Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:29

Россия Хавфсизлик кенгашида "ДХР" ва "ЛХР"ни тан олиш масаласи кўрилди


Путин ЛНР ва ДНР мустақиллигини тан олишга ҳозирланяпти...ми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:16 0:00

Путин ЛНР ва ДНР мустақиллигини тан олишга ҳозирланяпти...ми?

Кремлда 21 февраль куни Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши ўтказилиб, унда Украина теварагидаги вазият ҳамда бу мамлакат шарқидаги ўзларини Донецк халқ республикаси (ДХР) ва Луганск халқ республикаси (ЛХР) деб атаб келаётган икки ҳудудни тан олиш масаласи муҳокама қилинди.

Даставвал Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилиши жонли эфирда трансляция қилиниши билдирилган, аммо иштирокчиларнинг қўл соатларидаги миллар ҳолатига кўра, у Москва вақти билан соат 12-13 ларда, яъни давлат каналларида намойиш этилганидан олдинроқ ўтказилган.


Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Россия бош вазири Михаил Мишустин, Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Мудофаа вазири Сергей Шойгу, куч ишлатар вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, парламентнинг иккала палатаси спикерлари, Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари ва собиқ президент Дмитрий Медведев, президентнинг округлардаги вакиллари ҳамда Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев иштирок этди.

Россия президенти Владимир Путин йиғилишни очар экан, “Минск битимлари доирасида Донбасс бўйича музокаралар олдинга силжишига умид йўқ”лигини айтди ва Киевни Донбасс бўйича музокараларни барбод қилишда айблади.

Россия президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари, ДХР ва ЛХРнинг Кремлдаги “куратори” ўлароқ танилган Дмитрий Козак ҳам “Украина ҳукумати Минск битимларини бажармайди”, деб айтди.

Украинанинг Донбасс хусусидаги таклифларини эса у “ҳуқуқий думбулларнинг ақли ҳосиласи” деб атади.

Дмитрий Медведев “Россия Ғарб учун Украинадан кўра муҳимроқ”лигини ва “буни украинларнинг ўзлари ҳам яхши тушуниши”ни айтди.

“Республикаларнинг тан олиши билан боғлиқ вазият бора-бора юмшайди, биз буни тажрибада кўрдик”, деди у ишонч билан, бўлгинчи тузилмаларни тан олиш таклифини дастакларкан.

Ташқи разведка хизмати бошлиғи Сергей Наришкин эса ДХР ва ЛХРни Россияга қўшиб олишни таклиф қилиб ҳаммадан ўтиб тушди.

“Мен Донецк ва Луганск халқ республикаларини Россия Федерацияси таркибига қўшиш таклифини қўллаб-қувватлайман”, деб юборди у.

“Биз бу ҳақда гапирмаяпмиз. Бу масала муҳокама қилинаётгани йўқ. Биз уларнинг мустақиллигини тан олиш-олмаслик тўғрисида гаплашяпмиз”, деди Путин унга жавобан.

“Ҳа, мен уларнинг мустақиллигини тан олиш таклифини қўллаб-қувватлайман”, деди Наришкин.

Хавфсизлик кенгашининг қолган аъзолари ҳам Донбасс бўлгинчиларини тан олиш қарорини якдиллик билан дастакладилар.

Барча бирма-бир сўзга чиқиб бўлгач, Путин ЛХР ва ДХРни тан олиш қарори бугуноқ (21 февраль) қабул қилинишини билдирди.

XS
SM
MD
LG