Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:00

Каттақўрғонда солиқ раҳбарини ўлдириб қўйганликда гумон қилинаётган ЙПХ ходимлари устидан жиноят иши очилди (ВИДЕО)


Азиз Аҳмедов, 2021 йил, 10 июнга ўтар тунда ўлдирилган Каттақўрғон туман солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари.
Азиз Аҳмедов, 2021 йил, 10 июнга ўтар тунда ўлдирилган Каттақўрғон туман солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари.

11 июнь куни Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туман прокуратураси шу туман Йўл-патрул хизматининг 4 ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (Мансаб ваколатидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғаб, тергов ҳаракатларини бошлади.

Тўрт ходим устидан жиноят иши очилиши Каттақўрғон туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Азиз Аҳмедовнинг ўлими билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Маълумотларга қараганда, Азиз Аҳмедов 10 июнь, ярим тун, соат 00.20 ларда Каттақўрғон-Пайшанба йўлида шахсий автомобилида кетаётганида ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилган ва уларнинг қўпол ҳаракатлари оқибатида вафот этган.

Каттақўрғон туман прокуратураси томонидан қўзғатилган 180012/2021-сонли жиноят иши материалларида қуйидаги маълумотлар мавжуд:

10 июнь, тунги соат 00.20 ларда 1979 йилда туғилган, Каттақўрғон туман ДСИ бошлиғи ўринбосари Азиз Аҳмедов Каттақўрғон-Пайшанба йўлида ўзининг Cobalt автомобилида (давлат рақами 30 B 572 PA) кетаётган пайтда ЙПХининг тўрт инспектори томонидан тўхтатилади.

Каттақўрғон туман прокуратурасининг Самарқанд вилоят прпокуратурасига йўллаган оператив маълумоти.
Каттақўрғон туман прокуратурасининг Самарқанд вилоят прпокуратурасига йўллаган оператив маълумоти.

180012/2021-сонли жиноят иши материалларида ЙПХ инспекторлари: Қ-ов, И-ов, Р-ев ва Х-овлар терговга берган кўрсатмалар қайд этилган.

Инспекторларга кўра, солиқ инспекцияси ходими йўл қоидасини бузган, инспекторларнинг қонуний талабларига бўйсунмаган, инспекторлар у спиртли ичимлик истеъмол қилган, деган гумонга борган ва куч ишлатган.

Каттақўрғон туман прокуратурасининг Самарқанд вилоят прокуратурасига йўллаган оператив маълумотига кўра, ЙПХ инспекторлари ўз тасарруфидаги автомобилнинг (Spark, давлат рақами 30 Х 577 SA) орқа ўриндиғига солиқ хизматчисини юзтубан босиб қийнаган ва натижада Азиз Аҳмедов ўлиб қолган.

Ҳужжатда айтилишича, инспекторлар Азиз Аҳмедовнинг азоб бермасликларини сўраб бақирганига эътибор бермаган.

Самарқанд вилоят суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, солиқ хизматчисининг ўлимига юрак ўлчами ва массасининг ошиши натижасида нафас қайтиши сабаб бўлган.

Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси давомида солиқ инспекцияси раҳбарининг юзи ва бўйни, тирсак ва қўлларида жароҳатдан олинган шилинмалар борлиги аниқланган.

Каттақўрғон туман Давлат солиқ инспекциясининг исми сир қолишини истаган ходимларига кўра, 9 июнь куни Самарқанд вилоят давлат солиқ инспекцияси раҳбарлари Каттақўрғонга хизмат сафари билан келган.

Оғир иш куни охирида уюштирилган зиёфатдан сўнг Азиз Аҳмедов раҳбарларни Бухоро – Тошкент трассасига кузатиш учун чиққан ва қайтаётиб ЙПХ ходимларига дуч келган.

42 яшар Азиз Аҳмедов 10 июнь куни аср намозидан сўнг ўзи яшаган Қўшҳовуз маҳалласи қабристонига дафн этилди. Яқинларининг айтишича, марҳумнинг ортида турмуш ўртоғи ва вояга етмаган бир ўғли ва бир қизи қолди.

11 июнь куни Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда Каттақўрғонда содир бўлган воқеа акс этган 5 дақиқа, 9 сонияли видеотасвирини эълон қилди. Видеони кўрган мутахассис унда тасвир узлуксиз эмаслигини, монтаж аломатлари борлигини Озодликка билдирди.

XS
SM
MD
LG