасини Алабай итлари куни деб эълон қилган эди.
Алабай халқаро миқёсда Марказий Осиё чўпон итлари, ўзбеклар орасида эса бўрибосар ўлароқ маълум бўлган ит зоти бўлиб, ёввош, серҳаракат ва жасур ит ўлароқ шуҳрат қозонган.
Туркман алабайи бошқа бўрибосарлар каби чўпонлар томонидан чорвани қўриқлашда ва ҳайвонларни йиртқичлардан ҳимоя қилишда ишлатилган. Итнинг бу зоти бўйи 70 см ва оғирлиги 80 килогача боради, жуни қалин бўлгани боис совуққа чидамли.
Ашхободликлар Озодликка шаҳар маъмурлари биринчи навбатда қаровсиз жониворларни нишонга олаётган бўлса-да, айрим ҳолатларда эгаси бор ит ва мушукларни ҳам олиб кетаётганидан шикоят қилдилар.
Уларнинг айтишича, Ашхобод марказидан узоқда жойлашган туманларда санитария ходимлари тез-тез кўп қаватли биноларда рейд уюштириб, ит ва мушукларни олиб кетмоқда.
Маҳаллий аҳоли сўзларига кўра, бундай отрядлар томонидан йўқ қилинган ҳайвонлар жасадлари шаҳар ахлатхоналарига ташланмоқда.
Сўнгги ҳафталарда Нурмуҳаммед Андалиб кўчаси яқинидаги ҳудудлар қаровсиз итлардан бутунлай тозаланган. Ушбу йўлдан президентнинг ўғли Сердар Бердимуҳаммадов ишга қатнайди. У Халқаро алабай уюшмасининг раҳбаридир.
Йил бошида Туркманистон Олий назорат палатаси раиси этиб тайинланган Бердимуҳамедов келажакда отаси ўрнини эгаллаши тахмин қилинмоқда.
Кейинги ойга белгиланган байрамни Халқаро алабай уюшмаси уюштиради.
Танқидчилар байрамга ажратилган маблағлар фуқаролар ҳаётини яхшилашга сарфланиши кераклигини айтиб келади. Туркманистон халқининг аксарияти қашшоқликда яшайди.
Америка итбоқарлар клуби бўрибосарларни «бугунги кунда мавжуд бўлган энг қадимги итлар гуруҳи» деб таърифлайди. Клубга кўра, «бугунги зотларнинг кўпчилигидан фарқли ўлароқ, Марказий Осиё чўпон итлари инсон томонидан яратилган ёки бирон муайян шахс ёки мамлакат томонидан яратилган эмас».
Ашхободликлар исмларини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка шаҳар ходимлари маҳаллий ўспиринларга мушук ва итларга «заҳарланган овқат, масалан, нон ёки колбаса ташлаш учун» пул бераётганини сўзлаб бердилар.
Озодликка гапирган ашхободликларнинг бири:
«Улар заҳарланган колбаса ва балиқларни одамлар итлари билан сайр қиладиган жойларда қолдирадилар ёки заҳарланган егуликларни уй ҳайвонлари эгалари эшиги остига ташлайдилар», - деди.
Туркманистон расмийлари Ашхобод ва бошқа шаҳарларда қаровсиз ҳайвонларни шафқатсизлик билан йўқ қилиб келади.
Аммо Бердимуҳамедов халққа ўзини ҳайвонларни севувчи раҳбар ўлароқ кўрсатиб келади.
Ўтган йилнинг ноябрида Ашхободда алабайга улкан олтин ҳайкал ўрнатилган эди.