Россиянинг бир қанча ҳудудларида ҳаётий зарур даволаш воситалари танқислашиб кетгани айтилмоқда.
Март ойи охирларида уч мингдан ортиқ шифокор 80 дан зиёд дори камёб бўлиб қолганини билдирган эди.
Хусусан, қандли диабет ва қалқонсимон без хасталиклари муолажаси учун зарур препаратлар, яллиғланишга қарши, эпилепсияга қарши дорилар, аксилдепрассантлар ва орал контрацептивларни топиш қийин бўлмоқда.
Россия Украинага ҳужум қилиши ортидан жорий этилган санкциялар манзарасида Bayer (Германия) ва Pfizer (АҚШ) фармширкатлари Россияга инвестиция киритишни тўхтатди.
Eli Lilly ширкати (АҚШ) эса фармецевтика гигантлари орасида биринчи бўлиб мамлакатга дори-дармон етказиб беришни тўхтатиб туришга қарор қилди.
Айни чоғда Украинада уруш бошланганидан бери дори-дармонга талаб кескин ортиб, савдо ҳажми қарийб икки бараварга ошгани айтилмоқда.
“Россияда қалқонсимон безсиз яшаётган юз минглаб одамлар бор!”
– 2019 йилдан бери қалқонсимон без гормони ўриндоши – синтетик тироксин туфайли жон сақлаб келаман, умримнинг охиригача шундан олиб туришим керак, – дейди бемор Мария Чернова.
– Ўзимизда чиқадиган аналоглари таъсир қилмайди. Март ойи бошларидан Петербург дорихоналарида тироксин ғойиб бўлди. Нафақат Петербургда – мен бошқа шаҳарлардаги юзлаб аптекаларга қўнғироқ қилдим. Омскдаги бир дорихонада атиги икки қути қолган экан, биттасини менга сотишди.
Ҳозир қутининг ярми бўшаган – апрелнинг охиригача ҳеч нима қолмайди. Назарий жиҳатдан бир доза 7 кунга етарли бўлиши керак, лекин мен 3-4 кундан ортиғига чидай олмайман: қон босимим ошиб, юрагим ўйнайди. Хуллас, бу дори мен учун ҳаёт-мамот масаласи. Россияда мен каби қалқонсимон безсиз яшаётган юз минглаб одамлар бор!
Петербург, Омск, Иркутск, Новосибирск ва Владивосток провизорлари “Сибирь.Реалии” мухбирларига импорт қилинадиган синтетик тироксин препаратлари февраль ойи охирларида четдан келиши тўхтаганидан бери танқислашганини, март ойида эса захиралар тамом бўлганини тасдиқлашди.
Омсклик Елена Р.нинг онаси ҳам қалқонсимон безини олдирганидан бери “Эутирокс” препаратини мунтазам қабул қилади. Ҳозир унинг атиги 9 кунлик дориси қолган, Елена март ойи ўрталаридан бери дори қидираётганини айтади.
– Онамга айнан “Берлин-Хеми” ишлаб чиқарган препарат керак, бошқаси ярамайди. Шу дорини бир кун олмаса, аҳволи ёмонлашади. Аммо ҳеч қаердан тополмаяпман. Туркиядаги танишларга илтимос қиламан, шекилли, – дейди у. – ССВга арз қилиш бефойда: ана, сотувда тироксин бор-ку, дейишади, вассалом. Ўзимизнинг тироксинлар кўп беморларга “тушмаслиги” уларни зиғирча қизиқтирмайди.
Айрим ҳудудлар раҳбарлари муаммони тан олишяпти. Чунончи, Приморск ўлкаси соғлиқни сақлаш вазири Анастасия Худченко ўлка ҳудудида қалқонсимон без функциялари бузилган беморлар учун зарур “L-Тироксин” ва “Эутирокс” препаратлари йўқлигини айтди.
Баъзи шаҳарларда эса Россиянинг ўзида ишлаб чиқарилган препаратлар, хусусан, “Левотироксин” сотувда қолмагани маълум қилинмоқда.
“Тутқаноқ дорилари бир ҳафталик қолди”
Эпилепсияга қарши препаратларни буюртма қилиш қийинлашгани ҳақида Омскдаги болалар хосписи раҳбари Лидия Мониава март ойи бошларидаёқ огоҳлантирган эди. Сибирь ва Узоқ Шарқда яшовчилар дорихоналарда аксилконвульсант препаратлар аллақачон тугаганини тасдиқлашмоқда.
– Биз ёрдам берадиган оилаларнинг фарзандларига шифокор тайинлаган “Кеппро”, “Сабрил”, “Депакин” ва “Финлепсин” каби дориларни март ойи ўрталаридан бери анқонинг уруғи бўлиб қолди, – дейди Новосибирскдаги тутқаноқ касалига чалинган болалари бор оилалар билан ишловчи жамоат ташкилоти вакили.
– Тутқаноқ дорилари ҳаёт учун зарур дорилар ҳисобланади ва улар ҳар бир аптекада бўлиши шарт. Чунки, қонунда давлат бепул таъминлаши кўрсатилгани билан дориларни барибир ота-оналар ўз ёнидан сотиб олишади.
Аксилконвульсантлар танқислиги Приморье ўлкасида ҳам сезилди. Мулозимлар “вазият назоратда, барча ҳаётий зарур дорилар сотувда мавжуд”, деб ҳисобот бераркан, дардманд болаларнинг ота-оналари бутун Россия бўйлаб дори излашяпти. Ўлкада нейролиптик (аксилпсихотик) ва тутқаноққа қарши дорилар етишмовчилиги жиддий сезилмоқда.
“Дом с маяком” хосписи мутасаддиларига кўра, Россиядаги дори-дармон танқислигинининг учта сабаби бор: логистика муаммоси – учоқлар қатнови тўхтаган, Ғарб мамлакатлари, чунончи Европадан дори олиб келиш имкони йўқ; рублнинг қадрсизланиши ва нархлар тинимсиз кўтарилиши; ваҳима – бемори бор оилалар дори ғамлаб олишга интилишмоқда.
– Дорилар буткул йўқолиб кетмади ҳали, эринмай қидирсангиз аллақайси аптекадан топишингиз мумкин. Аммо дори-дармонни улгуржи сотиб оладиган тиббиёт ташкилотларига қийин бўлди. “Нурофен” дорисининг сироп тури танқислашиб кетди, гель ва оғриқ босувчи ўрнида қўлланадиган “Катежель” препаратини ҳам топиш қийин, – дейди Лидия Мониава.
У ҳар куни янги-янги беморлар пайдо бўлаётганидан, натижада дори-дармон танқислиги тобора қўрқинчли тус олишидан хавотирда эканини айтади.
– Муаммонинг яна бир нозик томони шуки, айрим дорилар, масалан, тутқаноқ дорилари бир-бирининг ўрнини боса олмайди. Касалликнинг хусусияти шунақа. Дейлик, “Депакин” қабул қилиб юрган болани “Финлепсин” препаратига ўтказиб бўлмайди. Бемор шифокори танлаб берган доридан оғишмаслиги керак, – дейди у.
– Масалан, французларнинг “Сабрил” деган дориси бор, у тутқаноқ касали бор жуда кўп болаларга яхши кор қилади. “Сабрил” ичиб юрган бола бошқа препаратга ўтказилса, касаллик хуруж қилиб, бола ҳатто ўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Ўтган йил охирларида нархи 4 минг рубль эди, ҳозир 44 мингга чиқиб кетган!
“Женериклар тайинлашга тўғри келади”
– Яқинда шифокоримиз қўнғироқ қилиб, болангиз ичиб юрадиган “Беродуал” дорисидан икки курсга етадиган қилиб ғамлаб қўйинг, кейин тополмай қоласиз, деганди. Дарров дорихоналарга югурдим, аллақачон савдодан йўқолибди. Телефонда излай-излай қўшни тумандан топдим, – дейди астма хасталигига чалинган 10 яшар Степаннинг онаси Ольга Королёва.
Бемор болаларнинг ота-оналари айтишича, 7 апрелда ССВ барча касалхоналарга хат йўллаб, астма хасталиги муолажасида қўлланадиган муҳим импорт дорилар келиши тўхтагани ҳақида врачларни огоҳлантирган. Шундан сўнг шифокорлар ота-оналарга қўнғироқ қилиб, “Беродуал”, “Атровент” ва “Будесонид” каби препаратлардан ғамлаб олишни тайинлаганлар.
– Аввалига врачлар бу дориларни шунчаки талаб ортгани туфайли камайиб кетди, деб ўйлашган эди. Лекин вазирлик хатидан сўнг дорилар Россияга ортиқ келтирилмаслиги аён бўлди, – дейди бир неча йил бурун бронхиал астма деб ташхис қўйилган Лариса. – Биз яшайдиган Новокузнецкда бу дорилар ундан ҳам аввал – тахминан мартнинг ўрталарида тугаб битган.
“Сибирь.Реалии” мухбирлари сўзлашган бир неча пульмонолог исмлари сир қолиши шарти билан бир гапни айтишди: “Зарур препаратлар бўлмаганидан сўнг беморларга женерик типидаги дориларни тайинлашга тўғри келади, лекин уларнинг фойдасидан зарари кўп”.
“Ҳамма диабетикларни касалхонага ётқизиш керакми?”
Россиянинг кўп минтақаларида инсулин топиб бўлмаяпти.
– Чакана савдода умуман йўқ. Беморларга интернет-дорихоналардан хабардор бўлиб туришни маслаҳат берамиз. Лекин, масалан, Американинг “Хумолог” препаратини сотувда пайдо бўлиши билан талаб кетишяпти. Данияда чиқадиган “Новорапид” ва “Фиасп” дорилари ҳам аптекаларда бир-икки соатдан ортиқ турмайди, – дейди Иркутскдаги дорихоналар тармоғи ходими Ирина.
“Росздравнадзор” идораси Россия дорихоналаридан инсулин сотиб олиш муаммо эмаслигини иддао қилиб келмоқда.
– 2022 йил учун захира ғамлаш ўтган йилнинг кузидаёқ бошланган. Бундан ташқари, Россияда рўйхатга олинган 17 турдаги инсулин бор, беморлар бу препаратларни рецепт асосида дорихоналардан бепул олишлари мумкин. ССВ ҳамда “Росздравнадзор” қандли диабет билан оғриган беморларнинг зарур дори-дармон билан таъминланишини назорат қилмоқда, – дейилади муассаса баёнотида.
Бу баёнотга жавобан беморлар “Инсулиндан инсулиннинг фарқи бор”, дейишмоқда.
– Американинг “Хумалог” инсулини учун ҳозир ёш болаларга ҳам рецепт бермай қўйишди. Ўрнига Россияда чиқадиган аналоги – “Ринлиз” ёки Даниянинг “Фиасп” препарати таклиф қилиняпти. Бир доридан бошқасига ўтиш диабетик учун осон бўлмаслигини биласизми? – дейди ўғли қандли диабет касалига чалинган Анна Зиновьёва. – Дори дозаси танланади, сўнгра унинг нафақат қанд даражасига, балки диабетга йўлдош салбий ҳолатлар – кўриш қобилияти ўзгариши ва тромбозга ҳам қандай таъсир этиши кузатилади. Бунинг учун бемор касалхонада, врач назоратида бўлиши лозим. Ҳамма диабетиклар бирваракайига касалхонага ётқизилишини тасаввур қила оласизми? Наҳот, соғлиқни сақлаш тизимимиз бунақа юкламага дош бера олади деб ўйласангиз?
Диабетикларни нафақат бир доридан бошқасига ўтиш ва бунинг учун касалхонага ётиш ташвишлари, балки беморлар учун зарур тиббий аппарат ва асбоб-анжомлар танқислашгани ҳам безовта қилмоқда.
– Американинг Becton Dickinson русумли дастакли шприцлари аллақачон сотувдан ғойиб бўлган. Ҳозир диабетиклар унинг турли аналогларига ўтишяпти. Биз қизим учун Хитойникини олгандик, игна суққанда қаттиқ оғриқ берар экан, – дейди Ангарскда яшовчи Светлана Парфёнова. – Инсулин юборишда қўлланадиган помпа деган нарса бор. Энг яхшиси – Omnipod брендиники, чет элдан келади. Бултур шуни 20 мингга олгандик, ҳозир 45 мингга чиқибди! Шундаям одамлар талашиб оляпти.
Беморлар ва дорихоналар ходимлари дори-дармон ва тиббиёт асбоб-анжомлари 30 фоиздан 200 фоизгача қимматлаганини айтишади. Импорт дорилар камайиши ортидан Россияда чиқадиган препаратлар нархи ҳам кўтарилган.
– Март ойида ҳар куни нархларни ўзгартирдик. Ҳозир ҳафтада икки марта оширяпмиз. Шу чоққача арзимаган пул турган ўзимизнинг препаратлар ҳам йўқ деганда учдан бир ҳиссага, ўртача 50 фоизга қимматлашди. Аввалроқ омборларга ғамлаб қўйилган препаратлар баҳоси эса 200 фоизгача кўтарилган. Тиббиёт жиҳозлари ва асбоб-анжомлари тахминан шунчага қимматлашган, – дейди иркутсклик фармацевт Ирина.
Аввалроқ Россия расмийлари санкциялар туфайли дори-дармонлар етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар бўлмаслиги кераклигини таъкидлашганди. ССВ эса барча фармширкатлар четдан дори-дармон келтиришда давом этишига ваъда берган. Вазирлик аҳолининг дори ғамлаб олишга интилишини “фейклар ва ёлғон маълумотлар туфайли кўтарилган ваҳима” дея изоҳламоқда.