Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:11

Афғонистон армиясининг 100 дан ортиқ аскари Тожикистонга қочиб ўтди


Қундуз вилоятида “Толибон” ҳаракати жангарилари билан жангга кирган 100 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчиси Тожикистон ҳудудига қочиб ўтган. Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси эълон қилган сурат.
Қундуз вилоятида “Толибон” ҳаракати жангарилари билан жангга кирган 100 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчиси Тожикистон ҳудудига қочиб ўтган. Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси эълон қилган сурат.

Афғонистон ҳукумати қўшинларининг Қундуз вилоятида “Толибон” ҳаракати жангарилари билан жангга кирган 100 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчиси Тожикистон ҳудудига қочиб ўтган. Бу ҳақда 22 июнь куни Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ДМХҚ) маълум қилди.

“22 июнь куни соат 09:00 гача давом этган қуролли тўқнашувлар натижасида, АИР (Афғонистон Ислом республикаси) ҳукумати қўшинларининг 134 нафар ҳарбий хизматчиси душман ҳужумига дош беролмай, “Панж” чегарачилар отрядининг 3- ва 4-заставалари орқали Тожикистон Республикаси ҳудудига чекинишга мажбур бўлган”, дейилади ДМХҚ матбуот маркази баёнотида.

Унда қайд этилишича, тожик чегарачилари “инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларига амал қилган ҳолда, афғон ҳарбийларига Тожикистон ҳудудига тўсиқсиз кириб олишга рухсат беришган”.

“Тожикистон Республикаси ва Афғонистон Ислом республикаси ўртасидаги чегара чизиғида вазият “кескин” дея баҳоланмоқда, “Шерхон-Бандар” ҳудудида жароҳат олган, ўлдирилган ва асирга олинган афғон ҳарбий хизматчиларининг умумий сони 100 нафаргача”, дейилган хабарномада.

“Шерхон-Бандар” толиблар қўлига ўтди

Тожик-афғон чегарасидаги “Шерхон-Бандар” божхона ва савдо ўтиш маскани сешанба куни толиблар қўлига ўтди. Тожикистоннинг Хатлон вилояти маъмурияти давлат чегарасининг ушбу қисмида вазият тинчлигини, чегарачилар одатдаги тартибда хизматни ўташаётганини билдирди.

Муҳим божхона ва савдо ўтиш масканининг “Толибон” радикал ҳаракат жангарилари томонидан босиб олингани тўғрисида Афғонистоннинг “Khaama press” агентлиги хабар қилган эди. Афғонистон ҳукумати эса “Шерхон-Бандар” таслим бўлгани ҳақидаги маълумотни ҳозирча на тасдиқлади, на инкор этди.

“Шерхон-Бандар” Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги муҳим савдо ва юк ортиш-тушириш маскани бўлиб, Тожикистонга Жанубий ва Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари, жумладан Покистон ва Эрондан келадиган импорт юклар шу ердан ўтади.

Хатлон вилоятининг “Шерхон-Бандар” билан чегарадош Жайҳун тумани маъмуриятидаги манба 22 июнь куни “Озодлик”нинг тожик хизматига чегарада вазият тинчлигини, чегарачилар одатдаги тартибда хизматни ўташаётганини маълум қилган эди.

Тожикистон Афғонистон шимолидан қочқинлар ёпирилишига тайёрланмоқда

Афғонистон матбуоти хабарича, “Толибон” радикал гуруҳи жангарилари Қундуз вилоятининг бошқа туманларини, жумладан Имом Соҳиб шаҳрини ҳам босиб олишган. “Толиблар 20 июнь куни ҳужумга ўтишган эди. Айни пайтда Қундузни Афғонистоннинг бошқа ҳудудлари билан боғловчи барча йўллар уларнинг назоратида”, дейди “Озодлик”нинг тожик хизмати билан суҳбатда вилоят полициясининг расмий вакили Иномуддин Раҳмоний.

Воқеалар ривожи Афғонистонга қўшни мамлакатларни “энг ёмон сценарий”га тайёр туришга мажбур этмоқда. Ҳозирда Афғонистоннинг Тожикистонга қўшни Бадахшон вилоятига қарашли уч йирик аҳоли пунктида ҳукумат кучлари билан толиблар ўртасида қақшатқич жанглар кетмоқда.

Шу муносабат билан Тожикистон мамлакатга жанубдан кўпсонли қочқинлар ёпирилишига ҳозирлик кўрилмоқда. Куни кеча Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти раҳбари Ёдгор Файзов шошилинч чақирилган йиғилишда 5-10 минг нафар қочқинни қабул қилишга тайёрлигини билдирди. Бироқ у қочқинлар сони тахмин қилинганидан анча кўп — 30 минг нафаргача бўлиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

Тожикистон давлат чегарасининг энг катта қисми — 1300 километри ёки 60 фоизи Афғонистон билан чегара линиясига тўғри келади. Икки давлатни боғловчи асосий йўл “Шерхон-Бандар” (Афғонистон) ҳамда “Панжи Поён” (Тожикистон) пости орқали ўтади.

XS
SM
MD
LG