Европадан трактор ва юк машина ташувчилар Ўзбекистонда ўтган йил 1 августидан мамлакатга импорт қилинадиган уловлар учун утилизация солиғи жорий қилиниши ортидан миллионлаб сўмга куйганини айтмоқда.
2018 йил баҳорида Ўзбекистон президенти қарори билан ғилдиракли трактор ва 20 тоннагача юк кўтарадиган автомашиналар, шунингдек, прицеплар 70 фоизлик бож ва акциз солиғидан озод этилганди.
Бу қарор чиқиши ортидан минглаб ўзбекистонлик чет элдан фура олиб кела бошлади.
Ўтган йил 1 августидан Ўзбекистонга транспорт воситаларини олиб киришда унинг двигатели ҳажмига қараб утилизация йиғимлари жорий этилди.
Бундан ташқари Ўзбекистонга машина импорт қилувчилар божхона божи, божхона йиғими ва ҚҚС ҳам тўлаши керак.
Фарғонанинг Тошлоқ туманилик ҳайдовчи Мирзойир Қўзибоев Беларусдан 19 минг еврога иккинчи қўлдан сотиб олган "MAN" юк машинаси учун ўзбек божхоначилари ярим миллиард сўмлик божхона тўлови чиқариб беришганини айтди. Унга кўра, солиқ тўловининг ўзи машина тан нархидан икки баравар кўпдир:
“Мен 15 июлда Беларусга “МАН” юк машинасини олгани кетдим. Қайтиб келгунимча тап этиб 1 августдан янги қонунни чиқариб қўйишибди. Мен 2 августда кириб келяпман. Божхонада 500 миллион сўмлик солиқ тўлови чиқариб беришяпти. Ўзи ҳайдалган, эски юк машинани 19 минг еврога олганман. Ҳозир устига 42 минг АҚШ доллари тўлашимга тўғри келяпти. Прицепи ҳам йўқ, битта тягачни ўзи шунча пулга тушяпти менга. 31 июнда киритсам тўлови 100 миллионга ҳам бормасди.
Фарғоналик ҳайдовчи Ўзбекистон президентининг солиқ имтиёзлари берувчи 2018 йил апрель ойида имзолаган қароридан илҳомланиб четдан автоулов келтиришга қарор қилган:
"Пиёз, мева етиштирамиз-да. Шуни ташишга юк машина керак. Шунинг учун Беларусга боргандим. У ерда йигитлар Литвадан олиб келиб беришди. Ўша пайтда йўлларда текшир-текшир кўп бўлди. Коронавирусга ҳар қадамда текширади. Натижасини 72 соат кутишга тўғри келади. Шундай форс-мажор ҳолат бўлиб 1 августгача Ўзбекистонга олиб киришга улгурмадим. Бир кун кечикканим менга ярим миллиард сўмга тушяпти", - деди Мирзойир Қўзибоев.
Отингни сот¸ молингни сот¸ фура ол...
2018 йили 20 тоннагача юк кўтарадиган машиналарни Ўзбекистонга олиб кириш учун божхона тўлови бекор қилингани ортидан Европа давлатларидан фура сотиб олишга келаëтган ўзбеклар сони кўпайган эди.
Москвада яшовчи ўзбекистонлик тадбиркор Наримон Илҳомбеков Ўзбекистонда икки йилдан сал кўпроқ вақт ҳукм сурган солиқ имтиёзлари даврида Литва, Польша ва Германиядан ўнлаб юк машинани Ўзбекистонга етказганини айтди:
"Литва¸ Польша ва Германиядаги шерикларимиз билан бир неча юз минг долларлик келишувларимиз бор эди. Ўзбекистонга яхши кетаётган эди. Афсус, узоққа бормади. Ўтган йил ёзида 17 та машинани Ўзбекистонга олиб киришга улгурмадик. Ўзбекистондаги фермерлар ва мева экспортчиларига етказиб бериш учун пулларни ҳам ўтказиб қўйгандик. Қайтариб олиб кетдик, чунки ҳар биттасига тан нархидан икки баравар кўп солиқ минади . Ҳозир Ўзбекистонга машина олиб бориш умуман ўзини оқламайди”.
Мирзойир Қўзибоев эса божхона постида саккиз ойдан бери турган юк машинасини нима қилишини билмайди.
"Уйимни сотсам ҳам бу пулни тўлолмайман. 16 та жонмиз уйда. Қайтариб Беларусга олиб борай десам жуда паст нарх сўрашади. 10 минг еврога ҳам олишмайди. Боргунимча яна шунча ҳаражат. Шунга президентимиз қабулхонасига ҳам мурожаат қилдим, шу солиқдан озод қилишни сўраб, жавоб бўлмади. Тягач божхона постида саккиз ойдан буён ётибди. Агар чеклов бўлмаса шу вақт ичида юк машина қанча фойда келтирган бўларди. Президентимиздан мени ишимга амалий ёрдам беришини илтимос қиламан, - деди Қўзибоев.
Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг Озодлик суҳбатлашган расмийси Вазирлар Маҳкамасининг 347-қарори ҳаммага бирдай тааллуқли эканини айтди.
"Чет эл дипломатик ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар, дипломатик мақомга эга шахсларга тегишли транспорт воситаларидан ташқари ҳамма шу солиқни тўлаши керак. 1 августдан 347-қарор кучга кириши ҳақда олдиндан айтилган эди. Ўша қарорга илова қилинган ҳужжатда қандай машинага қанча солиқ тўланиши батафсил айтилган", - деди исми очиқланмаслигини истаган Солиқ қўмитаси расмийси.
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси очиқлаган маълумотга кўра¸ 2019 йилнинг ўзида Ўзбекистонга хориждан умумий қиймати 200 миллион доллардан ошиқ автомобиль олиб киритилган.
Бу кўрсаткич ундан олдинги йилга нисбатан қарийб 4 баравар кўпдир.
Жараëндан хабардор мулозимга кўра¸ имтиëзлар "Ўзбекистонга 95 фоиз Европада металлоломга айланган яроқсиз техника киряпти¸ ҳамма доллар шунга чиқиб кетяпти"¸ деган важ билан тўхтатилган.
Икки йил аввал Озодлик Польшага фура олиш учун борган ўзбекистонлик автоҳалокатга учраб ҳалок бўлгани ҳақда хабар қилган эди.