Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2024, Тошкент вақти: 01:10
Қирғиз-тожик чегарасидаги Тўрткўча ҳудуди
Қирғиз-тожик чегарасидаги Тўрткўча ҳудуди

Қирғиз-тожик чегараси: Қуролли тўқнашув ортидан томонлар ўт очишни тўхтатишга келишди

  • 27 январь оқшомида қирғиз-тожик чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида отишма юз берди.
  • Чегарадаги отишма маҳаллий вақт билан соат 19:30 да (Тошкент вақти билан соат 18:30) бошланди.
  • Гувоҳларнинг билдиришича, отишма тонгги соат 4 гача давом этган, Сабаблар ҳақидаги баёнотлар зиддиятли.
  • Расмий баёнотларга кўра, чегарадаги Тўрткўча ҳудудида икки давлат фуқаролари ўртасида низо келиб чиққан.
  • Тожик томони, биринчи бўлиб қирғиз чегарачилари ўқ узгани, қирғиз томони эса, тожик чегарачилари ўқ узганини даъво қилди.
  • Тожикистон расмийлари ҳодисада 2 тожикистонлик ўлган, 10 нафари жароҳатланган, деб баёнот берди.
  • Қирғизистон расмийлари эса 11 ҳарбий жароҳатланганини билдирди.
  • Қирғизистон томони, отишма бўлган ҳудуддан 24 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинганини билдирди.
  • 28 январь, маҳаллий вақт билан тонгги соат 4 ларда томонлар отишмани тўхтатишга келишгани хабар қилинди.
  • Қирғизистон расмийлари инцидент юзасидан жиноят иши қўзғатилгани, томонлар сабаблар бўйича сўзлашувни давом эттираётганини билдирди.

Манбалар: ҳалок бўлган тожикистонлик 36 яшар оддий фуқародир

Озодлик радиоси тожик хизмати манбаларига кўра, ҳалок бўлган тожикистонлик Ҳожаи Аълон қишлоғида яшовчи 36 яшар Обиджон Тўйчиевдир.

Исфара туманидаги Чоркуҳ қишлоғи жамоа кенгаши раисининг даъво қилишича, Тўйчиев қирғиз томонидан отилган ўқдан ўлган.

"Обиджон милиция ходими эмас, у камбағалгина оиланинг фарзанди эди", деди Озодлик радиоси тожик хизматининг суҳбатдоши.

Боткенлик мулозим: жароҳатланган 4 ҳарбий вилоят марказига олиб борилмоқда

Боткен вилоятидаги соғлиқни сақлаш ишлари бўйича расмийнинг Озодлик қирғиз хизматига билдиришича, отишмада жароҳатланган 4 ҳарбий вилоят марказий шифохонасига олиб кетилмоқда.

Жароҳатланганлар Кўк-тош қишлоғида эди. Уларни 2 та Тез ёрдам машинасида транспортировка қилишмоқда.

Қирғизистон чегара қўмитаси: 3 пунктда отишмалар давом этмоқда

Қирғизистон чегара қўмитасининг билдиришича, маҳаллий вақт билан соат 22:18да, икки томон чегара хизматлари раҳбарлари - Уланбек Шаршеев ва Ражабали Раҳмонали телефонда вазиятни муҳокама қилган.

Томонлар ўқ очишни тўхтатиш ҳақида гаплашишган. Озодлик радиоси қирғиз хизматининг хабар қилишича, Шаршеев айнан тожик томони ўт очишни тўхтатмаётгани, бундан ташқари чегара ҳудудига қўшимча ҳарбий ва техника келтираётганини таъкидлаган.

Бунга қадар, Исфара ҳокимлиги матбуот котиби Зубайдулло Шамодов, Қирғизистон томони чегарани тўсиб олгани ва шу боис, маҳаллий ҳокимият вазиятни муҳокама қилиш учун шошилинч йиғилиш ўтказганини айтган эди. Тожикистон томони бу борада бошқа расмий маълумот бергани йўқ.

Қирғизистон чегара қўмитасига кўра, маҳаллий вақт билан соат 23 да ҳам Эки-Таш, Қум-Базар, Чир-Добо пунктларида отишмалар давом этаётган эди.

Тожикистон томони чегарадаги отишма бўйича расмий баёнот эълон қилди

Бу баёнот "Ховар" расмий ахборот агентлигида эълон қилинди. Унда таъкидланишича, чегарадаги инцидент 27 январь куни соат 17:20 да бошланган.

Тожик томонига кўра, Қирғизистоннинг Боткен вилояти, Ақсай қишлоғининг 50 га яқин яшовчиси Хўжаи Аъло аҳоли пунктидаги кўприк устида Тожикистон фуқаросига тегишли "Портер" русумидаги автомобилни мажбурлаб, тўхтатиб олган.

Автомобил Тожикистонга қарашли Хўжаи Аъло пунктидан Тожикистоннинг Исфара туманидаги Сомониён қишлоғига кетаётган бўлган.

Натижада, икки давлат фуқаролари ўртасидаги зиддиятни ҳал қилиш учун, Исфара тумани маҳаллий орган ва куч ишлатар тузилма вакиллари шошилинч йиғилган ҳамда Қирғизистон томонини ҳам таклиф қилган.

"Бироқ Қирғизистон томони учрашувга келмади. Бунинг ўрнига 18:10ларга бориб, қирғиз чегарачилари ўқ отар қуролдан Тожикистоннинг тинч фуқаролари томон ўт очишни бошлади", дейилади Тожикистон чегара хизматига таяниб, "Ховар" агентлиги тарқатган хабарда.

Расмий баёнотда, қўшни давлат томонидан ҳануз ўқ узилаётгани, тинч аҳоли ва тожик чегарачилари орасида жароҳатланганлар борлиги айтилган. Аммо, аниқ рақамлар келтирилмаган.

Бунга қадар Қирғизистон чегара хизмати, маҳаллий вақт билан 17:30 дан 18:00 га қадар тожик чегарачилари бир томонлама тартибда, Боткен-Исфана йўналишидаги Тўрт-Кўча, деб аталган чорраҳани ёпиб қўйди, деб билдирган эди.

Кейинчалик вазият тожик томонидан ўқ узилгани боис кескинлашиб кетди, деб таъкидланди Қирғизистон чегара қўмитаси берган расмий баёнотда.

Қирғизистон – Тожикистон чегарасидаги Тўрткўча
Қирғизистон – Тожикистон чегарасидаги Тўрткўча

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG