Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:28

Жиззахда селдан камида 5 одам ҳалок бўлди, ўнлаб уйни сув ювиб кетди


Фориш туманида сел уйларни вайрон этган.
Фориш туманида сел уйларни вайрон этган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, Жиззах вилоятида сўнгги суткада юз берган сел оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 кишига етган.

Шунингдек, сел автомашиналарни оқизиб кетган, уй ва экинзорларни вайрон этган.

Фориш туманининг табиий офатдан энг кўп зиён кўрган “Эгизбулоқ” қишлоғида 100 дан ортиқ одам бошпанасиз қолган, улар қариндошларининг уйларига ва тумандаги иккита коллеж биносига вақтинчалик яшаш учун кўчирилган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, 20 апрель кунги каби кучли сел мамлакатнинг бу худудларида сўнгги 80 йил ичида илк бор кузатилган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Жиззах вилоятидаги бошқармаси ходими Озодликка табиий офатдан ўлим ҳолатларининг барчаси "Эгизбулоқ" қишлоғида қайд этилганини айтди.

“Ўлганлар сони 5та бўлди, тўрт эркак ва бир аёл ҳалок бўлди. Ўлим ҳолатларининг ҳаммаси Форишнинг "Эгизбулоқ" қишлоғидан. Шу қишлоқда яна олти одам қутқариб олинди, Фориш тумани касалхонасига ётқизилди. Жойларда қутқарувчиларимиз ишлаяпти. Табиий офат зарари ўрганиляпти”, - деди ФВВ мулозими.

21 апрель куни эрталаб вазирлик Фориш туманида табиий офатдан 4 кишининг нобуд бўлгани, бир киши бедарак кетгани, олти кишининг эса жароҳат олгани ҳақда хабар берганди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан бирида сел “Жигули” автомобилини оқизиб кетаётганини кўриш мумкин.

Фориш туманида сел автомашиналарни ҳам оқизиб кетган.
Фориш туманида сел автомашиналарни ҳам оқизиб кетган.

Бу ҳодиса ҳам Фориш туманида кузатилган.

“Мактаб деворлари қулаган. Мана қаранг, мана бу бинони биринчи этаж деразасигача сув кўтарилган”, - дейди видеолавҳада кадр ортидан гапирган киши.

"Қорамол ва қўйларни ҳам сув оқизиб кетди"

Фориш туманидаги исми очиқланмаслигини истаган маҳалла фаолларидан бири Озодликка юздан зиёд хонадон вайрон бўлгани, сел уй ҳайвонларини ҳам оқизиб кетганини айтди.

“Кеча тўхтовсиз шаррос ёмғир бўлиб, кучли сел йўлда учраган нарсаларни оқизиб кетди. Туманимизда юздан ортиқ хонадон вайрон бўлди. Айримларини деворлари қулаб тушган. Бошпанасиз қолган аҳоли тумандаги иккита коллеж биносига кўчирилди. Бизни туман чорвачиликка ихтисослашган туман-да. Қорамол ва қўйларни ҳам сув оқизиб кетган, йўқотишлар кўп. Сонини аниқ айтолмаймиз. Биз ҳозир ҳашардамиз. Бошқа вилоятлардан ёрдамчилар келган. Озиқ-овқат тарқатишяпти. Республика МЧСидан одамлар шу ерда ишлаяпти”, - дейди маҳалла фаоли.

Жиззахда сел 5 одамнинг ўлимига сабаб бўлди.
Жиззахда сел 5 одамнинг ўлимига сабаб бўлди.

"Бир ойлик ёмғир 1 ярим соатда ёғди"

Жиззахнинг Ғаллаорол туманида эса сел кўприк, экин ерлари ва йўлларни ювиб кетган. Маҳаллий фермерлардан бири Озодликка ўндан зиёд қорамол ва қўй-қўзилари нобуд бўлганини айтди.

“Экиш мавсумида сел ерларни ювиб кетди. Ерларни қайтадан экинга тайёрлаб, бошқатдан қилишга тўғри келади. Қорамол ва қўй-қўзи нобуд бўлди, ўндан кўп ҳайвонни йўқотдик. Жонимиз омон қолганига шукур қиляпмиз’, - дейди фермер.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, 20 апрель куни кучли сел Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларида ҳам кузатилган.

"Самарқанд вилоятидан 222 та, Жиззах вилоятидан 14 та, Навоий вилоятидан 10 та, Қашқадарё вилоятидан 1 та жами 280 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Барча мурожаатлар бўйича, жумладан, сел оқимлари, сув тошқинлари ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш учун ёнғин-қутқарув бўлинмаларидан 92 та махсус техника, 20 та мотопомпа ҳамда 758 нафар қутқарувчи жалб этилди", - дейилади ФВВ расмий билдирувида.

Жиззахнинг Ғаллаорол туманидан ўтувчи Самарқанд- Жиззах магистрал йўлининг баъзи қисмлари ҳам сув остида қолган. Поездлар қатнови бир неча соат тўхтаб қолган.

Самарқанд йўлларида сув тўпланиши автомобиллар қатновига ҳалал қилган.
Самарқанд йўлларида сув тўпланиши автомобиллар қатновига ҳалал қилган.

Самарқанд шаҳри ва туманлари автомобил йўлларида сув тўпланиб қолиши автомобиллар қатновига ҳалал қилган.

Ўзбекистон Гидрометеорология маркази маълумотига кўра, чоршанба куни ёққан бир ярим соатлик жала бир ойлик ёғингарчилик миқдорини ташкил этган.

Ўзбекистонда сел ва кўчкилар баҳор ойларида бўлиб туради. Лекин Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, 20 апрель кунги каби кучли сел мамлакатнинг бу худудларида сўнгги 80 йил ичида илк бор кузатилган.

XS
SM
MD
LG