Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:40

Халқаро атом энергияси агентлиги Украинада "ифлос бомба" йўқлигини тасдиқлади. Уруш хроникаси

Урушнинг 254-куни

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларидан Россия украин фуқароларини депортация қилаётганини кескин қоралади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) 3 ноябрда ўз экспертлари Украинадаги объектларда “ифлос бомба” изини топмагани тўғрисида баёнот берди.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Украина Россияга 107 нафар асирни қайтарди. Айни пайтда Москва Украинага ҳам шунча асирни қайтарган.

Оқ уй Шимолий Кореяни Россияга яширинча “сезиларли миқдордаги” артиллерия снарядларини етказиб беришда айблади.

Разведкачиларга кўра, Россия ҳарбийлари қўмондонлик уларни эскирган БТРларда жанг қилишга мажбур қилаётганидан ғазабда. Аскарлар уларни “консерва банкалари” деб аташади.

Россия томонидан аннексия қилинган Херсонда вилоят маъмурияти биносидан Россия байроғи ечиб олинган. Бунга оид фотосурат ва видеолар маҳаллий пабликларда ёйинланди, улар Россия ОАВда ҳам чоп қилинган.

Украина расмийлари Россия инфратузилма обектларига, жумладан, Запорожье АЭС станцияси электр таъминотига зарар етказганини маълум қилган.

Америкалик тарихчи Тимоти Снайдер Украинада Shahed-136 дронларидан ҳимоя тизимини яратиш учун хайрия йиғиш билан шуғулланишини билдирди.

11:47 6.10.2022

Путин Запорожье АЭСини Россияга ўтказиб олиш тўғрисида кўрсатма берди

Президент Владимир Путин Запорожье АЭСининг барча объектларини Россияга ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳуқуқий ахборот расмий портлида эълон қилинган фармонда “РФ ҳукумати Запорожье атом электр станциясининг атом энергиясини ишлатувчи объектларни ва унинг фаолияти учун зарур бўлган бошқа мулкларни федерал мулкка қабул қилинишини таъминласин”, деб белгиланган.

Путин, шунингдек, ҳукуматга Запорожье АЭСини 2028 йилгача бўлган эксплуатациясига доир ҳужжатларни ва лицензияларни шилаб чиқиш кўрсатмасини берди.

Айни пайтда Украинанинг “Энергоатом” давлат ширкати Россия томонининг бу ҳаракатини қоралади.

“Украина ва бутун жаҳон Запорожье АЭСи Украина қонунларига мувофиқ, Украина энерготизими ва “Энергоатом” қошида Украинада фаолиятини давом эттираётганини билади”, дейилади “Энергоатом” баёнотида.

18:08 6.10.2022

ISW: Украина Луганск ғарбига силжимоқда

Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотига кўра, Украина Харьков вилояти шимолида бир ойдан бери муваффақиятли ҳарбий амалиётлар олиб бораётганига қарамай, қарши ҳужум ҳануз авж нуқтасига етгани йўқ ва эндиликда Луганск вилояти ғарбий қисмига томон силжимоқда.

Экспертлар Украина ҚК вилоят ғарбидаги Грековка ва Макеевка кентларини аллақачон эгаллаганини қайд этишган.

ISW хулосасига кўра, “Украина давом эттираётган қарши ҳужумлар Кремлни фронтда ўз кучларини бир ҳудуддан иккинчисига ташлашга мажбур этади ва бу пировардида Украинанинг иккала ҳудудда ҳам муваффақият қозониши эҳтимолини оширади”.

18:43 6.10.2022

Украина ҳарбийлари яна 3та қишлоқни озод қилди

Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида Украина қўшинлари жанубий Херсон вилоятида яна учта аҳоли пунктини озод қилганини хабар қилди:

"Сўнгги 24 соат ичида Херсон вилоятидаги Нововоскресенске, Новохрихоривка, Петропавливка аҳоли пунктлари озод этилди. Бу ҳаракатларимиз давом этмоқда".

Россия президенти Владимир Путин кеча Украинанинг қисман босиб олинган тўртта вилоятини Россия таркибига қўшиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Янги қонун Украина ҳудудининг тахминан 18 фоизи, Португалия майдонига тенг 4 вилояти Россия таркибига киришини кўзда тутади. Бу иккинчи жаҳон урушидан кейин Европадаги энг йирик аннексиядир.

Қўшиб олингани даъво қилинаётган тўрт вилоятнинг бирортаси ҳам Москванинг тўлиқ назоратида эмас. Кремль ҳозирча Россиянинг янги чегаралари деб таъкидлаётган ҳудудларни демаркация қилгани йўқ.

Украина кучлари сентябрь бошидан бери минглаб чақирим ҳудудларни қайтариб олди. Сўнгги бир неча кун ичида ўнлаб аҳоли пунктлари озод қилинди.

18:49 6.10.2022

Лимандаги вазият: Кўчалардаги жасадлар, вайрон бўлган техникалар

Лимандаги жасадлар, вайрон бўлган машиналар ва сочилиб ётган гильзалар, йиртилган ҳарбий кийимлар ҳамда металл парчалари Украинанинг қарши ҳужумларидан гувоҳлик беради.

“Бу ерда 10 га яқин рус аскарлари Украина қуролли кучларининг қарши ҳужумидан қочаётганида ҳалок бўлди. Бу ерда вайрон бўлган ҳарбий колонна, транспорт воситалари ва ўнга яқин рус аскарларининг жасади қолган", дейди ҳарбий матбуот ходими Иля.

Охирги жанглар натижасида шаҳардаги сон-саноқсиз уйлар вайрон бўлган ёки шикастланган. Аҳоли муниципалитет биноси олдида навбатда туриб, гуманитар ёрдам тарқатилишини кутмоқда.

"Мен бир ярим ой ичида биринчи марта кўчага чиқдим. Кеча велосипедда айландим. Украина ҳарбий хизматчиларини кўрганимда, буни сўз билан ифодалаб бўлмайди... Жуда яхши, жуда ҳам ажойиб бўлди!", дейди маҳаллий аҳоли вакили Владислав.

Украина президенти Владимир Зеленский Донецк вилояти шимолидаги Лиман шаҳри 2 октябрь, якшанба куни тўлиқ эгаллаб олингани ҳақида хабар берди. Шаҳар май ойининг охиридан бери кремльпараст кучлар назоратида эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG