Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:50

ТИВ: Афғон армиясининг 84 хизматчиси кўмак сўраб, чегарани кесиб Ўзбекистонга ўтди. Чегарадаги вазият юмшади


Толибон ҳаракатининг қуролли аъзоси Ғазни шаҳрида турибди. 2021, 14 август.
Толибон ҳаракатининг қуролли аъзоси Ғазни шаҳрида турибди. 2021, 14 август.

14 август куни Афғонистон билан Давлат чегарасининг бўлинмаларидан бирида Афғонистон Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларидан иборат 84 кишилик гуруҳ давлат чегарасини кесиб ўтди

The Associated Press агентлигининг хабар беришича, шанба куни Толибон Лувгар вилоятини эгаллаганидан кейин, Кобулга етиб боришига атиги 11 километр қолган.

Жангари гуруҳ эгаллаб олган навбатдаги шаҳар Жалолобод шаҳри бўлди. Шаҳар бирор қаршиликсиз таслим бўлган. Бу ҳақда 15 август куни Reuters агентлиги хабар тарқатди.

15 август эрталабки ҳолатга кўра, Толибон Афғонистондаги 34 вилоят пойтахтидан 25 тасини эгаллаб олган.

Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар ҳафта тахминан 20 – 30 минг афғонистонлик чет элга қочиб кетмоқда.

ТИВ: Ўзбек-афғон чегарасидаги вазият юмшади

2021 йил 15 август соат 10.00 ҳолатига кўра, Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудида вазият юмшади, деб хабар қилди Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги.

Расмий хабарга кўра, "кўприкнинг Афғонистон қисмида тўпланган Афғонистон фуқароларининг асосий қисми кўприкни ва унга туташ ҳудудни мустақил равишда тарк этган". Вазирликка кўра, бундай натижага "фаол сиёсий ва дипломатик саъй-ҳаракатлар, шунингдек, олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида эришилган".

ТИВ: Афғонистон армиясининг 84 хизматчиси Ўзбекистон ҳудудига ўтди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг хабар қилишича, 15 августда хабар қилишича, 14 август куни Афғонистон билан Давлат чегарасининг бўлинмаларидан бирида Афғонистон Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларидан иборат 84 кишилик гуруҳ давлат чегарасини кесиб ўтди ва ДХХ Чегара қўшинлари чегара отрядлари томонидан қўлга олинган.

“Чегарани бузганлар қаршилик кўрсатмаган ва кўмакка муҳтожлигини билдирган, жумладан, 3 нафар яраланган шахсга тиббий ёрдам сўраган”, дейилган расмий хабарда.

Вазирликка кўра, Афғонистоннинг мазкур фуқаролари билан зарур текширув-фильтрлаш жараёнлари ва санитария-эпидемиология тадбирлари ўтказилди, уларнинг айримларига тиббий ёрдам кўрсатилди, шунингдек, озиқ-овқат ва уларнинг вақтинча жойлашиши ташкил этилган.

Расмий хабар қилинишича, Термиз-Ҳайратон кўпригининг Афғонистон қисмида Афғонистон ҳукумат кучларининг ҳарбий хизматчилари тўплангани қайд этилган, уларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон фуқароларининг ватанига қайтиши ва “Термиз-Ҳайратон” кўприги ҳудудидаги вазиятни тартибга солиш борасида Афғонистон томони билан музокаралар олиб бораётгани билдирилди.

Айтилишича, 14 август кун давомида “Термиз-Мозори-Шариф” темир йўл участкасида хизмат кўрсатувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ватанга қайтариш ташкил этилган.

“Таъкидлаш жоизки, давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда, барча зарур хавфсизлик чоралари кўрилган. Термизда хавфсизлик идоралари раҳбарлари ва давлат ҳокимияти органлари вакилларидан иборат тезкор штаб жойлаштирилган”, дейилган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Домино сингари қулаётган шаҳарлар

АҚШ қўшинлари Афғонистондаги охирги қўшинини олиб чиқиб кетишига уч ҳафтадан камроқ вақт қолган бир пайтда Толибон шимолий, ғарбий ва жанубий Афғонистоннинг катта қисмни эгаллаб олди. Экстремистик гуруҳнинг ҳужумлари сўнгги ҳафтада янада жадаллашди.

Жангари гуруҳ эгаллаб олган навбатдаги шаҳар Жалолобод шаҳри бўлди. Шаҳар бирор қаршиликсиз таслим бўлган. Бу ҳақда 15 август куни Reuters агентлиги хабар тарқатди.

Аввалроқ, 14 август куни Афғонистоннинг тўртинчи йирик шаҳри ва Ўзбекистон билан қўшни вилоят маркази – Мозори Шариф толиблар назоратига ўтганди.

«Ҳозирда Жалолободда ҳеч қандай тўқнашувлар содир бўлмаяпти, чунки ҳоким толибларга таслим бўлди», деган жалолободлик расмий Reuters агентлигига берган интервьюсида.

«Толибонни киритиш тинч аҳоли ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли эди», деган расмий.

АҚШ ҳарбийлари эвакуацияси

Толибон АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондан Америка ҳарбийлари 11 сентябргача олиб чиқиб кетилишини эълон қилганидан сўнг, жанговар ҳаракатларни кучайтирган эди. Кейинроқ Байден АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни 31 августгача тарк этишини айтган.

АҚШ ҳарбийлари 2020 йилда собиқ президент Дональд Трамп ҳукмронлиги даврида Толибон билан имзолаган битимга биноан мамлакатдан олиб чиқиб кетилмоқда.

Толибон ютуқлари туфайли хорижий кучлар Афғонистондан олиб чиқиб кетилгани кескин танқидга учрамоқда. Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес The Daily Mail нашрига берган интервьюсида ўтган йили АҚШ ва Толибон ўртасида тузилган келишувни «чириган битим» деб атаган.

Шанба куни Байден:

«Америка бошқа мамлакатдаги фуқаролар можароси ўртасида чексиз қолиши тўғри эмас, деб биламан», деди.

Таҳлилчилар АҚШ ҳарбийларининг мамлакатдан чиқарилиши ортидан Толибон эришаётган муваффақиятлар Ғарб томонидан қўллаб-қувватланаётган амалдаги афғон ҳукуматининг ҳокимиятдан қулашига сабаб бўлиши тўғрисидаги тахминларни билдирмоқда.

Шанба куни АҚШ президенти Жо Байден америкаликларни хавфсиз эвакуация қилишни таъминлаш учун 5 минг қўшимча ҳарбийни сафарбар қилишни буюрган.

Кобул хавф остида

Айни дамда Толибон Кобулдаги халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматни ағдаришни кўзламоқда. Шаҳар турғунлари ҳукумат қўшинлари ва Толибон ўртасида тўлақонли тўқнашувлар содир бўлишидан хавотирда.

Кобулдаги Афғонистон Америка университети профессори Харун Раҳимий Озодликка берган интервьюсида:

«Толибон ҳарбий йўл билан Кобулни эгаллаб олса, бу сўнгги 20 йил ичида қўлга киритилган барча нарсанинг йўқолишига олиб келади. Қолаверса, кўп қон тўкилади», деди.

The Associated Press агентлигининг хабар беришича, шанба куни Толибон Лувгар вилоятини эгаллаганидан кейин, Кобулга етиб боришига атиги 11 километр қолган.

Толибон ўт очишни тўхтатиш учун президент Ашраф Ғани истеъфога чиқиши кераклигини билдирган. Ҳозирча Ғани бу шартга рози бўлгани йўқ.

Қочқинлар тўлқини

Озодлик радиосининг афғон хизмати 14 август куни пойтахт Кобулга Толибон яқинлашар экан, мамлакатни тарк этиш илинжидаги минглаб одам пойтахтнинг ягона аэропортида тўплангани ҳақида хабар берди.

Шаҳар турғуни Жавид Аҳмадий Озодлик билан суҳбатда:

«Одамлар даҳшатга тушган. Кўчада, бозорда ҳамма Афғонистонни қандай тарк этиш ҳақида гапирмоқда», деди.

Шунингдек, Кобулдаги ягона паспорт идораси олдида бир неча километрга узайган турнақатор навбат вужудга келган.

Аҳмадий оила аъзоларига паспорт олиш учун ҳужжат топширганини айтди. У одатда уч кунда якунланадиган жараён ҳозир уч ойгача чўзилаётганини айтди. Шунингдек, олдинроқ 80 долларни ташкил қилган паспорт тўлови ҳам бир неча баробарга кўтарилиб, 500 долларга етган.

«Мен бу урушдан қутилиб, янги ҳаёт бошлаш учун қўлимга илинган нарсаларимни сумкамга солдим», деган хотини ва беш фарзанди билан Истанбулга учаётган Навид The Associated Press агентлигига берган интервьюсида. У НАТОга пудратчилик қилганини, шу сабабдан Толибон уни ўлдиришидан хавотирланиб, қочишга қарор қилганини айтган.

Аэропортга муваффақиятли равишда етиб борганлар агентликка Қундуздан Кобулга етиб бориш йўлкираси одатда 40 долларни ташкил қилганини, аммо ҳозир йўл кира қарийб 375 долларга етганини сўзлаб беришган.

Ҳозирча Кобулнинг Ҳамид Карзай номидаги аэропортида рейслар бекор қилингани йўқ. Air India, Emirates va FlyDubai, Pakistan International Airlines ва Turkish Airlines авиакомпаниялари кейинги кунларда Кобулга ва шаҳардан ташқарига рейсларни режалаштирилган. Маҳаллий афғон авиакомпаниялари ҳам учишда давом этмоқда.

Аммо йўловчилар ана-мана дегунча Толибон аэропортни қўлга олиб, мамлакат ҳаво майдонини ёпиб қўйиши мумкинлигидан хавотирда.

Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар ҳафта тахминан 20 – 30 минг афғонистонлик чет элга қочиб кетмоқда. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, жорий йил якунига қадар 1,5 миллионга яқин афғонистонлик мамлакатни тарк этиши мумкин.

Фундаменталист Толибон

Кўпчилик фундаменталист гуруҳ ҳокимиятни қўлга олганидан кейин, мамлакатда қолишни истамайди.

Толибоннинг айрим қўмондонлари янги қўлга олинган ҳудудларда ўзини ошиқча зўравонликдан тияётган бўлса-да, ҳуқуқ ташкилотлари кўплаб қўмондон 2001 йилда АҚШ ағдарган шафқатсиз Толибон қўмондонларидек йўл тутаётгани айтмоқда. Жумладан, гуруҳ аъзолари маҳбусларни оммавий равишда қирғин қилаётгани ҳамда ўз қўлига ўтган ҳудудларда 15 ёшдан ошган қизларни хотинликка беришни талаб қилаётгани ҳақида даъволар бор.

Бундан ташқари, гуруҳ эгаллаб олган айрим ҳудудларда мусиқа тинглаш ва телевизор кўриш тақиқлангани хабар қилинмоқда.

Толибон 1990 йиллар ўртасида ҳокимиятни эгаллаб олганида уларни фақат учта давлат – Покистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари тан олганди. Ўшанда гуруҳ қўшиқ айтишни, варрак учиришни ва телевизор кўришни тақиқлаб қўйган, Кобулнинг асосий спорт стадионида одамлар кўзи олдида қатлларни уюштирганди.

Толибон бу сақар ҳам қатъий диний ҳукумат ўрнатмоқчи. Хабарларга кўра, улар қизларга мактабга боришга ва аёлларга ишлашга рухсат бермоқчи, лекин бу Толибоннинг исломий кўрсатмалари доирасида амалга оширилиши керак бўлади. Бу ҳақида Покистон расмийлари The Associated Press агентлигига исмларини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаб берган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG