Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:20

"Танланган" тадбиркорларга янги ваъдалар: қўшимча кредит, хусусий мулк ва "президент командаси"га таклиф


Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан учрашуви, 20 август, 2021
Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан учрашуви, 20 август, 2021

Президент Шавкат Мирзиёев 20 август куни Тошкентда ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳамда молия тизими вакиллари билан "очиқ" деб айтилаëтган мулоқотни ўтказди.

Расмий хабарларга кўра, учрашувда президент тадбиркорлар ва уларга боғлаб қўйилган банкларни қийнаган кредит масаласидан гап бошлаб, келаси йили $600 миллион доллар ажратилишини ваъда қилган.

Президент бу маблағ, кредит қайтими юқори бўлган ва яхши бизнес режаси бор банкларга танлов асосида берилиши, бундан ташқари кредит муддатини ҳам узайтириш зарурлигини айтган.

Бу учрашув ҳақида 2 ой аввал хабар берилган ва қатнашишни истовчилар таклиф қилинганди. Озодликка боғланган ва тармоқларда ёзаётган тадбиркорларга кўра, қатнашувчилар администрация томонидан аёвсиз сараланган, асосан муваффақиятли тадбиркорлар танлаб олинган.

Бу учрашув Ўзбекистон президенти сайлови кампанияси бошланган кезда ўтказилди. Тадбиркорларни қўлловчи ЎзЛиДеП партияси октябрь ойидаги президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатишини билдирган.

Айни пайтда бу тадбир Мирзиëевнинг тўрт йилдан бери катта ваъдалар бериб келинаëтган тадбиркорлар орасидаги нуфузини ошириш мақсадида уюштирилган сайловолди тадбири сифатида кўрилмоқда.

Зотан 6 соат давом этган учрашув давомида булғуси номзод "Мен сиз тарафдаман!", "Сизни қўллаб-қувватлайман!", ҳукуматда "таклифимга қаршилар кўп, аммо мен сизни қўллайман!" дея қайта-қайта тадбиркорларга хитоб қилди.

Ёпиқ "очиқ мулоқот"

20 август куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги “Халқаро форумлар саройи”да тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, тадбирда 500 нафарга яқин тадбиркор бевосита, яна 10 минг нафардан ортиғи турли вилоятлардан онлайн тарзда қатнашган.

Жамоатчилик бу тадбир форматининг расман "очиқ мулоқот", деб аталишидан унинг ОАВ ва президентнинг тармоқлардаги саҳифаларида жонли узатилишини кутишган эди.

Аммо 20 август кунги расмий хабарларда президентнинг “Халқаро форумлар саройи”га кириб келиши ва қатнашчиларга унинг номи эшиттирилиши билан видео узилди.

Кейинги расмий хабарлар эса асосан, фотоальбомлар ва қисқа видеобаёнотлар тарзида жойлана бошлади.


"Президент командаси"даги тадбиркорлар

Бу йилги сайловда яна Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод бўлиши расман айтилган президент Шавкат Мирзиёев қатнашчилар билан мулоқотни 100 нафар тадбиркорни қутлашдан бошлади.

"Мураккаб пандемия давридаги синов ва қийинчиликлар пайтида ҳам, халқимизга мададкор бўлиб, ўз бизнесини нафақат сақлаб қолган, балки янги иш ўринларини яратиб, муҳтожларга кўмак бераётган ҳамда ишлаб чиқариш ва экспортни оширган тадбиркор дўстларимга бугун чин қалбимдан раҳматлар айтаман", деди президент.

Айни пайтда у, бу тадбиркорлар "Президент командаси"га кирганини урғулади ва бунинг намунаси ўлароқ, биринчи марта ўзи имзолаган "Президент миннатдорчилик хати"ни тақдим қилганини айтди.

Сўнгра мулоқот давомида тадбиркорларга юзланиб, "Мен сиз тарафдаман!" "Сизни қўллаб-қувватлайман!" "Таклифимга қаршилар кўп, аммо мен сизни қўллайман!" дея қайта-қайта хитоб қилди.

Бундан ташқари, президент бундан буён Ўзбекистонда 20 августни Тадбиркорлар куни, деб эълон қилишни таклиф қилди.

Залга йиғилган тадбиркорлар унинг бу таклифини гулдирос қарсаклар билан қарши олди.

40 фоиз шикоят кредит ҳақида

Учрашувда қатнашаëтган маҳаллий журналист ва блогерларнинг ëзишича¸ Мирзиëев гапни тадбиркорларни қийнаётган муаммолардан хабари борлигини айтишдан бошлаган.

"Мен, сизлар томонингиздан кўтарилган масалалар билан атрофлича танишиб чиқдим. Шу боис, сизларни қийнаётган барча муаммо ва саволлардан тўла хабардорман. Бугунга қадар, энг долзарб муаммоларни тизимлашт́ириб, уларни ҳал қилишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш бўйича, чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқдик. Бугун Сизлар билан биргаликда, уларни батафсил муҳокама қилиб олмоқчимиз", дея Шавкат Мирзиёевдан иқтибос келтиради Gazeta.uz нашри.

Президентнинг таъкидлашича, кредит борасидаги шикоятларнинг асосий қисми ставкаларнинг юқорилиги, муддатининг эса қисқалиги - тадбиркор учун ноқулай шартларда берилаётгани ҳақида.

"Ҳақиқатан ҳам, тан олиб айтишимиз керак, тадбиркорларга бугунги кунда берилаётган аксарият кредитларнинг муддати 3 йилдан ошмайди. Шунингдек, банклар томонидан йиллик 8−10 фоиздан хорижий валютада 18 мингга яқин тадбиркорларга берилган кредит, валюта курсининг мунтазам ўсиши ҳисобига, қўшимча харажатларни юзага келтирмоқда", деган давлат раҳбари.

Танланган банкларга яна $600 млн. кредит

Президент банкларнинг капиталини ошириш учун 2022 йилда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қўшимча 600 миллион доллар ажратилишини ваъда қилган. Унинг айтишича, бу маблағ банкларга танлов асосида берилади.

"Қайси банк энг яхши бизнес режа, қайтими юқори ва энг кўп иш ўрни яратадиган лойиҳаларни тақдим қилса, ушбу маблағлар шу банкларга ажратилади", деди президент.

Айни пайтда мазкур маблағларни жалб қилмоқчи бўлган банкнинг ўзи ҳам, ташқи ва ички молия бозорларидан камида 30 фоиз қўшимча ресурс топиши лозим¸ деган Мирзиëев.

"Жумладан, банклар томонидан келгуси йили халқаро молия бозорларида 5 трлн. сўмлик миллий валютада евробондлар чиқарилади. Шунингдек, Ўзбекистон бозорида ишлашга тайёр бўлган, замонавий технологияларга эга, йирик хорижий банкларни кириб келишига кенг имкониятлар яратамиз".

Янги МЕМ: "Вообще" йўқотма ўзингни!"

Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида иштирок этаётган блогер Х. Худойбердиевнинг хабар қилишича, банк ва кредит соҳасида янги ваъдаларни эшитган бухоролик тадбиркор ҳаяжондан "ўзини йўқотиб қўйган".

Унинг ҳаяжонга тўла хитобига жавобан эса президент ҳам: "Вообще" йўқотма ўзингни!" деб хитоб қилган.

Президент ва унинг янги ваъдаларидан ҳаяжонланган тадбиркор мулоқотидан бироз ўтиб, блогер Худойбердиев Телеграм тармоғидаги каналида янги МЕМ эълон қилди.

Олган олганники - мулк жойлашган ер хусусийлаштирилади

davletov.uz Телеграм каналининг ёзишича, президент бу йиғилишда тадбиркорлар эгалик қилаётган кўчмас мулк уларга хусусийлаштириб берилишини ҳам ваъда қилган.

"Бундан буён давлат мулки объектлари, улар жойлашган ер билан бирга, ягона мулкий мажмуа сифатида аукцион орқали сотилади. Бинони сотиб олган тадбиркорлар унга бириктирилган ерга ҳам хусусий мулк ҳуқуқи асосида эгалик қилади — Президент"¸ деб ëзди блогер.

Айни каналнинг яна ёзишича, тадбиркорларнинг корхоналари жойлашган, ҳозирда эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида, эгаллаб турган ер майдонлари уларга мулк қилиб расмийлаштириб берилади:

"Яъни, бу ерни бошқа одам сотиб ололмайди, уни хусусийлаштиришга фақат ер эгасининг ўзи ҳақли бўлади. Бунда ернинг турига қараб, унинг жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, ерлар имтиёзли шартлар асосида, ушбу корхоналарга хусусийлаштириб берилади — Президент".

"Танланганлар" билан мулоқот

Тармоқларда президентнинг сайловолди чиқишига билдирилган муносабатлар зиддиятли экани кўринади.

Президентни олқишлаган, унинг янги таклифларини қувватлаган ва ислоҳотларига ишонч билдирган шарҳловчилар ҳам кўпчилик. Аммо, айни пайтда норозилар ва унинг ваъдаларига ишонмаётганлар ҳам кўп.

Мисол учун, мулоқотнинг расман очиқ, аслида эса "ёпиқ" ўтганидан норозилар президентнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида шикоятларини ёзди.

Жумладан Facebook саҳифасидаги расмий хабар остида шарҳ қолдирилганлар орасида президент билан учрашиш талаби рад қилинган тадбиркорлар ҳам бор.

Қуйида ана шундай шарҳлардан баъзилари билан танишинг:

Ш. Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан мулоқотига шарҳ, 20 август, 2021, президентнинг Facebook саҳифасидан
Ш. Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан мулоқотига шарҳ, 20 август, 2021, президентнинг Facebook саҳифасидан
Ш. Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан мулоқотига шарҳ, 20 август, 2021, президентнинг Facebook саҳифасидан
Ш. Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан мулоқотига шарҳ, 20 август, 2021, президентнинг Facebook саҳифасидан

Ш. Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан мулоқотига шарҳ, 20 август, 2021, президентнинг Facebook саҳифасидан
Ш. Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан мулоқотига шарҳ, 20 август, 2021, президентнинг Facebook саҳифасидан

Ш. Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан мулоқотига шарҳ, 20 август, 2021, президентнинг Facebook саҳифасидан
Ш. Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан мулоқотига шарҳ, 20 август, 2021, президентнинг Facebook саҳифасидан

“Ўзбекистон темир йўллари” монополияси

Президент бу мулоқот пайтида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ монополияси ҳақида ҳам гапирди.

Жумладан, таниқли блогер Хушнуд Худойбердиев Шавкат Мирзиёевдан мана бу иқтибосни келтирди:

“Келгуси йилда ўз вагони ва контейнерига эга бўлган хусусий логистика операторлари фаолияти йўлга қўйилади ва тарифлар иккига ажратилади. Давлат томонидан фақатгина темир йўл инфратузилмаси ҳамда локомотив хизматлари тартибга солинади, юк вагонлари хизмати эса, бозор тамойиллари асосида шаклланади”.

Айни пайтда, президент бу таклифга йўқ дегувчилар бўлишини ҳам очиқ эътироф этган:

“Албатта бу таклифга ҳам қаршилар бор, фақат “йўқ” дейишни билишади. Лекин хусусий секторга имкон бермасак, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг монополиясига чек қўя олмаймиз. Ахир бутун дунёда шу тизим ишлайдику, нега бизда ишлаб кета олмайди? Кимгадир ёқадими, ёқмайдими, энди биз хусусий секторга ҳам имкон берамиз”.

Тадбиркордан қарздор ҳокимлар огоҳлантирилди

Мулоқот пайтида президент, ҳокимликларнинг тадбиркорлардан 123 млрд. сўм қарзи йиғилиб қолганини маълум қилди.

Президентга кўра, бу қарзларнинг асосий қисми “бино ва иншоотларнинг бузилиши” ортидан пайдо бўлган. Ҳокимликлардан пулини ололмай юрган тадбиркорлар сони, президентга кўра, атиги 349 нафардир.

"Бугунги кунда маҳаллий ҳокимликлар бино ва иншоотларнинг бузилиши бўйича 349 нафар тадбиркордан 123 миллиард сўм қарздор. Барча вилоят ҳокимларини огоҳлантираман: 1 сентябрга қадар тадбиркорлар билан барча ҳисоб-китоблар якунига етказилиши, бир сўм ҳам қарздорлик қолмаслиги шарт”, деди президент.

Мирзиёев тадбиркорларга 80 дан ортиқ субсидия жорий этилгани, аммо уни олиш жараёни мураккаб эканини тан олди.

“Ушбу субсидияларни тўлаш тартиби мураккаб ва рақамлашмаган. Тадбиркор субсидияни олиш учун ўртача 5 та ҳужжатни тақдим этиши, 10 та вазирлик ва идорадан хулоса олиши зарур. Бунга камида бир ой кетади. Шу боис, келгуси йил 1 январдан субсидияларни ажратиш бўйича мурожаатлар “ягона дарча” тамойили асосида қабул қилинади, жараёнда иштирок этадиган давлат идоралари сони 2-3 бараварга қисқартирилади”, деди президент.

Тадбиркорлар фаолиятини текшириш жараёнига эса, тадбиркорнинг розилиги билан, Савдо-саноат палатаси ҳам киритиш ва шунинг билан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ваколати берилишини билдирди.

Узоқ кутилган мулоқот

Президентнинг тадбиркорлар очиқ мулоқот ўтказиши ҳақида икки ой аввал ЎзА ахборот агентлиги хабар берганди.

“Жорий йил 20 июлдан 31 июлгача фаолиятингизга боғлиқ масала, бизнесингизни кенгайтириш ва ривожлантиришга туртки берадиган ғоя ва таклифлар билан тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилишингиз мумкин”, деб хабар қилганди агентлик.

Дастлабки хабарда учрашувнинг аниқ куни ва формати айтилмаган¸ фақат август ойининг бошида ўтказилиши кутилаётгани билдирилган эди.

Учрашувнинг август бошида ўтказилмагани ортидан расмий хабарларда, тадбиркорлардан мурожаатларнинг ҳаддан зиёд кўплиги боис, очиқ мулоқот муддати ортга сурилгани айтилди.

Жумладан, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига кўра, бу даврда президент номига 15309 та мурожаат келиб тушган ва уларнинг 12 мингдан ортиғи ечимини топган.

Мирзиëев билан учрашадиганларни саралаш жараëнида Озодликка кўплаб тадбиркорлар мурожаат қилди.

Улар мулоқотда шахсан қатнашадиган тадбиркорларнинг маҳаллий ҳокимликлар ва администрация томонидан қаттиқ сараланаëтгани, асосан муваффақиятли ва президентга миннатдорчилик билдирадиган тадбиркорлар танлаб олинаётгани билдирди.

XS
SM
MD
LG