Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:13

Халқаро атом энергияси агентлиги Украинада "ифлос бомба" йўқлигини тасдиқлади. Уруш хроникаси

Урушнинг 254-куни

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларидан Россия украин фуқароларини депортация қилаётганини кескин қоралади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) 3 ноябрда ўз экспертлари Украинадаги объектларда “ифлос бомба” изини топмагани тўғрисида баёнот берди.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Украина Россияга 107 нафар асирни қайтарди. Айни пайтда Москва Украинага ҳам шунча асирни қайтарган.

Оқ уй Шимолий Кореяни Россияга яширинча “сезиларли миқдордаги” артиллерия снарядларини етказиб беришда айблади.

Разведкачиларга кўра, Россия ҳарбийлари қўмондонлик уларни эскирган БТРларда жанг қилишга мажбур қилаётганидан ғазабда. Аскарлар уларни “консерва банкалари” деб аташади.

Россия томонидан аннексия қилинган Херсонда вилоят маъмурияти биносидан Россия байроғи ечиб олинган. Бунга оид фотосурат ва видеолар маҳаллий пабликларда ёйинланди, улар Россия ОАВда ҳам чоп қилинган.

Украина расмийлари Россия инфратузилма обектларига, жумладан, Запорожье АЭС станцияси электр таъминотига зарар етказганини маълум қилган.

Америкалик тарихчи Тимоти Снайдер Украинада Shahed-136 дронларидан ҳимоя тизимини яратиш учун хайрия йиғиш билан шуғулланишини билдирди.

20:14 3.11.2022

Днепропетровскда 4та дрон уриб туширилди

Ўтган кеча Днепропетровск вилоятида Россия қўшинлари учирган тўрт Эрон дрони уриб туширилди, деб ёзди вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Валентин Резниченко.

Бироқ, унинг айтишича, айрим дронлар нишонга теккан.

Кривой Рогда энергетика ва сув таъминоти инфратузилмаси объектлари жиддий зарар кўрган, Павлоградда эса саноат корхонаси зарбага учраган.

Қурбонлар ва жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.

09:12 3.11.2022

БМТ: Уруш оқибатида 14 миллион украин уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди

Россиянинг Украинага босқини оқибатида 14 миллион украиналик ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Бу сўнгги ўн йилликлардаги энг кенг кўламли ва мисли кўрилмаган кўчиш бўлди. Бу ҳақда БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди маълум қилди.

Унга кўра, Россия босқини оқибатида қочқинлар сони кўпайди ва 103 миллион кишига етди. БМТ хавфсизлик қўмитасида бу борада гапирган Филиппо Гранди украиналиклар «ўта ёмон шароитларда жуда қаттиқ қишни бошидан кечириши» кутилаётганини таъкидлади.

Россия Украинадаги фуқаролик инфраструктурасини, жумладан, энергетика тизимларини муттасил бомбардимон қилмоқда. Бунинг оқибатида Украинада электр энергияси инқирози юзага келган.

Аввалроқ Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти россиялик ҳарбийлар томонидан Украинанинг энергетика инфратузилмасига қилинган ҳужумларни ҳарбий жиноятларга тенглаштирган эди.

AI вакилларига кўра, Украинанинг ўта муҳим фуқаровий инфратузилмасига қарши ҳужум уюштираркан, Россия армияси саноатни барбод қилиш, транспорт ишини издан чиқариш, қиш совуғи яқинлашиб келаётган бир пайтда тинч аҳолини иссиқлик, электр ва сувдан маҳрум қилиб, қўрқув ва умидсизлик уйғотиш ниятида.

08:57 3.11.2022

БМТ Хавфсизлик кенгаши Россиянинг биологик қурол тўғрисдаги таклифини рад этди

БМТ Хавфсизлик кенгаши 2 ноябрь куни кўпчилик овоз билан Россиянинг Украина АҚШ билан ҳамкорликда биологик қурол ишлаб чиқараётганини текшириш учун комиссия ташкил этиш таклифини рад этди.

Хавфсизлик кенгашига аъзо давлатларнинг асосий қисми Россиянинг бу иддаосини ассосиз деб ҳисоблашини билдирди.

Россияни фақат Хитой қўллади. АҚШ, Британия ва Франция қарши овоз берди. Қолган 10 давлат эса бетараф қолди.

20:16 2.11.2022

Россия яна ғалла экспорти келишувига қўшилди

Россия орадан тўрт кун ўтиб, Қора денгиз орқали дон экспорт қилиш келишувига яна қайтишини билдирди.

Кремль Украинанинг Қора денгиздаги рус флотига ҳужум қилганини даъво қилиб, Қора денгиз орқали ўтаётган кемалар хавфсизлигига кафолат йўқлигини важ қилган ва келишувдан чиққан эди. Украина Қора денгиздаги рус флотига ҳужумни рад этиб, Россия ўз қуролларини нотўғри қўллаганини айтган. АҚШ Россиянинг бу қарорини қоралади.

Президент Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ўртасидаги телефон мулоқоти ва мудофаа вазирлари ўртасидаги музокаралардан кейин Россия яна келишувга қайтмоқда.

Россия мудофаа вазирлиги БМТ ва Туркия иштирокида Украина гуманитар йўлак ва портлардан Россияга қарши ҳарбий амалиётлар ўтказиш учун фойдаланмаслиги ҳақида ёзма кафолат берганини маълум қилди.

Россиянинг келишувдан чиққанига қарамай ўтган вақт мобайнида, Украина донини экспорт қилиш давом этди. Ҳатто душанба куни рекорд натижа ҳам қайд этилган.

Украина ҳукуматининг билдиришича, Россия ғалла келишувидан чиққан икки кун ичида дон йўлаги орқали 17 кема йўлга чиққан. Уч ой ичида 422 кема орқали Украинадан 10 миллион тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилинди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG