Бугунги кунда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатида Россиянинг "Спутник V" вакцинасини қўллашга рухсат берилган.
Дастлаб қатор экспертлар танқид қилганига қарамай, вакцина синовларнинг учинчи босқичи бошланмасдан рўйхатга олинган эди.
Кейинроқ, Россияда ва бошқа бир қанча давлатларда қўлланиши унинг COVID‑19 касаллигига қарши етарлича эм бўла олишини кўрсатди.
Қуйидаги мақоламиз "Спутник V" вакцинасига бағишланади.
"Спутник V" қандай таъсир қилади?
"Спутник V" — қурама, векторли вакцина. Яъни унда бошқа вируснинг инсон ҳужайрасига ирсий материални ташувчи модификацияланган талқини қўлланилган. Бу вазифани, одатий шароитда ЎРВИ, конъюнктивит ва ҳатто гастроэнтерит касалликларини қўзғатувчи аденовирус бажаради. (Зотилжам ва қизамиқ чақирувчи вирус қўлланган вакциналар ҳам бор).
Вектор сифатида қўлланган вирус ўзгартирилган тур бўлиб, касалланиш хавфини туғдирмайди. Бироқ у, зиддига ушбу вакцина ишлаб чиқилган вирусга хос бўлган генни ташийди ўзи билан. COVID‑19 га қарши барча вакциналарда мазкур ген ҳужайрага коронавирус сиртидагига ўхшаш тикансимон оқсил ишлаб чиқариш тўғрисида сигнал юборади.
Одам эмланганида вектор ҳужайрага кириб, уни тикансимон оқсил ишлаб чиқаришга мажбур қилади. Иммуна тизими бу оқсилни пайқагани заҳоти антитаначаларни ажратиб чиқара бошлайди ва организмнинг ўзга жавоб реакцияларини фаоллаштиради. Шу тариқа организм коронавирусни енгишни ўрганади ва алалоқибат у билан тўқнаш келганида нима қилишни билади.
"Спутник V" қандай яратилди?
Россия COVID‑19 га қарши вакцинанинг клиник синовини 2020 йил июнда бошлади.
Икки ой ўтар-ўтмас президент Путин Н. Ф. Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий маркази дунёда биринчи COVID‑19 га қарши вакцинани рўйхатдан ўтказганини эълон қилди.
Бу пайтда синовнинг одатда минглаб киши иштирок этадиган энг муҳим — учинчи босқичи бошланмаган ҳам эди. Айнан шу сабабдан соғлиқни сақлаш соҳасидаги қатор экспертлар мазкур вакцинанинг самарадорлиги тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ эмаслигини айтиб, огоҳлантиришди. 2020 йилнинг 11 августига қадар ўтказилган тадқиқотларга қараганда вакцинанинг инсон учун безиёнлиги борасида ҳам талай очиқ саволлар мавжуд эди.
Кўп ўтмай, Россияда синовларнинг учинчи босқичи бошланиши, унда 40 минг нафар кўнгилли қатнашажаги тўғрисида маълум қилинди. Учинчи босқич 2020 йил сентябрда, яъни вакцина рўйхатга олинганидан сўнг бошланди.
2020 йилнинг декабрида, вакцина Россия тиббиёт ходимлари қўлига етиб борганидан кейин аҳолини ялпи эмлаш ҳақида баёнот берилди. Икки ҳафта сўнгра Беларусь хорижий давлатлардан биринчи бўлиб "Спутник V"ни рўйхатдан ўтказди.
2021 йил февралда The Lancet тиббий журнали "Спутник V" тадқиқотларда 91,6 фоиз самарадорлик қайд этгани тўғрисида ёзди. Мақолада мутахассислар вакцинанинг хавфсизлигини, оғир асоратлардан ҳамда ушбу вирус туфайли вафот этишдан сақланишда ёрдам беришини тасдиқловчи маълумотларни келтиришганди.
Жаҳоннинг 40 дан зид мамлакатида у ёки бу даражада қўллашга рухсат этилганига қарамай, Дори воситалари бўйича Европа агентлиги (EMA) "Спутник V" вакцинасини ҳануз тан олгани йўқ.
21 январь куни Венгрия — Россия вакцинасини рўйхатга олган Европа Иттифоқидаги илк мамлакат бўлди. Март ойининг бошларида эса ЕИга аъзо яна бир давлат, Словакия 2 миллион дозага буюртма берди.
4 март куни ЕМА Россиянинг "Спутник V" вакцинасини рўйхатга олиш сўралган аризасини кўриб чиқишга киришилгани ҳақида баёнот берди.
"Спутник V"нинг бошқа вакциналардан қандай ортиқ ёки кам жойи бор?
Россия COVID‑19 га қарши вакцинани рўйхатга олган биринчи давлат бўлиб танилди, аммо у вакцина ишлаб чиқишни охирига етказган илк мамлакат эмас. Барча қоидаларга мувофиқ тайёрланган биринчи вакцина бу Pfizer/BioNTech. "Спутника V"нинг ўзига яраша афзалликлари бор. Масалан, уни сақлаш учун Цельсий бўйича +2-8 даража стандарт ҳарорат бўлса, Pfizer/BioNTech — минус 70, Moderna вакцинаси эса минус 20 даража совуқни талаб қилади.
The Lancet нашрига кўра, Россия вакцинасининг маҳсулдорлик кўрсаткичи 91,6 фоизга тенг бўлиб, бу Pfizer/BioNTech ва Moderna’никидан бир оз паст, аммо AstraZeneca ҳамда Johnson & Johnson вакциналариникига нисбатан юқорироқ. Айрим олимлар эса, ҳозирда вакциналар самарадорлигини қиёсий баҳолаш жуда қийин масала, чунки уларнинг синовлари пандемия ривожланишининг турли босқичларида олиб борилди, вакциналарнинг ўзаро синов тестлари ҳам ўтказилгани йўқ, деб ҳисоблашади.
Бошқа вакциналардан фарқли равишда, "Спутник V"нинг икки дозаси бир хил эмас. Улар вирус векторлари бўйича фарқланади. Биринчи дозада Ad26, иккинчисида эса Ad5 аденовируси қўлланади. Гамалея маркази олимларининг фикрича, бундай ёндашув организмнинг иммуна реакциясини оширади.
Вакциналарнинг халқаро бозорлардаги нархларини ҳам таққослаш мушкулроқ, зеро бу импортчи мамлакатга боғлиқ. Чунончи, Евроиттифоқ AstraZeneca вакцинасининг ҳар бир дозасини 2,16 доллардан сотиб олишга келишган бўлса, хабарларга қараганда, Жанубий Африка бундан икки баравар кўп тўлайди.
Умуман олганда энг қиммат вакциналар Pfizer/BioNTech ва Moderna бўлса, энг арзони — Johnson & Johnson, чунки у битта инъекция билан танага киритилади. "Спутник V" баҳоси эса 10 доллар атрофида, яъни ўртача қиммат.
Қайси мамлакатлар "Спутник V" сотиб олишни хоҳлайди?
2021 йил 9 март кунига қадар "Спутник V" 40 дан ортиқ мамлакатда рўйхатга олинган ёки фавқулодда ҳолатларда қўллаш учун маъқулланган. Ушбу вакцинани биринчи бўлиб Лотин Америкаси мамлакатлари, шунингдек Осиё ва Африкадаги айрим давлатлари маъқуллади. Европа давлатларидан эса Беларусь, Босния ва Герцоговинадаги Серб Республикаси, Венгрия, Молдова, Сан-Марино, Сербия, Словакия ҳамда Черногорияда тиббиёт амалиётида қўллашга тавсия этилган.
ЕИнинг аксари аъзолари ҳамон Дори воситалари бўйича Европа агентлиги хулосасини кутишмоқда, лекин Евроиттифоқдаги айрим мамлакатлар шусиз ҳам вакцинани харид қилишга тайёрлигини билдиришган. Жмладан, Венгрия билан Словакия дастлабки партияларни олиб бўлди. Украина ҳукумати эса, аксинча, “босқинчи давлат”нинг вакцинасини рўйхатга олишни тақиқлашини эълон қилди.
Ҳозиргача Россия 1,2 миллиард дозага буюртмалар олган. "Спутник V"ни сотиб олишга тайёр давлатлар сони ортгани сайин “Россия барча талабгорларни таъминлай оладими?” деган савол ўртача чиқмоқда. Бир нечта ишлаб чиқарувчи, Гамалея маркази ҳам шу қаторда — буюртмаларни ўз вақтида етказиб беришда жиддий муаммоларга дуч келди. Январь ойида Россия Лотин Америкасидаги айрим давлатлар, хусусан Мексика ҳамда Аргентина вакцинани муддатидан кечроқ қабул қилиб олишини билдирганди.
Олти мамлакат, жумладан Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Бразилия "Спутник V"ни ўз ҳудудида ишлаб чиқаришни режаламоқда.
Россияликлар "Спутник V" ҳақида қандай фикрда?
Россияда ўзи умуман вакциналарга шубҳа билан қарашади. 2020 йил ўрталарида The Lancet журнали ўз тадқиқотини эълон қилган эди: унга кўра россияликларнинг атиги 21 фоизи вакциналарни безарар деб ҳисоблар, бор-йўғи 35 фоизи уларнинг самарасига ишонар экан. Мазкур тадқиқотга таянилса, Россия — аҳолиси вакциналарга энг оз ишонадиган мамлакатлардан биридир.
Хуллас, россияликларнинг COVID‑19 вакцинасига муносабати қарийб бир хиллигига ажабланмаса ҳам бўлади. 2020 йил августида ўтказилган сўровда россиялик тиббиёт ходимларининг чоракдан сал кўпроқ қисмигина, мамлакатда вакцина ишлаб чиқариш бошланган тақдирда ўзини эмлатишга тайёрлигини билдирган эди.
2021 йилнинг январь ойи охирларида россияликлардан “коронавирус вакцинаси оммалашса, ўзингизни эмлатасизми?” деб сўрашганида 42 фоизи ижобий жавоб берди. Бу Ipsos хизмати тадқиқот ўтказган барча мамлакатлар орасида энг қуйи кўрсаткичдир.
2021 йил февралда “Левада-Центр” ўтказган сўровда россияликларнинг атиги 30 фоизи "Спутник V" вакцинаси билан эмланишни хоҳлайсизми?” деган саволга “Ҳа” деб жавоб берди. Эмлатиш истаги йўқлигининг асосий сабаблари — тадқиқотларнинг етарли эмаслиги ва эҳтимолий ножўя таъсирлардир.
2021 йил январда YouGov 17 мамлакатда сўров ўтказиб, аҳолининг COVID‑19 вакцинаси муайян мамлакатда ишлаб чиқилган тақдирда эмлатишга муносабати қандай бўлиши билан қизиқди.
Натижалар кўрсатдики, гипотетик вакцина Германияда яратилган тақдирда, одамлар энг кўп ўшанга ишонч билдирар экан. Ундан кейин Канада ва Буюк Британия ишончли деб топилган. Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Эрон эса салбий баҳо олган. Яъни одамлар, ушбу мамлакатларда яратилган вакцинага хавотир билан қарашларини билдирганлар.
Россияда ишлаб чиқарилган вакцинадан энг кўп ҳадиксирайдиганлар Дания ва Буюк Британияда истиқомат қилишар экан. Россия вакцинасига нисбатан энг илиқ муносабат эса Ҳиндистон ва Мексика фуқароларида қайд этилибди.
Россияда вакцинация жараёни қандай кечмоқда?
Россияда аҳолини эмлаш даражасига доир статистика вақтида янгиланмайди. 2021 йил 10 февралда эълон қилинган маълумотларга кўра, россияликларнинг 1,5 фоизи камида бир доза "Спутник V" вакцинаси билан эмланган.
Россия эмлаш кампаниясини ҳаммадан аввал бошлаган бўлса-да, бир ой бурун, ялпи вакцинацияга кечроқ киришган кўп мамлакатлар ундан ўзиб кетишди.
Матбуот котиби Дмитрий Песков лафзи билан айтилган Россия ҳукуматининг расмий позициясига кўра мамлакатда эмлаш жараёни “нормал” кечмоқда. Шу билан бирга, ҳукумат ўтган ойда вакцинация анчайин суст, масалан, АҚШдагидан тўрт карра секин кетаётганини тан олганди.
"Спутник V" вакцинасига харидор давлатлар сони ортгани сари Европада Россиянинг бу борадаги стратегияси билан боғлиқ саволлар пайдо бўлаётир. “Биз ҳамон тушуна олмаяпмиз: нега Россия бошқаларга миллион-миллион дозаларни таклиф қиладию мамлакатнинг ўзида аҳолини эмлаш бўйича сезиларли ўсиш йўқ?” — деган эди Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен 17 февралдаги матбуот анжуманида.
Россияда жорий йил якунигача 68 миллион кишини эмлаш кўзда тутилган. Аммо вакцинага ишончсизлик кайфияти ҳамда дозаларни етказиб беришдаги кутилаётган узилишлар ишни оғирлаштиради. Қолаверса, президент Путиннинг ўзи ҳали эмлангани йўқки, бу ҳам Россия вакцинасига нисбатан ишончнинг ортишига хизмат қилмаслиги аниқ.
Вакцина — дипломатия воситаси сифатида
Вакцина, унинг бехатарлиги ва самарадорлиги ҳали текширилмасдан шоша-пиша рўйхатга олинганидаёқ Ғарбда кўпчилик Кремль одамларнинг соғлиғидан кўра, миллий ғурурини тиклашни афзал кўргани тўғрисида гапира бошлаганди. Шунингдек, баъзилар Россия вакцинасини ўзига дўст режимларга етказиб бериш ва бу билан геосиёсий таъсир доирасини кенгайтириш учун дипломатия қуроли сифатида қўллаши мумкинлигидан хавотир изҳор қилишди.
EMA "Спутник V"ни ҳали расман рўйхатга олмасидан Венгрия томонидан сотиб олинганидаёқ Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида ушбу вакцина туфайли таранг вазият вужудга келганди. Россия, шунингдек, Киевнинг расмий тақиқига қарамай, Украина шарқидаги айирмачи ҳудудларни ҳам вакцина билан таъминлади. Қолаверса, кузатувларга кўра Россия Лотин Америкасида дезинформация кампаниясини олиб бормоқда. Мақсад —Россия вакцинаси АҚШникидан яхшироқлигига испан тилли халқларни ишонтириш.
"Спутник V"нинг келажаги
Россияликларнинг ўз ҳукуматлари олиб бораётган вакцина сиёсатига муносабати ҳам яхши эмас. Ялпи эмлаш бошланар-бошланмас "Спутник V"ни чет элга етказиб беришга киришиб кетишганида аҳоли буни қабул қила олмади. Чунки вакцина провинцияларга ҳали етиб бормаганди.
Бироқ, аҳолининг вакциналарга инонувчи озгина қисми эмлангани сайин россияликларнинг муносабати ўзгариб бораверади. Россияликлар, гарчи ўзлари эмланишни унчалик хоҳлашмаса-да, вакциналарига ҳатто Европа Иттифоқи мамлакатлари харидор бўлаётганидан жуда фахрланишади.