Озодлик радиоси беларус хизматининг Минскдаги офисида тинтув ўтказилди.
“Беларусь головного мозга” телеграм-канали хабарига кўра, кучишлатар идоралар ходимларига хос қиёфали одамлар эшикни бузиб, ичкарига кирганлар.
Тинтув чоғида офис жиҳозлари олиб қўйилган ва Озодлик беларус хизмати журналисти Олег Груздилович ҳибсга олинган.
Бу орада “Настояшчее время” телеканалининг Беларусдаги мухбири Роман Васюкович ҳам мамлакатдан чиқиб кетди.
Озодлик журналисти Груздиловичнинг турмуш ўртоғи эрини қўлларини кишанлаган ҳолда олиб кетишганини айтади.
“Унинг ва менинг телефонимни, ҳамма кмопьютер ва ноутбукларни олиб кетишди. Улар тўққиз киши эди. Чўнтагимдаги бор пулимни, ҳатто беларус рублларини ҳам олиб қўйишди. Озиқ-овқат харжига деб сақлаб қўйган 300 доллар пулимни ҳам қўйишмади”, дея қўшимча қилган у.
Бундан ташқари, Озодлик радиоси беларус хизмати журналистлари — Валентин Жданко ҳамда Инна Студзинскаяларнинг ҳам уйлари тинтилган.
Студзинскаянинг ўғли онаси қўлга олинганини маълум қилган. 2020 йил октябрда Беларусь ТИВ Студзинскаянинг мухбирлик аккредитациясини олиб қўйган эди.
Аввалроқ милиция Минск, Гомель ва Гродно шаҳарларида мустақил журналистлар, ҳуқуқ фаолларининг уйларида, ноҳукумат ташкилотлар офисларида тинтувлар ўтказиб, ўндан ортиқ кишини ҳибс қилган эди.
Ушбу воқеалар арафасида “Настояшчее время” телеканалининг Беларусдаги мухбири Роман Васюкович мамлакатдан чиқиб кетди. Ҳозирда у Тбилисида.
Бу ҳақда Романнинг ўзи “Вечер” дастури эфири чоғида маълум қилган.
“Беларусда журналист бўлиб ишлаш жуда қийин, бу сир эмас. Икки ҳафта бурун милиция чақирув қоғози жўнатган экан, мен адвокат билан бирга бордим — ИИБ бўлимидан эсон-омон чиқишга муваффақ бўлдим. Аммо менинг мухбир сифатидаги фаолиятимни, ўзимни кузатаётганларини очиқ англатишди. Аён бўлдики, Беларусдан кетмаганимда бугун қатағонга учраган журналистлар рўйхатида бўлар эканман”, деган Роман Васюкович.
Минск суди 6 июль куни Васюковични аккредитациясиз ишлагани учун 870 рубл (тахминан 343 доллар) жаримага тортган эди: уни ОАВ маҳсулотларини тайёрлаш ва тарқатиш қоидаларини бузишда (Беларусь МжТКнинг 23.5-моддаси 3-қисми) айблашган.
“Настояшчее время” мухбири Роман Васюковичнинг аккредитацияси Беларусь ТИВ томонидан 2020 йил 29 август куни “Беларусь Республикаси Хавфсизлик кенгаши ҳузуридаги ахборот соҳасидагихавфсизлик бўйича Идоралараро комиссия хулосаси асосида” тўхтатилган.
Ўшанда айни асосларга кўра Озодликнинг беларус хизмати, Германиянинг ARD телеканали мухбирлари, ВВС, Reuters, AFP, Associated Press ва RFi журналистлари ҳам аккредитациядан маҳрум қилинган.
Шунингдек, ўша пайтда ўндан зиёд журналист “оммавий тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказиш тартибини бузган”ликда (МЖтКнинг 23.34-моддаси) айбланиб, бир неча кун қамоқда сақланган ва жарималарга тортилган.
Уларни ўз касб вазифаларини бажаришаётган чоғда — президент сайловидан сўнг бошланган норозилик чиқишларини ёритишаётганда қўлга олишган.
2021 йилнинг апрелида эса Васюкович журналистлар Игорь Ильяш ва Катерина Андреевалар ёзган “Белорусь Донбасси” китоби учун жарима тўлаган эди.
Китобни “Настояшчее время” мухбиридан у Киевдан учиб келганида Минск аэропортида тортиб олиб, Ахборот вазирлигига экспертизага жўнатганлар. Вазирлик эса китобни “экстремизм руҳидаги адабиёт” деб топган.
Васюкович ўшанда 20 базавий миқдор (580 беларус рубли ёки тахминан 220 доллар) жаримага тортилган. Бу воқеадан аввалроқ Васюковичнинг уйида транспорт милицияси тинтув ўтказган эди.
Беларусда мустақил оммавий ахборот воситалари тор-мор қилинганидан сўнг кун тартибига чиқадиган масалалардан бири бу — мамлакатда қайси ахборот манбалари қолаётганидир.
“Настояшчее время” телеканали айни масалада изоҳ сўраб медиаменежер Дмитрий Навоша, Светлана Тихановскаянинг маслаҳатчиси Франак Вячорка, Беларусь журналистлар уюшмаси раисининг ўринбосари Олег Агеев ҳамда Халқ аксилинқироз бошқаруви раиси Павел Латушколарга мурожаат қилди.
Хусусан, Дмитрий Навошага кўра Лукашенко ва унинг аъёнлари кўзлаган мақсадига етиши маҳол.
“Ишни давом эттириш ниҳоятда муҳим, чунки вақт ўтгани сайин беларус жамиятида тобора кўпроқ саволлар пайдо бўлади, беларуслар янада ёмонроқ яшай бошлайди ва буни ой сайин ҳис этадилар, натижада янгиликлардан қочиб юрадиганларнинг ўзлари ҳам “нега бундай бўлаётгани ва нима қилиш кераклиги” ҳақида ахборот излай бошлайди. Бинобарин, “Наша Ніва”, TUT.BY каби нашрларнинг, шунча тазйиқларга қарамай, бош муҳаррирлари қамоқда бўлса ҳам, фаолиятини давом эттириш учун ўзида куч топа олгани жуда муҳим”, дейди Навоша.
Франак Вячорка қамоқда ва уй қамоғида сақланаётганлар, уйида тинтув ўтказилаётганлар ёрдамга муҳтожлигини айтади.
“Биз мамлакатни тарк этиши лозим бўлган беларусларга кўмаклашамиз, биринчи галда — медиа ходимларига. Журналистларни қувиб солиб, таҳририятларни ёпиб ташласам ОАВ фаолиятини тўхтатади, деб ўйлаётган бўлса, Лукашенко ғирт аҳмоқ экан. Ахборот ҳамиша ўзига бир тирқиш ёки дарча топади ва кириб бориши мумкин бўлган бутун кенгликларни тўлдиради”, деган Тихановскаянинг маслаҳатчиси.
Олег Агеевнинг фикрича, Беларусда йирик ОАВлар яксон қилиниб, бир қатор ахборот майдонларининг фаолият юритиши қийинлашгач фойдаланувчи қайси контентдан фойдаланишга ўзи қарор берадиган бўлади.
“Ўйлайманки, ҳатто комил ишонч билан айтишим мумкинки, давлат пропагандаси таклиф қиладиган контентга талаб пасайса пасаядики, лекин ортмайди. Катта эҳтимол билан, бўш аудитория мамлакатда қолаётган ахборот манбалари ўртасида тақсимланса керак. Ўз профессионализми билан обрў қозонган “Наша Ніва”, TUT.BY сингари нашрлар, оғир шароитда фаолиятини давом эттираётган бошқа таҳририятлар ҳам фойдаланувчилар учун ҳамон жозибадорлиги сақлаб турибди”, дейди у.
Павел Латушкога кўра, Беларусь режимининг мақсади — мамлакатда оммавий ахборот воситалари маконини йўқ қилишдир.
“Таҳлилларга қарайдиган бўлсак, бугунги кунда мустақил оммавий ахборот воситалари Беларусда давлатга қарашли медиага қараганда анча катта ахборот майдонини эгаллайди, шунга яраша, уларнинг фуқаролик жамиятига таъсири ҳам кучлироқ. Кўпчилик ҳозир мамлакат ҳуқуқий дефолт ҳолатида эканини айтмоқда. Яна кимлардир буни ҳуқуқий бошбошдоқлик, дейди. Лукашенко “Менинг ҳуқуқларим бор, қолган ҳаммада — мажбуриятлар, мен нимага қарор қилсам, сизлар бажаришингиз шарт” деган нормага асосланган тизимни яратяпти.
Эндиликда Беларусда қабул қилинадиган барча қонун ҳужжатлари ана шу тарзда ёзилади”, деган Латушко.