Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:11

Корхона-ташкилотлар ўз ходимларини зудликда эмлаш тўғрисида кўрсатма олди


Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кун сайин ортиб борар экан, корхона ва ташкилотлар ўз ходимларини зудликда эмлаш ҳақида кўрсатмалар олгани, баъзи жойларда ходимларни хитой-ўзбек вакцинаси билан эмлаш мажбурий тус олаётгани ҳақда хабарлар келмоқда

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Озодлик суҳбатлашган мулозими ходимларни эмлаш ҳақида ташкилотларга тавсиялар берилганини тасдиқлади, лекин эмлаш мажбурий эмаслигини айтди.

Навоий кон металлургия комбинатининг Озодлик суҳбатлашган ходимларидан бири уларга хитой-ўзбек вакцинасидан ташқари бошқа восита билан эмлатиш танлови берилмаётганини айтди:

“Бир ойнинг ичида ҳамма эмланиши шарт. Вакцина олмаганлар завод ҳудудига киритилмас экан. Бизку олаверамиз, лекин таклиф этилаётгани фақат хитой-ўзбек вакцинаси. Олсак соғлиққа зиён етиб қоладими, деб қўрқяпмиз".

Бундан олдин Ўзбекистондаги нашрлар, жумладан"Подробно. уз" нашри ҳам таълим, соғлиқни сақлаш ташкилотлари, умумий овқатланиш, жамоат транспорти ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматидан ходимларни коронавирусга қарши зудликда эмлаш тавсия этилган хат олгани ҳақида хабар берганди.

"Эмлаш мажбурий эмас!"

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Озодлик суҳбатлашган мулозими ходимларни эмлаш ҳақида ташкилотларга тавсиялар берилганини тасдиқлади, лекин эмлаш мажбурий эмаслигини айтди:

"Агар эмланишни хоҳламаса, уни ҳеч ким мажбурламайди. Вакцина танлаш ҳуқуқи ҳам бор. Мажбурлаш бўлмайди. Лекин, эмлаш ҳам бир одамнинг ўзи учун, соғлиги учун, қолаверса атрофдагилар соғлиги учун фойдали эканлигини билиши, тушуниб етиши керак".

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 30 июнь куни Хитой-Ўзбекистон ҳаммуаллифлигидаги ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг навбатдаги 1 миллион дозаси Хитойдан олиб келинган.

Мамлакатда эмлаш бошланганидан буён Ўзбекистонга бу вакцинанинг 6,5 миллион дозаси олиб келинган.

Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан ташқари AstraZeneca (CovieShield) ҳамда “Спутник V” вакциналаридан фойдаланилмоқда.

Лекин мамлакат вакцина захирасидаги 7 ярим миллион дозанинг аксарини ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси ташкил этади.

"Таклиф этилаётгани фақат хитой-ўзбек вакцинаси"

Озодлик билан суҳбатда бўлган ташкилот ва корхона ишчилари бу вакцинанинг соғлигига ножўя таъсир қилиб қўйишидан хавотирда эканликларини айтишди:

“Олдин BioNTech/Pfizer вакциналарини ҳам Ўзбекистонга келтирилиши айтилганди. Ҳозир таклиф этилаётгани фақат Ўзбекистон Хитой билан ишлаб чиққан вакцина. Соғлигимизга ножўя таъсир қилиб қолишидан қўрқяпмиз”, - деди тошкентлик ўқитувчи.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари эса ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси соғлиққа ножўя таъсири борасидаги хавотирлар асоссизлигини айтиб келишади.

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари ва бошқа ўзбек амалдорлари Хитой вакцинаси билан ўзлари ва оила аъзолари эмланганликларини даъво қилишган.

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов хитой-ўзбек вакцинаси иккинчи дозадан кейин 90-93 фоиз самара беришини айтган.

Аммо, ўзбекистонлик камида 11 нафар беморнинг хитой-ўзбек вакцинасини олганидан сўнг коронавирусга чалингани бу вакцинага бўлган ишончсизликни яна ҳам кучайтирди.

30 июнь куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов 11 нафар шахснинг коронавирусга қарши вакцина олганига қарамай вирусни юқтириб, шифохонада муолажа олаётганини билдирди.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш шу йил 1 апрелидан бошланган.

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозиргача Ўзбекистон аҳолисининг 4 фоизи коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.

XS
SM
MD
LG