4 январь оқшомига келиб, норозилик намойишлари деярли бутун мамлакатни қамраб олди.
Қозоғистонда айрим темир йўл вокзаллари ёпилди
“Қозоғистон темир йўли” -ҚТЙ ширкатининг 5 январда билдиришича, Атирау, Ақтўбў, Олмаота темир йўл вокзаллари ёпилди.
“Олмаота шаҳрида, Мангистау ва Олмаота вилоятларида фавқулодда ҳолат жорий этилгани ортидан Макат ва Жем вокзаллари ёпилди. Бундан ташқари Олмаота -1, Олмаота -2, Мнгистау, Атирау, Ақтўбў, Нур-Султон йўналишлари бўйича поезд қатновлари тўхтатилди”,-дейилади расмий баёнотда.
5 январь куни тушдан кейин Олмаотадаги норозилар шаҳар ҳокимияти биносига бостириб кирди. Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, мамлакат бўйлаб норозилик митингларида иштирок этган 200 киши қўлга олинди.
Ички ишлар вазирлиги норозилар ва полиция тўқнашувида 95 полициячи жароҳатланганини, 37 та полиция автомашинасига зарар етказилганини ҳам таъкидлади. Норозилар орасида жабрланганлар тўғрисида вазирлик маълумот бермади.
5 январь куни минглаб намойишчилар Олмаота шаҳар ҳокимлиги биносини эгаллаб олди. Уларга қарши шовқинли гратаналар ишлатган полиция кучлари намойишчиларни тўхтата олмаган. Бу ҳақда Озодлик қозоқ хизмати хабар бермоқда.
“Нур Отан” партиясининг Олмаотадаги офисида ёнғин бўлмоқда
Олмаота шаҳрининг Тўлабий кўчасидаги бизнес-марказ биносида “Нур Отан” партияси офиси ёнмоқда, деб хабар берди Озодликнинг қозоқ хизмати мухбири.
Воқеа жойида ёнғин хавфсизлиги хизмати машиналари йўқ – ўтни ҳеч ким ўчирмаяпти. Кўчада полиция автоуловлари ҳам кўринмайди.
Бинода тутун қачон пайдо бўлгани номаълум. Кеча Тўлабий кўчасидан намойишчилар ўтган эди. Бироқ гувоҳлар бинода ёнғин анча аввал бошланганини айтишмоқда.
“Нур Отан” партиясининг Олмаота шуъбаси телефон қўнғироқларига жавоб бермаяпти.
Бугун Тўлабий кўчасида транспорт ҳаракати чекланган, автоуловлар фақат бир томонга юрмоқда.
5 январь куни ИИВ “жамоат тартибини бузгани учун” 200 дан ортиқ киши қўлга олинганини билдирди. Расмийлар намойишчилардан қанчаси жабрлангани ҳақида маълумот беришгани йўқ. ИИВга кўра, “ҳокимият вакилига нисбатан куч ишлатиш, безорилик, давлат идоралари биноларига ҳужум қилиш” билан боғлиқ 13 та факт бўйича жиноят ишлари тергов қилинмоқда.
“Бу хатти-ҳаракатлар натижасида ички ишлар идораларининг 95 нафар ходимига тан жароҳатлари етказилган. 37 та хизмат автомобили зарарланган”, дейилади вазирлик баёнотида.
5 январга ўтар кечаси Қозоғистон расмийлари майдонларда юз бераётган воқеаларни “тартибсизлик” деб аташди ва митингчиларни ёруғлик-шовқин гранаталари ҳамда кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган ҳолда куч билан тарқатишга киришилди.
Суюлтирилган газ баҳоси икки баравар ошгани ортидан мамлакат ғарбида бошланган оммавий норозилик манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфо берди.