Британия суд-тиббий экспертизаси Қозоғистон собиқ президентининг набираси Айсултан Назарбоев наркотик моддаларга ружу қўйганидан вафот этганини тасдиқлади.
Айсултан 2020 йилнинг 16 августида Лондон паркларидан бирида беҳуш ҳолатда топилган эди. Кокаинга ружу қўйган Айсултан 29 ёшда эди.
24 март куни эълон қилинган экспертиза хулосалари Айсултаннинг ўлими борасидаги миш-мишларга узил-кесил нуқта қўйиши кутилмоқда.
Назарбоев набираси ўз оиласи коррупцияга ботгани ҳақидаги маълумотга эгалигини ҳам айтган эди, бу ҳам унинг ўлдириб кетилганлиги ҳақидаги миш-мишларга сабаб бўлган.
Лекин, суд-тиббий экспертизасини олиб борган бош мутахассис Фиона Вилкокс Айсултаннинг ўлими наркотик моддалар истеъмоли билан боғлиқ деган полиция, психиатр ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тўлиқ тасдиқланганини айтган.
“Мен Айсултан Назарбаевнинг ўлимига наркотик моддалар сабаб бўлганлигини аниқладим, у кокаинга ружу қўйганидан ўлган. Ўлимга сабаб бўлиши мумкин деб кўрсатилган қолган барча шубҳаларга асос йўқ дея аниқ айта оламан” деган Фиона Вилкокс.
Айсултан Назарбоев Қозоғистон собиқ президентининг катта қизи Дариға Назарбоева ҳамда Австрия қамоқхонасида ўз жонига қасд қилган Роҳат Алиевнинг ўртанча ўғлидир.
У бир пайтлар Қозоғистон футбол федерациясида вице-президент лавозимида ишлаган, лекин унинг номи сўнгги йиллардаги хабарларда асосан Қозоғистон ҳукумати ва ўз оиласини коррупцияга ботганига оид айбловлари билан боғланган.
2019 йилнинг октябрида у наркотик таъсирида Лондон полициячиларга қаршилик кўрсатганликда айбланиб шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Айсултан Назарбоев 2020 йил февралида ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали Буюк Британиядан сиёсий бошпана беришни сўраган. Суд-тиббий экспертизасида гувоҳлик берган полиция инспектори Крис Эверетнинг айтишича, ўлим пайтида унинг олдидан дипломатик паспорт топилган, лекин у бошпанага мурожаат қилганлигини акс этувчи ҳеч қандай ҳужжат аниқланмаган.
“Оиламиз севимли Айсултаннинг ўлими муносабати билан чуқур қайғуда. Бизни бу масаладаги шахсий қарашларимиз ва ҳиссиётларимизни ҳурмат қилишингизни сўраймиз”, — деб экспертиза хулосалари чоп этилгандан сўнг баёнот берган Назарбоевлар оиласининг матбуот котиби.