Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:22

Ўзбекистон ва Тожикистон товарлар транзити ва гражданларнинг ўзаро борди-келдиси тартибини осонлаштирди (ФОТО-ВИДЕО)


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни аэропортда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни аэропортда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди

Пайшанба, 10 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий сафари бошланди. Тожикистон президенти сайти хабарича, Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевни Душанбе халқаро аэропортида шахсан кутиб олди.

Тожикистон ва Ўзбекистон расмийлари 10 июн куни 36 та ҳужжатни имзоладилар, жумладан юкларни ташиш бўйича. Тожикистон ва Ўзбекистон, шунингдек, гражданларнинг ўзаро борди-келдиси тартибини осонлаштирди.

Икки мамлакат беш йил аввал совуқ муносабатда бўлган.

Аэропортдаги расмий учрашув маросимидан кейин, икки давлат раҳбарлари Миллатлар Саройига йўл олди.

Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифи давомида икки давлат ўртасида 36та ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон президенти расмий сайти икки давлат ўртасидаги Душанбе музокаралари ўз ичига расмий учрашув маросимидан ташқари икки раҳбарлар юзма-юз музокаралари, ҳукуматлар ўртасидаги учрашувлар, ижтимоий объектларнинг онлайн очилиши маросими, икки тарафлама ҳужжатлар имзоланишидан иборат эканини маълум қилди.

Икки давлат президентлари Душанбеда ўзаро маданий тадбирларда қатнашиши, жамоатчилик вакиллари билан учрашиши, Суғд вилоятидаги саноат объектларини кўздан кечириши айтилди.

Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг қўшма баёноти, Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компаниясини ташкил этиш, саноат ва янги технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Охирги бир неча йил давомида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми кескин кенгайиб, ўтган йил давомида 500 миллион доллардан ошди. 2018 йилда қилган чиқишларидан бирида президент Мирзиёев ўзаро савдо обороти “потенциали камида 1 млрд. доллар” эканини таъкидлаганди.

Тожикистон ва Ўзбекистон расмийлари 10 июн куни 36 та ҳужжатни имзоладилар, жумладан юкларни ташиш бўйича. Учрашув давомида ўзбек-тожик қўшма корхоналари сони 8 баробарга кўпайгани ва бугунда улар сони 200дан ошгани айтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасбини Ўзбекистонга таклиф қилди.

Юзма-юз учрашувдан кейин қилган чиқишида Ўзбекистон президенти икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 2017 йилда 70 миллион доллардан 2020 йилда 500 миллион долларга етганини билдирди.

Журналистлар олдида қилган чиқишида Ўзбекистон раҳбари шу куни имзоланган ҳужжатларга мувофиқ икки давлат минтақалари орасида ҳамкорлик кучайтирилишини билдирди.

- Биз бу ташрифга жуда тайёргарлик кўрдик. Минтақалар форуми муваффақиятли ўтказилди, 700 миллион долларга тенг аниқ лойиҳа ва контрактлар имзоланди. ... Мен Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегарадош барча вилоятлари ва шаҳарлари раҳбарларига Тожикистоннинг чегара шаҳарлари ва вилоятлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишни буюрдим, шунинг учун биз президентлар, ҳукуматлар, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар даражасида ҳамкорликни таъминлаймиз, деди Шавкат Мирзиёев.

Бунга жавобан Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон мазкур ташриф муҳимлигига эътибор қаратди.

- Ўзбекистон – бизнинг стратегик ҳамкоримиз ва ишончли қўшнимиз. Биз тожик-ўзбек муносабатларининг изчил тараққий этаётганидан мамнунмиз. Айниқса мамлакатларимиз орасидаги минтақавий хавфсизлик масалаларида алоқаларимиз ва яқин ҳамкорлигимизни эътибор қаратмоқчиман. Бугун сиз билан муносабатларимиз аҳволи ва истиқболлари тўғрисида ҳамда халқаро ва минтақавий масаларни муҳокама қилишга тайёрман, деди Эмомали Раҳмон.

Икки давлат ватандошларининг ўзаро қатнови масаласидаги ҳужжат тафсилотлари ҳозирча очиқланмаётган бўлсада, олдинроқ маҳаллий тожик расмийларига таянган ахборот воситалари бу келишув Тожикистон ва Ўзбекистон гражданларини чегарани кесиб ўтгандан кейин 10 кун давомида вақтинчалик қайдга турмасдан яшаш имконини беришини хабар қилганди.

Тожикистон ва Ўзбекистон давлат делегациялари музокаралари чоғида куйидаги ҳужжатларга имзо қўйилди:

- Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида саноат ва янги технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида Битим;

- Тожикистон Саноат ва янги технологиялар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг "Complex Mining Solution" корхонаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми;

- Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида "Тожик-ўзбек инвестиция компанияси" ни ташкил этиш тўғрисидаги битим;

- Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналарини қуриш учун ер участкаларини ажратиш тўғрисидаги 17-августдаги Тожикистон ҳукумати ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги протокол;

- Тожикистон ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида 2021-2022 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;

- Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида акционерлик жамиятини тузиш, Зарафшон дарёси ҳавзасида иккита гидроэлектростанция қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш тўғрисида Келишув;

- Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида юкларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилиш тўғрисида битим;

- Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида 2021-2022 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Йўл харитаси.

Мирзиёевнинг Тожикистонга сафари арафасида Душанбеда қатор кўчалар ёпилгани маълум бўлди. “Азия-Плюс” агентлигининг Душанбе шаҳар ДАИси маълумотига таянган ҳолда тарқатган хабарига кўра, 10 июнь куни эрталабки соат 9:00 дан 12:00 гача Аҳмад Дониш кўчасининг аэропортдан Айний кўчасигача бўлган участкаси ёпиб қўйилади. Рудакий шоҳкўчаси ҳам ҳаракат учун тўлалигича ёпилади. Шунингдек, Варзобга олиб борадиган М34 трассасида ҳам ҳаракат чекланади.

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар марҳум президент Ислом Каримов даврида совуқлашган эди. 2016 йилда ҳокимият тепасига Ўзбекистонда Мирзиёев келиши билан Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий-сиёсий ва маданий алоқалар тиклана бошлади.

Шу йилнинг 29 апрел куни Ўзбекистон тожик-қирғиз чегарасидаги можарога биринчилар қаторида муносабат билдирди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги икки тарафни қуролли тўқнашувни тўхтатиш ва вазият барқарорлашувига қаратилган ҳаракатларни бошлашга ундади.

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга қилинган охирги ташрифи 2018 йили бўлган эди. Ундан ташқари, икки давлат раҳбари 2018 йилнинг сентябрида МДҲ давлатлари йиғилишида ва 2019 йилнинг июнида Осиё саммитида учрашганди.

XS
SM
MD
LG