Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:34

Қамоқда очлик эълон қилган Саакашвили Грузия ҳукумати учун бошоғриқ бўлмоқда


53 ёшли Саакашвили озод қилинмаса, "ўлишга тайёр" экани ҳақида огоҳлантирган.
53 ёшли Саакашвили озод қилинмаса, "ўлишга тайёр" экани ҳақида огоҳлантирган.

Михаил Саакашвилининг грузин қамоқхонасида очлик эълон қилганига бир ой тўлар экан, Тбилиси ҳукумати соғлиғи ёмонлашиб бораётган ўжар собиқ президентни нима қилишни билмай ҳайрон.

53 ёшли Саакашвили озод қилинмаса, "ўлишга тайёр" экани ҳақида огоҳлантирган. Уни шифохонага ётқизиш масаласида шифокорлар ва ҳукумат расмийлари келиша олмаяпти.

19 октябрь куни шифокорлар ва тиббий экспертлар гуруҳи, жумладан, Саакашвилининг шахсий шифокори унинг соғлиғига тузатиб бўлмайдиган зарар етган бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб, расмийларни сиёсатчини тўлиқ жиҳозланган шифохонага кўчиришга чорлади.

Грузия адлия вазири бунга жавобан Саакашвили қамоқхона касалхонасида даволанса бўлаверишини айтди.

Саакашвилининг адвокатларига кўра, сиёсатчи қамоқхона шифохонасига кўчирилишдан бош тортган.

19 ва 23 октябрда Саакашвилини кўрикдан ўтказган тиббий экспертлар гуруҳи аъзоси шифокор Зураб Пагава Озодлик радиосининг грузин хизматига берган интервьюсида:

«Ҳар бир ўтаётган кун аввалгисидан ҳам хавфлироқ экани шубҳасиз», деди.

Кардиолог Пагаванинг айтишича, шифокорлар гуруҳи бир овоздан Саакашвили «C тоифадаги» шифохонага юборилиши керак, деган хулосага келган.

«Бу масала бўйича кенгаш аъзолари ўртасида ихтилоф бўлмади», деди у.

«Ундан кейин нима бўлганини сизга айта олмайман», деди шифокор.

Бу орада Пагава ўз соғлиғи ёмонлашганини баҳона қилиб, шифокорлар гуруҳидан чиққан.

Ўн минглаб Саакашвили тарафдори сиёсатчи озод этилишини талаб қилиб, намойиш ўтказди. Шунингдек, Саакашвилининг юзлаб тарафдори Рустави шаҳридаги қамоқхона олдида намойишга чиқди.

Саакашвили Грузияда 2003 йилда содир бўлган «атиргул инқилоби» ортидан ҳокимият тепасига келганди.

Саакашвили бошида президент сифатида зарур ислоҳотларни амалга ошириб, Ғарбда мақтовга сазовор бўлди, лекин унинг ислоҳотларидан зиён кўрган грузинлар орасида унга қарши норозилик кайфияти кучайиб борди.

Йиллар ўтиши билан харизматик Саакашвили танқидчилари кўпайиб борди. Улар Саакашвилини тобора автократик бошқарув услубини танлашда айблашди.

2008 йилда икки айирмачи ҳудуд устидан Россия билан содир бўлган беш кунлик уруш ортидан унинг рейтинги янада пастлади.

2018 йилда Грузия суди Саакашвилини ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топиб, олти йилга озодликдан маҳрум қилди. Хусусан, Саакашвили мухолиф депутат калтакланиши билан боғлиқ далилларни яширишга уринишда айбланди.

Шунингдек, 2004 – 2013 йилларда президент ўлароқ ишлаган Саакашвилига қатор бошқа айблов, жумладан, намойишни куч ишлатиб тарқатиш ва сиёсий рақиб асос солган телеканалда рейд ўтказиш айбловлари қўйилган.

Бу айбловлар Саакашвили ва унинг собиқ партиядошлари 2012 – 13 йилларда миллиардер бизнесмен Бидзина Иванишвилининг «Грузия орзуси» партиясига мағлуб бўлганидан кейин эълон қилинганди.

Сиёсатчи 2014 йилда Грузияни тарк этиб, Украина фуқаролигини олди. У ерда Саакашвили Одесса вилояти губернатори этиб тайинланди ва бу лавозимда ўша пайтдаги президент Пётр Порошенко билан келишмай қолгунича ишлади.

Саакашвили 2017 йилда Украина фуқаролигидан маҳрум қилинди ва 2018 йилда Польшага бадарға қилинди.

Саакашвили Тбилисидан қочиб кетганидан бери «Грузия орзуси» партияси учун доимий бошоғриқ бўлиб келади.

Жорий йилнинг 1 октябрда Саакашвили Украинадан ватани Грузияга қайтди. Сиёсатчи мухолифатга етакчилик қилиб, сайловларда ғалаба қозонишга умид боғлаганди.

Аммо унинг режаси амалга ошмай қолди. Саакашвили Facebookда мамлакатга қайтгани ҳақида видео улашганидан кейин бир неча соат ўтгач, ҳибсга олинди ва пойтахт Тбилисидан 25 километр масофада жойлашган Рустави шаҳридаги қамоққа олиб кетилди. Эртаси куни бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда Саакашвили асос солган «Бирлашган миллий ҳаракат» партияси ҳукмрон «Грузия орзуси» партиясига мағлуб бўлди.

Саакашвили қамоқхонада эълон қилган очлик унинг соғлиғига доимий зарар келтириши ва Грузиянинг сиёсий обрўсига путур етказиши мумкин.

Тбилисининг асосий ҳамкорларидан бири АҚШ вазиятни яқиндан кузатаётганини айтди ва Тбилисини Саакашвилига адолатли муносабатда бўлишга чақирди.

20 октябрь куни Саакашвилининг адвокати сиёсатчи ёзган мактуби билан ўртоқлашди. Унда Саакашвили «ўлимга тайёр» экани, аммо «онгим ва ишлаш қобилиятимни охиригача сақлаб қолиш» учун тиббий ёрдам олишга рози бўлгани айтилади.

Аммо 27 октябрь куни Саакашвилининг онаси Гиули Аласания қамоқхонада ўғлини кўрганидан сўнг у фикридан қайтгани ва ҳозир тиббий ёрдам ёки реанимациядан бош тортаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бунга қамоқхона расмийлари Саакашвилини адвокатлар билан махфий маслаҳатлашиш ҳуқуқидан маҳрум қилгани туртки бўлган.

Саакашвилининг шифокори ва адвокатлари очлик оқибатида унинг сурункали касалликлари янада оғирлашиши мумкинлигини айтишмоқда.

Собиқ президентнинг шифокори Николоз Кипшидзенинг сўзларига кўра, Саакашвили қони анализи ёмон чиқиши ортидан 22 октябрь куни унга қон қуйишган. Кипшидзе бу амалиёт Саакашвилининг аҳволини «барқарорлаштирганини» айтди, аммо расмийларни уни оддий касалхонасига кўчиришга чорлади.

Адлия вазири Рати Брегадзе агар Саакашвилини касалхонага ётқизиш керак бўлса, у Тбилисининг Глдани туманидаги 18-сонли турма касалхонасига олиб борилишини айтди.

Аммо Грузия омбудсмани 24 октябрь куни ушбу муассасани кўриб чиқиб, у Саакашвили ҳолатига тушган маҳбусни даволаш учун яроқсиз деган хулосага келди.

Соғлиқни сақлаш вазири Екатерине Тикарадзе расмийлар 18-сонли касалхонасини қайта кўриб чиқишини ваъда қилди.

Тиббий гуруҳ Саакашвилини кўрикдан ўтказгандан кейин, уни даволашда магнит-резонанс томография (МРТ), компьютер томографияси, ультратовуш текшируви, шунингдек, лаборатория хизматлари керак бўлиши мумкин деган хулосага келди.

Аммо омбудсман ўринбосари Георгий Буржанадзе Озодликка берган интервьюсида қамоқхона касалхонасида Саакашвилини даволашда керак бўладиган дуплекс ультратовуш текширувини ўтказиб бўлмаслигини айтди.

Саакашвилини узоқ йиллик қувғиндан кейин жамоатчилик қанчалик қўллаб-қувватлаши номаълум.

Саакашвили асос солган «Бирлашган миллий ҳаракат» партияси 2 октябрь куни бўлиб ўтган сайловларда деярли 31 фоиз овоз олди. Сиёсатчининг кўплаб тарафдорлари уни сиёсий маҳбус деб билади.

Ўтган ҳафта Current Time ( ёки “Настояшчее время”) телеканали Тбилисида ўтказилган норасмий сўров иштирокчилари Саакашвили сиёсий фаолияти учун таъқиб қилинмоқда, деб ҳисоблашларни изҳор қилдилар

«Аммо, умуман олганда, президент бугун Грузияда қамоқда экани шармандалик, уят. Бу эса, умуман, мамлакатимиз обрўси учун ёмон», деди маҳаллий турғунлардан бири.

Бош вазир Ираклий Гарибошвили Саакашвили олти йиллик қамоқ жазосини тўлиқ ўташини айтган.

2024 йилда Грузияда парламент ва президент сайловлари ўтказилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG