Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:58

Судсиз ва терговсиз қатллар. Собиқ чечен полициячиси Қодиров режимининг жиноятлари ҳақида сўзлаб берди


Чеченистон пойтахти Грозний шаҳри.
Чеченистон пойтахти Грозний шаҳри.

Чеченистонда машҳур Аҳмад Қодиров номидаги полкнинг собиқ катта сержанти Сулаймон Гезмахмаев “Новая газета” нашрига полк ҳудудидаги ертўлаларда одамлар қийноққа солиниши, ҳатто судсиз-терговсиз қатл қилиниши ҳақида сўзлаб берди.

“Новая газета” 2017 йил январида Чеченистонда кўплаб кишиларнинг судсиз жазолангани юзасидан бир неча йилдан бери суриштирув олиб бормоқда. Нашрга кўра, ўшанда чечен ҳукумати камида 27 кишини ўлдиртирган. Гезмахмаев ана шу воқеалар ҳақида матбуотга гапириб берган биринчи гувоҳдир.

“8” рақамли бинода нималар бўлганди?

2016 йил, 18 декабрга ўтар кечаси Грознийда бир неча полициячи ҳужумга учради. Отишма бўлди. Ҳукуматга кўра, ҳужум қилганлар куч ишлатар ходимларнинг қурол-аслаҳасини тортиб олмоқчи бўлишган. Эртасига Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳужум қилганлар “қўлга олинди ва зарарсизлантирилди”, деб эълон қилди.

Кейинги бир неча ҳафта давомида “силовик”лар ана шу ҳужумларга алоқадорликда гумон қилиб ўнлаб кишини ҳибс қилди. Улардан бир қисми қўйиб юборилди, айримлари эса суд қилиниб, қамоқхоналарга жўнатилди. Яна 27 киши қолди. “Новая газета” илк бор 2017 йил ёзда уларнинг қўлга олинганларидан сўнг қатл этилган бўлишлари мумкинлиги тўғрисида мақола чоп этди ва Россия Федерацияси Тергов қўмитасига мурожаат қилиб, маълумотни ўрганишни талаб қилди. Бироқ мазкур ҳолат юзасидан бирон жиноят иши очилгани йўқ.

Эҳтимолий қатллардан бир неча ой ўтиб, Қодиров номидаги полкнинг катта сержанти, ўша воқеаларда бевосита иштирок этган Сулаймон Гезмахмаев хизматдан бўшади. Ва у ертўлаларда тутқунлар қандай азобларга гирифтор қилингани ҳақида сўзлаб берди.

Ток билан қийнаганда кўпинча механик йўл билан электр ҳосил қилувчи дастакчали, кичкина махсус қурилмадан фойдаланишади.

“Ток билан қийнаганда кўпинча механик йўл билан электр ҳосил қилувчи дастакчали, кичкина махсус қурилмадан фойдаланишади. Бир неча соат узлуксиз қийнашади, сўнгра “дам” беришади, — дея ҳикоя қилади “Новая газета” суҳбатдоши. — Агар маҳбус иқрор бўлмаса, бир-икки соат ўтгач қийноқлар қайтадан бошланади ва у то айбига иқрор бўлгунича ёки ўлгунича давом этади”.

Бу воқеалар Грозний шаҳри чеккасида, Қодиров номидаги 2-патрул-пост хизмати полки ҳудудида юз берган. “Новая газета” сўровига биноан Тергов қўмитаси келиб, бу ерни текширган. Нашр текширув натижалари акс этган режани қўлга киритиб, терговчилар негадир “8” рақами билан белгиланган бинони кўздан кечиришмаганини аниқлайди. Гезмахмаевнинг сўзларига кўра, бу спорт зали бўлиб, тутқунлар худди ўша ерга келтирилган.

Бино ертўласи хоналарга айрилган бўлиб, душхона ва хизмат хоналарида ўнлаб маҳбуслар сақланган, ҳар бир хонада шифтнинг қоқ марказига темир илгак қотирилган. Собиқ полициячининг айтишича, илгакдан занжир ўтказиб, маҳбусни оёғини осмондан қилиб осишар ва сув тўла бочкаларга шўнғитиб, то жон ваҳмида типирчилагунича тутиб туришар экан.

Гезмахмаев тутқунлар қандай қатл этилгани ҳақида ҳам сўзлаб берди. У “Новая газета” рўйхатидагилардан 13 кишининг судсиз ўлдирилганини тасдиқлади. Улар номма-ном чақирилиб, “Чиқиб кетмаслик тўғрисида тилхат”нинг бўш бланкасини имзолашга мажбур қилинган ва спортзалдан казарма биносига олиб борилиб, ертўлада бошларига ўқ узиб ўлдирилган.

Қатлнинг тепасида Чеченистоннинг Шали тумани раҳбари Турпал-Али Ибрагимов турган, маҳбусларни дастлаб унинг қўриқчилари ўлдирганлар. Гезмахмаевга кўра, ўқ овозини эшитиб келган полк командири қон доғлари ва ҳидини ювиб кетказиш қийин бўлишини айтгач, қатл тактикаси ўзгартирилган.

Арслон Ирасхонов жиноятни яшириш учун уларни бўғишни таклиф қилди. Қолган маҳбуслар альпинистлар арқони билан бўғиб ўлдирилди.

“Арслон Ирасхонов жиноятни яшириш учун уларни бўғишни таклиф қилди. Қолган маҳбуслар альпинистлар арқони билан бўғиб ўлдирилди, — дейди собиқ полициячи. — Ҳар бирининг боши олдинга қаттиқ эгилтирилиб, бир неча киши оёқ-қўлларидан маҳкам тутгач, жаллод унинг бўйнига арқонни ташлаб, оёқларини унинг елкасига тираган ҳолда икки қўллаб бўғди. 13 кишининг барчаси ушбу хонада айни тарзда ўлдирилди”.

Гезмахмаевнинг ўзи ҳам махсус тадбирларда юзлаб чеченистонликларни қўлга олишда иштирок этган, шунингдек полк ертўласида камида 56 тутқунга соқчилик қилган. Унга кўра, Аслан Ирасханов қарорлар қабул қилиш занжирида энг юқори ҳалқа бўлиши мумкин эмасди. Ўша кунлар полкка ҳозирда Чеченистон бош вазири ўринбосари, ўша кезлар “Терек” махсус тезкор отряди командири Абузайд Висмурадов тез-тез келиб турган. Ва Гезмахмаев, қўлга олишдан то қатлгача — бутун жараённи айнан Висмурадов назорат қилганини айтади, бироқ у ҳам, агар Рамзан Қодировдан “фатво” бўлмаса, ўлим ҳукмини чиқаришга журъат эта олмасди.

Аҳмад Қодиров полки “жангномаси”

Гезмахмаев хизмат қилган Аҳмад Қодиров номидаги полк Росгвардия таркибидаги тузилма бўлиб, асосан Чеченистон раҳбарини қўриқлаш билан шуғулланади. Гезмахмаев мазкур полкда хизмат қандай ташкил қилингани ва бунда республика раҳбарининг роли ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Полкнинг вазифаларидан бири — жангарилар ва “Ислом давлати” тарафдорларини тутишга қаратилган махсус операцияларни ўтказиш. Одатда операция тугагач, воқеа жойига Рамзан Қодиров бориб, нутқ сўзларди. Баъзан махсус тадбирларга унинг ўзи раҳбарлик қилган. Аммо Гезмахмаев булар бари маҳаллий телевидениеда кўрсатиш учун саҳналаштирилган томоша бўлганини таъкидлайди.

Бир гал Карпинкага тўрт нафар қуролсиз маҳбусни келтиришиб, тоғлик ёнбағри бўйлаб қочишга буйруқ беришди, кеин эса қуённи отгандай отиб ўлдиришди.

“Уларни махсус операция деб аташ қийин эди. Бир гал Карпинкага тўрт нафар қуролсиз маҳбусни келтиришиб, тоғлик ёнбағри бўйлаб қочишга буйруқ беришди, кеин эса қуённи отгандай отиб ўлдиришди. Лекин Қодиров ҳар сафар уларни отиб ташлашганидан сўнг келарди. Биз, камералар “кўз ўнгида” зирҳли машинани у ёқ бу ёққа ҳайдаб олифтагарчилик қилаётганида уни қўриқлаб туриш учун керак эдик”, — дейди собиқ полициячи.

Жангариларни тутиш — полк кўрсаткичларини ошириш ва мукофот пули олиш усули эди. Қўлга туширилган жангарини “натижа” деб аташарди. Бироқ, Гезмахмаевнинг сўзларига қараганда, ушлаб келтирилганларнинг ҳаммаси ҳам чинакам жангари гуруҳлар аъзоси бўлмасди.

“Натижа”га ҳақиқий АТА (аксилтеррор амалиёти) чоғида эришиш мумкин, аммо осон йўли ҳам бор: биронта шўрпешона тутилади, соч-соқоли ўссин учун подвалда сақланади, кейин эса ўрмонга олиб борилиб, “жангари” деб отиб ташланади. Буни “натижага ҳозирлик кўриш” дейдилар. Бунақа найрангларни полкка хизматга кирган кунимоқ эшитганман”.

Сулаймон Гезмахмаев, (чинакам) жангарилардан мусодара қилинган қуролларнинг бир қисмини “силовик”лар ўзларига олиб қолишларини, аммо улар қайд этилмаслигини, балки кўрсаткичларни яхшилаш ва аксилтеррор режимини узайтиришда қўлланишини айтади.

Ҳар бир туман ИИБда, бошлиқнинг ифлос ишларни бажарувчи шотирлари бўлади.

Ҳар бир туман ИИБда, бошлиқнинг ифлос ишларни бажарувчи шотирлари бўлади. Уларнинг қўлига жангарилардан олинган қуролларни беришади, улар эса бориб бирон назорат пости ёки ҳарбий қисмни ўққа тутадилар. Қарабсизки, республика кучайтирилган режимга ўтиб турибди-да. Мабодо отишмада ўз одамларидан биронтаси ўлса, уни ўтган сана билан ишдан бўшатишади ва террорчиларнинг ҳамтовоғи сифатида федерал қидирув эълон қилишади”, — дейди у.

Шу ўринда “Север” батальони командирининг собиқ ўринбосари Заур Дадаев билан боғлиқ воқеа ёдга тушади. Москвада мухолиф сиёсатчи Борис Немцовни айнан у отиб ўлдирганлиги маълум бўлгач Чеченистон ИИВ унинг Немцов ўлимидан икки ой муқаддам таътилга чиққанини, кейин эса хизматдан бўшаганини эълон қилганди.

Гезмахмаев қандай қилиб Чеченистондан қочди?

Полк ертўласида маҳбуслар судсиз қатл этилишидан сўнг кўп ўтмай Гезмахмаев хизматдан бўшайди. 2017 йил баҳорда у оиласи билан аввалига Чеченистондан, сўнг Россиядан чиқиб кетади.

Германия миграция идораси Гезмахмаевларга бошпана беришдан бош тортади. ЕИ қонунчилигига кўра, сиз энг биринчи Евроиттифоқнинг қайси давлати чегарасини кесиб ўтган бўлсангиз, ўша давлат сизга қочоқ мақомини бериши керак. Гезмахмаевлар дастлаб, Беларусь орқали Польшага боришган, лекин у ерда қолишни хатарли деб топишади. Чунки Польшада каттагина чечен диаспораси истиқомат қилади ва улар орасида Рамзан Қодиров режими билан ҳамкорлик қилувчилар анчагина.

Гезмахмаев полк ҳудудидаги ертўлаларда юз берган воқеаларни ҳикоя қилиб беришга қарор қилади. Бунинг учун “Новая газета” ЛГБТ-тармоғи билан ҳамкорликда кичик махсус операция ташкил қилишига тўғри келади. Оила яширинча Россияга қайтиб, “ихтиёрий уй қамоғи”да, яъни квартирадан деярли чиқмасдан ярим йилча яшайди. Бу орада журналист ва ҳуқуқбонлар Гезмахмаевни Европага қонуний йўллар билан олиб чиқиб хавфсизлигини таъминлаш устида бош қотирадилар.

Россия ЛГБТ-тармоғи Шимолий Кавказ департаменти бошлиғи Вероника Лапина “Настояшчее Время”га собиқ полициячининг оиласига қандай ёрдам беришгани ва бу борада қандай қийинчиликларга дуч келишгани тўғрисида сўзлаб берди:

— Аввало, Сулаймон ва унинг оиласининг Европага қайтиб киришига қўйилган тақиқ бекор бўлишини узоқ кутишга мажбур қолдик, чунки уларни депортация қилишган бўлиб, анчага довур қайта олишмасди. Бўш вақтимизни эса бу воқеалар ҳақида зарур далил-исбот ва ҳужжатлар тўплаш мақсадида уни сўроқ-савол қилишга сарфладик. Сулаймонни олиб чиқиб кетиш имконияти пайдо бўлиши билан уни олиб кетдик. Қаерга олиб борганимизни эса, табиийки, айтолмайман.

Уни Россияда қандай яширганимизга келсак... 2017 йилдан бери бизда шелтерлар (бошпаналар) тизими ишлаб турибди, чунки биз қийноқ ва ғайриинсоний муносабатнинг бошқа кўринишларидан жабр кўрган кишиларга ёрдам кўрсатишда давом этяпмиз. Сулаймонни ана шундай муассасалардан бирига жойлаштирдик. Вақти-вақти билан жойини ўзгартирдик. Бизнинг муайян кузатув тизимимиз, хавфсиз алоқа каналларимиз мавжуд — ҳаммаси рисоладагидек. У оммавий чиқиш қилгунича хавфсизлигини таъминлаш учун бирон-бир воситани жадаллик билан кучайтиришга ҳожат бўлмаган.

Яъни, базавий қоидалар амал қиларди: унинг жойини бировга айтиши мумкин бўлган одамлар билан гаплашмаслик, ҳеч ким билан алоқа қилмаслик керак, қариндошлар билан ҳам мумкин қадар камроқ мулоқот қилинади, эгасини кузатиш имконини берувчи электрон воситалар, масалан банк карталаридан мутлақо фойдаланилмайди.

Умуман, Сулаймон бизнинг тажрибамиздаги энг мураккаб кейслардан бири бўлди. Чунки бунақа тоифадаги одамлар билан илгари сира ишламаганмиз. Зўравонликдан, полиция зуғумидан, қийноқлардан азият чеккан жабрдийдалар билан ишладик асосан. Бу эса мутлақо “бегона мижоз”.

Аммо, гарчи Сулаймон бегуноҳ инсонларнинг қўлга олинишида ростдан ҳам қатнашган бўлса-да, унинг кўрсатувлари, маълумотлари биз узоқ йиллар давомида бартараф эта олмаётган муаммони ечишга, лоақал ўша ечимни топиш йўлида бир қадам олға силжишимизга ёрдам беражак.

Умид қиламанки, Чеченистон куч ишлатар тизимидаги бошқа ходимлар Сулаймон Гезмахмаевдан ўрнак олиб, камида у берганчалик маълумот берадилар. Зеро, ёшлик ғўрлиги ва романтик хаёллар таъсирида куч ишлатар органларга хизматга кириб, ўзи истамаган ҳолда зулм машинасининг мурватига айланганлар кўп деб ўйлайман. Айрим ҳамкасбларим эҳтимол фикримга қўшилишмас, аммо, менимча, Чеченистонда барча “силовик”лар ҳам халқига зўравонлик қилишга ҳавасманд эмас, назаримда, улар иложсизликдан шунга мажбур бўлишмоқда.

XS
SM
MD
LG