Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:04
25 февраль куни Киевни Россия ҳарбийларидан ҳимоя қилишга кўнгилли равишда қўшилган фуқароларга қурол тарқатилди.
25 февраль куни Киевни Россия ҳарбийларидан ҳимоя қилишга кўнгилли равишда қўшилган фуқароларга қурол тарқатилди.

Украина ҳужум остида: Зеленский Киев мудофаасида; ЕИ Путин ва Лавров активларини музлатди

  • 24 февраль тонгда Россия армияси Украинага ҳужум бошлади.
  • Ҳужум, Владимир Путин Донбасда махсус амалиёт ўтказилишини эълон қилиши биланоқ амалга оширилди.
  • Путин, Донецк ва Луганк ҳудудидаги украин ҳарбийларини қуролни топширишга чақирди.
  • Россия қўшинлари, бу икки айирмачи республика раҳбарларининг "сўрови билан" киритилди.
  • 21 февраль куни Россия, Украина шарқидаги икки айирмачи республикани мустақил, деб тан олган.
  • Украинада фавқулодда ҳолат жорий этилди, мамлакат бўйлаб кенг кўламли хакерлик ҳужуми кузатилмоқда.
  • НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, бу ҳужумни "халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши" деб қоралади.

Чехия ва Польша Россия самолëтларига ўз ҳаво ҳудудини ëпди

Россиянинг Украинага қарши урушига жавоб тариқасида Чехия ва Польша 26 февралдан бошлаб Россия авиакомпанияларининг ўз ҳудудига парвозини тақиқлади.

Бу Прага ва Варшава ҳукуматларининг Европа Иттифоқи қўллаган санкцияларга қўшимча сифатида киритган чоралардан биридир.

Чехия Бош вазири Петр Фиала ўз ҳукумати Украинага ëнилғи ва қон юбориши¸ шунингдек қочқинларга ëрдам учун 300 миллион чех кронаси ажратишини билдирди.

Бундан ташқари Прага ҳукумати Чехиянинг СССР пайтида тузилган икки халқаро банкдан чиқишини тезлатиш ва Россияга қарашли банкларнинг чех молия тизимидан фойдаланиш тартибини қайта кўриб чиқишини билдирди.

- Россия ëки Совет иттифоқининг тажовузига учраган давлат сифатида тарихий хотирамиз бизни бундай босқинга нисбатан таъсирчанқилиб қўйган¸ деди 25 февраль куни Чехия Бош вазири.

24 февраль куни Буюк Британия Россия учқичларининг мамлакат ҳаво ҳудудига киришини тақиқлади. Бунга жавобан Россия ҳам Британия авиакомпанияларининг ўз ҳудудига парвозларини тақиқлади.

Рамзан Қодиров Украина урушига минглаб чечен жангчисини юбормоқчи

“Чеченистон бугун” маҳаллий агентлигининг маълум қилишича¸ Чеченистон президенти Рамзан Қодиров Украинага қарши Россия урушида қатнашиш учун куч ишлатар тизимларининг 12 мингдан ошиқ жангчисини тўплаган.

Грозний марказида узундан узун навбатда турган минглаб жангчи¸ Қодировга кўра¸ “ўз ихтиëри билан Украинадаги махсус ҳарбий амалиëтга қўшилишга тайëр”.

Рамзан Қодиров минтақада Россия учун урушга киришга тайëр 70 минг одам борлигини иддао қилди.

“Ҳозирча биз ҳеч кимни юбормаяпмиз¸ ходимларимиз ўз объектларида Олий бош қўмондон томонидан берилган топшириқни бажармоқда. Аммо бу кўнгиллилар давлатимиз ва халқимиз хавфсизлиги учун исталган пайт исталган махсус операцияда қатнашишга тайëр”¸ деб иқтибос келтиради маҳаллий агентлик.

Айни пайтда¸ норасмий Телеграм каналлари Қодиров жангчиларининг Украинадаги уруш амалиëтларида қатнашаëтганини ëзмоқда.

Путин Украина армиясини қуролларини ташлашга чақирди

25 февраль куни Россия Хавфсизлик кенгаши мажлисида гапирган Владимир Путин Украина ҳарбийларини «ҳокимиятни ўз қўлига олиш»га чақирди.

«Киевда ўтириб¸ бутун украин халқини гаровда ушлаëтган наркоман ва неонацистлар шайкаси билан гаплашгандан кўра сизлар билан келишувга эришиш осонроқ бўлади»¸ деди Путин жумладан.

«Неонацист ва бандеровчиларнинг болаларингиз¸ аëл ва қарияларингизни жонли қалқон сифатида ишлатишига йўл қўйманглар»¸ деб мурожаат қилди Украина ҳарбийларига қарата Путин.

Путиннинг бундай кескин чиқиши арафасида Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Украина расмийлари билан музокара ўтказиш учун Минскка расмий делегация юборишга тайëрлигини билдирган эди.

25 февраль куни қилган видеомурожаатида Украина президенти Владимир Зеленский «инсоний талофатлар олдини олиш учун» Путинни музокаралар столига ўтиришга чақирди.

Хитой давлат телевидениеси хабарига кўра¸ 25 февраль куни президент Си Цзиньпин билан телефон суҳбатида Путин¸ "Россиянинг Украина билан юқори даражали музокарага тайëрлигини»ни билдирган.

БМТ: Уруш туфайли 4 миллионга яқин украиналик қочқинга айланиши мумкин!

БМТ ҳисоб-китобича¸ агар Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши давом этса¸ 4 миллионга яқин украиналик ўз уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлиши ва қочқинга айланиши мумкин.

Россия уруш бошлаганининг биринчи куни давомида камида 100 минг украиналик ўз уйини ташлаб кетган¸ улардан бир неча ўн мингги Молдова¸ Руминия ва Польша каби қўшни давлатлар ҳудудига қочиб ўтган.

БМТ Қочқинлар идораси расмийсининг билдиришича¸ ҳозирда халқаро ҳамжамият урушдан қочаëтган украиналикларга ëрдам беришга уринмоқда. Хусусан¸ ЕИ украиналик қочқинларни қабул қилишга тайëрлигини билдирди.

БМТ идораси урушнинг илк кунларида Украинадаги тинч аҳоли вакилларидан камида 127 нафари талофат кўргани¸ хусусан улардан 25 нафарининг нобуд бўлганини билдирди.

Украина аҳолиси орасидаги ҳақиқий талофат рақамларининг амалда бундан анча кўп экани тахмин қилинмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG