Оқ уй Украинадаги америкаликларни икки кун ичида мамлакатни тарк этишга чақирди.
11 февраль куни Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Украинага қарши йирик ҳарбий операция қишки Олимпия ўйинлари тугашидан олдин бошланиши мумкинлигини айтиб, америкаликларни 48 соат ичида мамлакатни тарк этишга чорлади.
Салливан айни дамда Россия Украина чегараси яқинида йирик ҳарбий амалиёт ўтказиш учун етарли қўшин тўплаганини айтди.
АҚШ мулозими агар Россия Украинага ҳужум қилишга қарор қилса, амалиёт «ҳаводан бомбардимон қилиш ва ракета ҳужумлари билан бошланиши мумкинлигини, натижада тинч аҳолини вакиллари нобуд бўлиши мумкинлигини» қўшимча қилди.
Салливаннинг сўзларига кўра, бундай ҳаво ҳужуми Украинадан чиқиб кетишни мушкуллаштиради, шунинг учун ҳануз Украинада қолаётган америкаликлар «имкон қадар тезроқ ва, нима бўлганда ҳам, кейинги 24 – 48 соат ичида чиқиб кетиши керак».
Салливан АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 11 февраль куни айтган гапларни такрорлаб, Россия президенти Владимир Путин Пекиндаги Қишки Олимпиада ўйинлари тугашидан олдин Украинага ҳужум қилишни буюриши мумкинлигини таъкидлади.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси сўзларига кўра, Россия Украина пойтахти Киевга тезкор ҳужум уюштириши эҳтимолдан холи эмас.
Салливан Путин босқинни бошлаш тўғрисида аниқ буйруқ берганми ёки йўқми, ҳозирча номаълум эканлигини қўшимча қилди.
Россия Украинага бостириб кириш нияти борлигини рад этиб келади.
Салливаннинг бу чиқишидан олдин АҚШ президенти Жо Байден Европа давлатлари етакчилари билан видеомулоқот ўтказиб, вазият кескинлашаётган бир пайтда иттифоқчиларни бирдамликка чорлаган эди.
Вашингтон, шунингдек, Байден Украина билан чегарадош НАТО иттифоқчиси Польшага қўшимча 3 000 АҚШ аскарини юбориш тўғрисида буйруқ берганини эълон қилди.
Пентагон 11 февраль куни эълон қилган баёнотда айтилишича, қўшинлар «кейинги ҳафта бошида» Польшага етиб боради. Жорий ой бошида Польшага 1 700 га яқин америкалик аскар юборилганди.
11 февраль куни кечқурун Кремль Россия президенти Владимир Путиннинг 12 февраль куни Байден ва Франция президенти Эммануэль Макрон билан телефон орқали мулоқот қилишини маълум қилди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Путин ва Байден ўртасида телефон қўнғироғини уюштиришни Вашингтон таклиф қилганини айтди.
Путин ва Байден охирги марта декабрь ойида телефон орқали суҳбатлашган эди. Макрон билан эса жорий ҳафта бошида Путин Москвада учрашиб, беш соатдан ортиқ музокара ўтказди.
Кремль Ғарб давлатларидан «хавфсизлик кафолати» берилишини талаб этмоқда. Хусусан, Москва Украинанинг НАТОга қўшилмаслигини, Россия билан чегараларга ҳарбий техника жойлаштирилмаслигини, НАТО кучлари Шарқий Европадан олиб чиқиб кетилиши кафолатланишини сўраган.
11 февраль куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўз талаблари бўйича Европа Иттифоқи ёки НАТОдан тузук жавоб олмаганини билдирди.
«Содда қилиб айтганда, Россия эскалациясининг жуда хавотирли аломатларини, жумладан, Украина чегарасига янги қўшин жойлаштирилаётганини кўришда давом этмоқдамиз», - деди Блинкен 11 февраль куни Австралиянинг Мельбурн шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
«Аввал айтганимиздек, исталган фурсатда, жумладан, Олимпиада ўйинлари тугамасидан ҳужум бошланиши мумкин бўлган даврдамиз», - деди у.
Блинкен Вашингтон ўз элчихонасидаги ходимлар сонини озайтиришда давом этаётганини қўшимча қилди. Котиб Давлат департаментининг Украинадаги АҚШ фуқароларини зудлик билан мамлакатни тарк этишга қаратилган чақириғини яна такрорлади.
Россия Ғарбнинг босқин режалаштираётгани ҳақидаги айбловларини рад этмоқда. Аммо айни пайтда Россия Беларусда 30 000 га яқин аскар иштирокида ҳарбий машғулотларни ўтказмоқда.
Ғарб буни провокацион ҳаракат ўлароқ баҳолади. Қишки Олимпиада ўйинлари 20 февралгача давом этади. Одатда ўйинлар давомида барча ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилади, аммо ҳар доим ҳам эмас.
АҚШ Давлат департаменти аввалроқ Украинадаги америкаликларни Россия ҳарбий ҳаракатлари таҳдиди кучайгани учун зудлик билан мамлакатни тарк этишга чақирганди.
Ғарб Москванинг асосий талабларини бажариб бўлмаслигини айтиб келади.
Европа Иттифоқи ва НАТО жорий ҳафта аъзолар мамлакатлар бир овоздан гапиришга келишиб олганини билдирди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова 11 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида журналист саволига жавоб берар экан, «Бундай қадамни дипломатик одобсизлик ва бизнинг илтимосимизга нисбатан ҳурматсизлик белгиси сифатида кўришдан бошқа иложимиз йўқ», - деди.
Мудофаа вазири Сергей Шойгу эса Россия Европа хавфсизлиги бўйича АҚШ ва НАТО томонидан ўртага ташланган таклифларга «яқин келажакда» жавоб беришини айтди.
Шойгу 11 февраль куни Россия пойтахтига келган Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес билан музокара ўтказди.
«Интерфакс» агентлигининг хабар беришича, Шойгу Ғарбни Украинага қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатишга чақирган ҳамда Европада вазият кескинлашишига Россия айбдор эмаслигини таъкидлаган.
Шунингдек, Шойгу Лондон нима учун Украинага махсус кучларни
юбораётгани ҳақида сўраган.
Уоллес Шойгу билан музокаралар конструктив ва самимий бўлганини айтди. У Россиянинг Украинага бостириб кирмаслиги ҳақидаги кафолатларини жиддий қабул қилишини, бироқ бунинг амалда исботини кўришни хоҳлашини таъкидлади.
Уоллес Россия Украинага бостириб кирса, бунинг оқибатлари фожиали бўлишини яна бир бор такрорлади.
Шунингдек, вазир тўқнашув олдини олиш учун ҳарбий кучлар ўртасидаги алоқани сақлаб қолиш зарур эканлигини таъкидлади.