Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:25

Январь воқеалари. Қозоғистонни ларзага солган намойиш ва зўравонликлар силсиласи

2 январь куни Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳрида ёқилғи нархининг икки бараварга ошишидан норозилар бошлаган акция мамлакат бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.

Ёнилғи нархининг оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди, Нурсултон Назарбоев истеъфога кетди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев илтимосига кўра, КХШТ ҳарбийлари Қозоғистонга киритилди. Мамлакатда "антитеррор" тадбирлари бошланди.

Қозоқ полицияси “тартибсизлик уюштириш учун ёлланган” деб иддао қилган шахс таниқли қирғиз мусиқачиси экани аниқланди

Қозоғистон Миллий телеканали 9 январь куни қозоқ полицияси “тартибсизлик уюштириш учун ёлланган” деб иддао қилган “номаълум шахс”дан олинган интервьюни намойиш этди.

Видеода жуда қаттиқ калтаклангани яққол кўриниб турган йигит “номаълум шахслар” уни 90 минг тангага ёллаб, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидан иборат гуруҳ таркибида Олмаотадаги норозилик намойишида иштирок этиш учун олиб келганини айтган.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати видеодаги шахс Қирғизистонда таниқли бўлган мусиқачи Викрам Рузахунов эканини билдирди. Мусиқачини билган қирғизистонликларнинг айтишича, у видеода иддао қилингани каби ишсиз эмас, у таниқли мусиқачи сифатида Қозоғистонга тез-тез гастрол сафарларига таклиф қилиниб турилган.

“Викрам Рузахунов бутунжаҳон фестивалларининг лауреати, уни минтақада санъаткорларнинг кўпчилиги яхши танийди. У видеода айтилгани каби ишсиз эмас. У санъат одами. У хатто Қирғизистондаги митингларга ҳам қатнашган эмас. Биз уни таниймиз. У Қозоғистонга концерт бергани тез-тез бориб турар эди”,-деди Озодлик радиоси қирғиз хизматига IT-мутахасис Азиз Абакиров.

Қирғизистонлик фаоллар видео намойиш этилгани ортидан қозоқ ҳукуматини аҳолига ёлғон маълумот тарқатмасликка чақирмоқда.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги бу масалада Қозоғистоннинг тегишли ҳукумат органлари билан ҳамкорликда суриштирув иши олиб борилаётганини маълум қилди.

Қозоғистон ИИВ: “Қуролланган 300 киши мамлакатни тарк этаётганида қўлга олинди”

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги 9 январь куни “қуролланган 300 киши мамлакатни тарк этаётганида қўлга олинди”, деб хабар берди.

“Қуролланган одамлар автомашиналарда ва пиёда қочиб бораётганларида ушланди.Уларнинг олдиларида қуроллар, ўғирланган қимматбаҳо буюмлар, мобил телефонлар, катта миқдорда пул бўлган”,-дейилади расмий билдирувда.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Қозоғистонда 2 январда бошланган митинг ва тартибсизликларда 18 полициячи ҳалок бўлди, 1300 полициячи яраланди.

6 январдан бери Қозоғистонда “аксилтеррор амалиёти” ўтказилмоқда. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев куч органларига “огоҳлантиришсиз отиш” тўғрисида буйруқ берди. Халқаро ташкилотлар президентнинг бу буйруғини танқид қилиб, фуқароларга қараата ўқ отишни тўхтатишга чақирди.

Қозоғистонда 10 январь миллий мотам куни сифатида эълон қилинди.

Қозоғистонда камида 5 минг киши қўлга олинди. Олмаотада "отишма"лар давом этмоқда

Қозоғистондаги сўнгги воқеалар пайтида 5135 нафардан кўпроқ шахс қўлга олинди, деб билдирди Ички ишлар вазирлиги 9 январь куни.

Расман билдирилишича, қотиллик, ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қилиш, талончилик, безорилик ва ўғирлик фактлари асосида 125 та жиноят иши қўзғатилди.

Олмаота вилоятида махсус амалиёт давом этмоқда. Вилоят коменданти Серик Кудебаев аҳолини тинчликни сақлашга чақирди ва қонун талабларини бузган ҳар бир киши ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан жазоланишини билдирди.

Шунга қарамай, Олмаотада тунда “қаттиқ отишма” бўлгани тўғрисида шаҳар ҳокими ўринбосари Ержан Бабакумаров Хабар-24 телеканалига маълум қилди.

“Жангарилар ҳали ҳам қуролли қаршилик кўрсатишда давом этаяпти. Вазият барқарорлашаяпти, бироқ қаттиқ қаршилик кўрсатишлар кузатилаяпти”,-деди ҳоким ўринбосари.

Ички ишлар вазирлиги билдирувида таъкидланишича, 5 январь куни “Олмаотага бир вақтнинг ўзида 20 минг киши кириб келган”. Тартибсизликлар вақтида полициянинг 350 та автомашинаси ёндирилган ва вайрон қилинган.

“Жиноятчилар полиция ходимларининг формасини кийиб олиб, ҳокимият обрўсини тўкишга қаратилган ҳаракатларни содир этган”,-дейилади расмий баёнотда.

Қозоғистонда тинч аҳоли, жумладан, болалар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар кўпаймоқда

Олма-Отадаги тартибсизликлар вақтида 11 ёшли бола отиб ўлдирилди.

Бу ҳақда ОАВ, жумладан КазТАГ ва Интерфакс ахборот агентликлари Бола ҳуқуқлари бўйича омбудсман Аружан Саинга асосланиб хабар бермоқда. Унинг сўзларига кўра, бола 5 январ куни ота-онаси билан кўчада кетаётганида отиб ўлдирилган.

Саин, шунингдек, 15 ёшли ўсмир оғир жароҳатлар билан Олма-Отадаги касалхонада ётганини айтди. Унинг отаси ҳам яраланиб, касалхонага ётқизилган. Саиннинг сўзларига кўра, у машина ҳайдаб кетаётган пайтда ўқ еган.

8 январ куни "Jerusalem Post" газетаси Исроил ташқи ишлар вазирлигига таяниб, Олма-Отадаги тартибсизликлар чоғида 22 ёшли Исроил ватандоши Леван Когиашвили ҳалок бўлганини хабар қилди. Исроил ҳукумати ҳозирда жасадни ўз ватанига етказишни ташкиллаштирмоқда.

Orda.kz сайти ўзининг телеграм-каналида Олмаота ўликхонасида журналистлар тўплаган маълумотларни эълон қилди. У ерда бўлганлар ўз яқинлари, жумладан, тўрт ёшли қизалоқнинг ўқдан ҳалок бўлгани ҳақида гапиришди.
Ҳозиргача бу хабарлар расман рад этилмаган ёки тасдиқланмаган.

Ички ишлар вазирлиги ҳалок бўлганлар ва ярадорлар ҳақидаги маълумотларни охирги марта 7 январ куни янгилаган эди. Кейин 18 нафар хавфсизлик ходими ва 26 нафар тинч аҳоли вакилларининг ўлими ҳақида хабар берилди (бу одамларга нисбатан “ликвидация” атамаси ишлатилган). Жами, ҳукумат хабарларига биноан, 748 киши жароҳатланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG