Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:35

Эроннинг янги президенти ядровий келишувни тиклашга қаратилган музокараларни қўлламоқчи


Эроннинг янги президенти Иброҳим Раисий
Эроннинг янги президенти Иброҳим Раисий

Эроннинг сайланган президенти Иброҳим Раисий 2015 йилда Теҳрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувни тиклашга қаратилган музокараларни қўллашини билдирди. Аммо Раисий АҚШ президенти Жо Байден билан тўғридан-тўғри учрашишга рози бўлмаслигини айтди.

Ўтган ҳафтада бўлиб ўтган сайловда ғалаба қозонган Раисий 21 июнь куни илк маротаба сўзга чиқиб, Вашингтон Эронга қарши барча санкцияларни олиб ташлаган тақдирда ҳам Байден билан учрашиш ниятида эмаслигини айтди.

«Биз миллий манфаатларимизни кафолатлайдиган музокараларни қўллаб-қувватлаймиз .... Америка зудлик билан битимга қайтиши ва битим бўйича ўз бўйнига олган мажбуриятларини бажара бошлаши керак», - деди Раисий.

«Ҳар қандай учрашув Эрон халқи учун натижа бериши керак», - дея қўшимча қилди у.

18 июнь куни бўлиб ўтган сайловда қарийб 62 фоиз овоз тўплаган Раисий муросасиз сиёсатчидир. У август ойининг бошида лавозимига киришади.

Амалдаги президент Ҳасан Руҳоний ўз лавозимини кетма-кет икки муддат эгаллагани учун сайловда номзодини кўрсата олмади. Руҳоний прагматик бўлиб, Эрон ядровий дастури бўйича келишув унинг раҳбарлиги остида имзоланган эди.

2018 йилда АҚШ келишувдан бир томонлама чиқиб кетди ва Эронга қарши молиявий санкцияларни қайтадан жорий қила бошлади. Бунга жавобан Теҳрон битимга биноан ўз бўйнига олган мажбуриятларини буза бошлади. Натижада келишувни имзолаган қолган тўрт давлат – Англия, Франция, Германия ва Россия келишувга Вашингтонни қайтариш учун Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қила бошлади.

Эрон ўз иқтисодига кескин зарба бўлган АҚШ санкцияларидан халос бўлишни истайди. Раисий Вашингтон Эронга қарши жорий қилган барча санкциялар бекор қилиниши кераклигини айтди.

Аммо президент агар санкциялар олиб ташланса, Байден билан учрашиши ёки йўқлиги ҳақидаги саволга рад жавобини берди.

60 ёшга тўлган Раисий 1988 йилда минглаб сиёсий маҳбус ўлим жазосига маҳкум этилган ва қатл этилган суд жараёнларини назорат қилган судьяларнинг биридир.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Раисий инсониятга қарши жиноятларда айбдор эканини айтиб келади. АҚШ эса унга қарши санкция жорий қилган.

Раисий Форс кўрфазидаги араб давлатлар билан алоқаларни яхшилашни ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлишини айтди. Хусусан, президент Эроннинг минтақадаги рақиби Саудия Арабистони билан беш йил олдин узилиб қолган дипломатик муносабатларни тиклашга умидвор.

Икки мамлакат апрель ойида Ироқда тўғридан-тўғри музокара ўтказа бошлади.

Раисий «Саудия Арабистони элчихонасининг очилиши Эрон учун муаммо эмаслигини» айтди.

XS
SM
MD
LG