Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:18

Қозоғистон: Намойишчилар Олмаота ҳокимлиги биносини эгаллаб олди. Бино ёнмоқда


Олмаота шаҳар ҳокимлиги биноси, 5 январь, 2022.
Олмаота шаҳар ҳокимлиги биноси, 5 январь, 2022.

Ёнилғи нархининг оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг бу ҳақдаги фармони 5 январь куни эрталаб эълон қилинди. Ғарбий Жанаўзен шаҳрида янги йил кириб келиши ортидан суюлтирилган газ нархларининг оширилишига қарши бошланиб кетган норозилик тезда мамлакатнинг бошқа шаҳарларига ёйилди. Ҳукумат газ нархи туширилишини эълон қилишига қарамай, норозиликлар тўхтамади - намойишчилар сиёсий талабларни илгари суришди. Улар ҳукумат истеъфоси ва мамлакат биринчи президенти, Хавфсизлик кенгаши раиси Нурсултон Назарбоевнинг сиёсатдан кетишини талаб қила бошладилар. 4 январь оқшомига келиб, норозилик намойишлари деярли бутун мамлакатни қамраб олди.

5 январь куни минглаб намойишчилар Олмаота шаҳар ҳокимлиги биносини эгаллаб олди. Уларга қарши шовқинли гратаналар ишлатган полиция кучлари намойишчиларни тўхтата олмаган. Бу ҳақда Озодлик қозоқ хизмати хабар бермоқда.

Аввалроқ шаҳар ҳокимияти ва прокуртаураси биноларида ёнғин чиққани хабар қилинган.

Ҳокимият биносини эгаллаб олган намойишчилар "Олға, Қозоғистон" дея ҳайқиришмоқда.

Президент Тоқаевга кўра, бош вазир Асқар Мамин ўз хоҳиши билан истеъфо аризасини ёзган. Қозоғистон Конституциясига биноан, бош вазир истеъфога чиққан тақдирда бутун ҳукуматнинг ваколатлари тугатилади.

Тоқаев “ижро ҳокимиятининг асосий вазифаларидан бири – инфляцияни жиловлаш”ни уддалай олмаганини ва бу вазифани ҳали тўлиқ шаклланмаган янги вазирлар маҳкамасига топширилишини маълум қилган.

Президент Манғистау вилоятига йўлланган ҳукумат комиссияси, кучишлатар тузилмалар ҳамда вилоят акими “вазиятни барқарорлаштириш” бўйича ўз вазифаларини бажарди, деб ҳисоблайди. Бироқ Манғистау вилоятидаги фаоллар ушбу комиссия кимлар билан учрашганидан бехабар эканликларини айтишмоқда, 3 январь куни эса намойишчилар музокара қилгани борган вилоят ҳокими Нурлан Ноғаевни майдондан қувиб солганлар.

Тоқаев “суюлтирилган газ нархлари ошиши билан боғлиқ норозилик вазияти аввало ҳукумат, хусусан, энергетика вазирлиги ҳамда “Қазмунайгаз” ва “Қазақгаз” ширкатлари айби билан юзага келган”ини урғулаган.

Президент фикрича, “фавқулодда ҳолат тартиби жорий этилганидан сўнг Олмаотада ва Манғистау вилоятида вазият секин-аста ўнгланмоқда”. У бу борада “асосий масъулият ИИВ, Тез ҳаракат қилувчи кучлар ҳамда Миллий гварди зиммасига тушган”ини ва улар “ўз вазифасини муваффақиятли адо этаётганини” билдирган.

Президентнинг мазкур баёноти намойишлар куч билан бостирилаётгани манзарасида эълон қилинган: ИИВ маълумотига кўра, 5 январга ўтар кечаси қарийб 200 киши қўлга олинган. Тасдиқланмаган хабарларда эса полиция бўлимларига келтирилганлар сони анча кўплиги айтилмоқда.

Нарх икки карра қимматлашувига ва алал-оқибат оммавий намойишларга олиб келган суюлтирилган газни биржа орқали сотиш қарорига тўхталаркан, президент Тоқаев “суюлтирилган газ савдосини ташкил қилиш ва ўтказиш қоидалари ишлаб чиқилмаган”ини қайд этган.

“Электрон савдолар чоғида нархлар кўтарилишини чеклаш механизмлари назарда тутилмаган. Натижада энергетика вазирлиги ошиғич чора кўриш ва электрон савдоларни тўхтатиб туришга имкон топа олмаган”, деган президент.

Шу билан бирга, Тоқаев “ҳеч ким ҳамиша ўз зарарига сотмайди”, дея урғулаган.

Пировардида президент суюлтирилган газ, бензин ва дизель ёқилғиси нархлари 180 кун давомида давлат томонидан тартибга солиш, ижтимоий муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари давлат назоратига олиш, “Жисмоний шахсларни банкрот деб топиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича ва яна бир қатор “қўшимча кўрсатмалар” берган.

Олмаота шаҳридаги “Олтин ўрда” бозори ҳудудида 5 январь куни эрталаб полиция махсус отряди намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ҳамда ёруғлик-шовқин гранаталарини қўллади, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.

Маҳаллий вақт билан соат 8 ларга яқин бозор атрофида йўллар тўсилиб, жамоат транспорти қатнови тўхтатилган. Эрталаб у ерда нарх-наво қимматлашганига қарши норозилик билдиргани чиққан 200 чоғли намойишчи бор эди.

“Бизга ойига 80 минг танга маош тўлашади. Одам каби яшашга етмайди бу. Озиқ-овқат қиммат”, деган Озодлик мухбирига намойишчилардан бири.

Шундан сўнг намойишчилар кўча бўйлаб Қалқаман туманига йўналишганида уларнинг йўлини полиция махсус бўлинмалари тўсиб чиққан. Кучишлатар ходимлар намойишчиларни тарқатиш учун ёруғлик-шовқин гранаталари, кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқлар қўллаганлар.

Граната ва снарядлардан бир нечтаси Райимберди шоҳкўчаси ёқасидаги турар-жой бинолари ёнида портлаб, квартиралар ойналарига зарар етказган. Шунингдек, кўча бўйлаб жойлашган полиция будкалари ҳам шикастланган. Намойишчилар эрталаб Райимбек шоҳкўчасидан Мамишули шоҳкўчаси томонга юрганлар.

Сешанба оқшомидан бошлаб шаҳарнинг турли ҳудудларида ҳукуматга қарши намойишчилар билан полиция ўртасида тўқнашувлар юз берган. Тунги воқеалардан сўнг Олмаотада жамоат транспорти ишламаяпти – бу фавқулодда ҳолат доирасида жорий этилган чоралардан биридир. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Олмаота шаҳри ва Манғистау вилоятида 5 январь соат 1:30 дан 19 январгача фавқулодда ҳолат эълон қилган. Олмаота ва Нур-Султонда сешанба оқшомидан бери мобил интернет ишламаётгани айтилмоқда.

4 январь куни кечқурун Тоқаев фуқаровий ва ҳарбий муассасалар хизмат биноларига ҳужум қилишга чақириқлар қонунга зидлиги ҳақида огоҳлантирган. “Ҳокимият қуламайди, аммо бизга можаро эмас, балки ўзаро ишонч ва мулоқот керак”, деган Тоқаев.

Президент Республика майдонида полиция намойишчиларга қарши махсус воситалардан фойдаланганидан сўнг баёнот билан чиққан. Кечаси майдондан ёруғлик-шовқин гранаталари портлаши саси эшитилиб турган.

ИИВ намойишларни тарқатиш чоғида қўлга олинган ва жабрланганлар сони ҳақида маълумот берганича йўқ. 5 январь куни эрталаб Олмаота ҳокими Бақитжан Сағинтаев шаҳарда вазият расмийлар назоратига ўтганини билдирган. Ҳокимга кўра, ҳуқуқ-тартибот кучлари томонидан “вазиятни барқарорлаштириш, хавфсизлик, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда”.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 5 январь куни ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Президент матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, бош вазир вазифасини бажариш вақтинча ҳукумат раҳбарининг биринчи ўринбосари Алихан Смаиловга топширилган.

“Давлат раҳбари Қозоғистон конституциясининг 70-моддасига мувофиқ равишда ҳукумат истеъфосини қабул қилишга қарор қилди”, дейилган Ақўрда сайтида.

Янги кабинет таркиби тасдиқлангунига қадар ҳукумат аъзолари ўз вазифаларини бажаришда давом этиб турадилар.

Ҳукумат истеъфоси мамлакат ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида бошланган оммавий норозилик чиқишлари манзарасида юз берди. Даставвал норозилар Ғарбий Қозоғистондаги аҳолининг катта қисми автомашинасига қуядиган суюлтирилган газ нархини пасайтиришни талаб қилиб чиқишган. Ёқилғининг бу тури янги йил бошидан икки баравар қимматлаган эди.

Норозилик чиқишларининг учинчи куни расмийлар суюлтирилган газ нархини талаб қилинган даражагача (50 тенге) пасайтиришга рози бўлганлар, бироқ намойишчилар эндиликда сиёсий талаблар, хусусан ҳукумат истеъфосини талаб қила бошлаган эдилар.

Намойишлар авж олиши ортидан Қозоғистон президенти 4 январь куни Олмаота шаҳри ва Манғистау вилоятида фавқулодда ҳолат тартибини жорий қилиш ҳақидаги фармонларни имзолаган.

Уральск шаҳридаги намойиш (Ғарбий Қозоғистон минтақаси), 2022 йилнинг 4 январи
Уральск шаҳридаги намойиш (Ғарбий Қозоғистон минтақаси), 2022 йилнинг 4 январи

Сешанба куни Нур-Султон дохил Қозоғистоннинг барча шаҳарларида бир томонда автомобил ёнилғи нархларининг оширилишига қарши намойишчилар, иккинчи томонда эса полиция, махсус кучлар ва ҳарбийлар ўртасида тўқнашувлар юз берган.

Хабарларга кўра, учинчи кун давом этган норозилик намойишлари қатнашчилари сиёсий талабларни илгари суришмоқда, жумладан, мамлакат Хавфсизлик кенгаши раиси Нурсултон Назарбоевнинг истеъфосига чақириқлар янграган.

Нур-Султонда кўп минг кишилик оломон "Чол,кет!" деган шиорларни кўтариб ҳайқирган. Бунга жавобан ҳарбийлар ва полиция махсус бўлинмалари намойишчиларга қарши газ ва шовқинли гранаталарни ишлатган. Бунга қарамасдан намойишчилар тарқалмаётгани, майдон марказини эгаллашга уринаётгани хабар қилинади. Жабрланганлар ва қўлга олинганлар ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Олмаотада, дастлабки хабарларга кўра, 200 дан ортиқ одам ҳибсга олинган. Шаҳарнинг марказий майдони ва унга олиб борувчи кўчалар ёпиб қўйилган. Махсус воситаларни ишга солаётган полиция кучлари намойишчилар билан тўқнашаётгани хабар қилинади. Қатор ахборот воситалари бўлаётган ҳодисаларни "кўча жанглари" деб атамоқда.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев намойишчиларни "бузғунчи кучлар чақириқларига учмаслик" ҳақида огоҳлантирди. У қандай кучларни назарда тутганига аниқлик киритмади, аммо "улар жамиятдаги барқарорлик ва бирдамликка путур етказиш ниятида" эканлигини таъкидлади.

4 январь оқшомида Твиттер саҳифасидаги хабарида Қозоғистон раҳбари намойишчиларнинг ижтимоий-иқтисодий характердаги талаблари ҳукуматнинг чоршанба куни Нур-Султондаги йиғилишида алоҳида кўриб чиқилишини билдирди. Аввалроқ Тоқаевнинг матбуот котиби 5 январь куни президент "ҳукумат аъзолари, президент администрацияси ходимлари ҳамда бошқа манфаатдор органлар вакиллари иштирокида мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга бағишланган йиғилиш ўтказиши"ни маълум қилган эди.

Манғистау вилоятининг Жанаўзен ва Ақтау шаҳарларида суюлтирилган газ нархини икки бараварга тушириш талаби билан норозилик акциясига чиққан одамлар сешанба куни ҳам майдонларни тарк этмади. Ақтауда намойишчилар чодир ва ўтовлар тикиб олган, майдонда юзлаб одам бор. Уларга қўшни минтақалар, жумладан, Ақтўбе, Уральск ва Чимкентдан одамлар келиб қўшилаётгани айтилмоқда.

Ақтау турғуни Эсберди Асауов Озодликнинг қозоқ хизмати мухбирига 3 январь куни майдонда тахминан олти минг чоғли оломон, жумладан, болали аёллар бўлганини, улар ҳузурига вилоят акими Нурлан Ноғаев келганини айтди.

Акимат биноси қаршисидаги Интимақ майдонини эгаллаган намойишчилар мамлакатнинг амалдаги ҳукуматини истеъфога чақирган. Суюлтирилган газни арзонлаштиришдан бошланган талаблар кенгайган: Асауовга кўра, норозилар ўзига хос резолюция эълон қилиб, унда коррупция ва ошна-оғайнигарчиликка барҳам беришни, фабрика-заводлар қуриб, ишсизликни қисқартиришни талаб қилганлар.

Қозоғистон шаҳарларида одамлар газ нархининг кўтарилишига қарши намойишга чиқди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:42 0:00

Ижтимоий тармоқларда ёйинланган видеоларда Ақтау майдонида тўпланган юзлаб киши “Шал, кет!” (“Чол, кет!”) деб хитоб қилаётгани акс этган. Бу шиор собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг сиёсатдан кетиши талаби билан ўтказиладиган кўплаб норозилик акцияларида янграйди.

Ақтаулик Эсберди Асауовга кўра, норозилар яна “Шалдар, кетіңдер!” (“Чоллар, кетинглар!”) деб ҳам қичқиришган. Тўпланганлар олов ёқиб иссиқ овқат пиширишига полиция йўл қўймаган, аммо яқин-атрофда яшовчи аҳоли намойишчиларга егуликлар келтириб берган. Бугун эрталаб Интимақ майдони полиция томонидан қуршаб олинган, майдонга элтувчи йўл эса тўсиб қўйилган эди.

“Намойишчиларнинг аксарияти – ёшлар. Бир неча марта орамизга маст-аласт кимсаларни тиқиб, иғво чиқаришга уриниб кўришди. Лекин биз провокацияларга учмаймиз”, дейди Эсберди Асауов.

Кечаси билан Ақтау майдонида намойишчилар билан бўлган касаба уюшма етакчиси ва собиқ сиёсий маҳкум Амин Елеусинов Озодлик билан суҳбатда улар “тизимдаги барчанинг” истеъфога чиқишини талаб қилишаётганини айтди. Шунингдек, у майдонда чодир ва ўтовлар тикилганини тасдиқлади.

4 январь куни Ақтауга бош вазир ўринбосари Эрали Туғжанов бошлиқ комиссия келиши маълум бўлган эди. Комиссия шаҳарга етиб боргани ёки бормагани ҳозирча маълум эмас. Маҳаллий вақт билан соат 10.00 да комиссия ҳали етиб келмаганди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев “Twitter”даги саҳифасида Ақтауда ҳукумат комиссияси иш бошлаганини ва намойишчилар “масъулиятни ҳис этиб, мулоқотга тайёрликларини кўрсатишлари лозим”лиги ҳақида хабар қолдирди.

Фаолларнинг сўзларига кўра, Ақтау майдони атрофидаги қарийб икки чақирим радиусда мобил интернет ўчирилган. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ақтауга қўшни ҳудудлардан икки учоқда аскар жўнатилгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлганди. Ақтауда намойиш қилаётганлар айтишича, улар маҳаллий хавфсизлик кучлари ходимларини кўришган.

Ақтаудаги митингга кўпчилик 13 чақирим наридаги Манғишлоқ бекатидан (Мунайли тумани) пиёда келган. Бундан ташқари, бошқа минтақалар, хусусан, Чимкент ва Уральскдан келганлар ҳам бор.

Норозилик 2 январь куни Манғистов вилоятининг нефтчилар шаҳри бўлмиш Жанаўзен аҳолисининг янги йилда кескин қимматлаган газ нархини туширишни талаб қилишидан бошланган эди. Бошқа шаҳар ва минтақалар аҳолиси жанаўзенликлар билан якдиллигини билдирмоқда.

Жанаўзен шаҳридаги майдонда, маҳаллий фаоллар айтишича, сешанбага ўтар кечаси икки минг нафарга яқин намойишчи бўлган. Одамлар кечаси галма-галдан нутқ сўзлаганлар, аксари “углеводородларга бой мамлакатда одамлар газни арзонлаштиришни талаб қилишга мажбур бўлаётгани адолатсизлик” эканлигини урғулаган.

Жанаўзенда намойишчилар суюлтирилган газ нархини литрига 50 тангага туширишни, келгусида газ тақчиллашуви юзага келмаслигига кафолат берилишини, шунингдек, шаҳар акими Мақсат Ибагаров ҳамда вилоят раҳбари Нурлан Ноғаевнинг истеъфосини талаб қилишмоқда.

Тунги митингда сўзга чиққанлардан айримлари “вилоят акими, агар одамлар фақат газ важидан тўпланган, деб ўйлаётган бўлса, адашган”ини айтишди. Пенсионер Қулмурот Султонбоевга кўра, ишсизлик, ичимлик суви тақчиллиги каби муаммолар “ўз-ўзидан йўқолмайди” ва одамлар “бундан кейин ҳам тўпланаверишади”. Айрим намойишчилар газ нархи шаклланишига ёндашувни қонунчилик даражасида қайта кўриб чиқишга чақирганлар.

Манғистау вилояти маъмурий маркази бўлмиш Ақтауда ўтган кеча бир гуруҳ намойишчи полиция қуршовида тутилган: норозилар дастлаб акиматга туташ марказий йўллардан бирини тўсиб қўйишган эди, сўнгра полиция уларни майдонга сиқиб чиқарган.

Душанба куни Қорақия туманининг Жетибой қишлоғи аҳли жанаўзенликларни қўллаб-қувватлаб, Жанаўзен билан Ақтауни боғловчи трассани, шунингдек, мазкур туман маъмурий маркази бўлмиш Қуриқ шаҳарчасига элтувчи йўлни тўсиб қўйди. Натижада Қуриқ портидан қўшни минтақаларга жўнаши керак бўлган юк машиналари йўлга чиқа олмади.

Нур-Султон, Олмаота ва Чимкентда митингчилар қўлга олинмоқда

4 январь куни пойтахтда полиция шаҳар акимати ёнида камида уч кишини қўлга олди. Озодлик мухбирининг воқеа жойидан хабар беришича, қўлга олиш чоғида митингчилардан бири “Чол, кет!” дея қичқирган, икки кишига нисбатан куч ишлатилган. Улар Озодлик мухбирига жанаўзенликларни дастаклаш учун акцияга чиқишганини, бироқ “уй-жой муаммоси”ни ҳал этишни талаб қилишганини билдирганлар.

Нур-Султон акимати яқинида ҳамон бир нечта автозак турибди. Ҳудудда мобил интернет узиб қўйилган.

Олмаотада 4 январь куни Республика майдони тўсилиб, мобил интернет чеклаб қўйилди. Полиция одамларни майдонга ўтказмаяпти, бу эса норозилик ортишига сабаб бўлаётир.

Чимкентда полиция ўнлаб кишиларни акимат биноси қаршисидаги эҳтимолий митинг жойидан куч билан олиб кетди. Одамлар манғистауликларга далда бўлувчи сўзлар айтишди, нарх-наво кўтарилишини тўхтатишни ва иш ҳақларини оширишни талаб қилишди.

Қўлга олиш чоғида митингчилар “Назарбоев, кет!” ва “Биз Манғистау биланмиз!” дея қичқиришди.

Фуқаро кийимидаги номаълум кишилар Озодлик мухбирининг ишлашига халал бериб, унинг воқеаларни видеотасвирга олишига имкон беришмаган.

Намойишчиларни Қозоғистоннинг турли сиёсий кучлари ва фаоллари қўллаб-қувватламоқда.

Аввалроқ, чет элда яшаётган мухолиф сиёсатчи Мухтор Аблязов ўз тарафдорларини 4 январь куни митингга чиқишга даъват қилган эди.

Полиция “профилактика тариқасида” одамларни қўлга олмоқда, митингга чиққанлар жавобгарликка тортиляпти. Хусусан, Олмаотада камида ўн нафар фаолга маъмурий қамоқ тайинланди.

XS
SM
MD
LG