Путин: Мобилизация қилинганлардан 80 минги Украинага жойлаштирилди
21 сентябрдан буён сафарбарликка жалб қилинган аскарлардан 80 мингга яқини Украинага жойлаштирилган. Бироқ ҳозирда уларнинг фақат 50 минг нафари “жанговар қисмларда”дея маълум қилди Владимир Путин:
"Ҳозирда 50 мингга яқин ҳарбийларимиз жанговар бўлинмаларда. Қолганлар ҳали жанговар ҳаракатларда иштирок этмаяпти. Бироқ махсус ҳарбий операция зонасида 80 мингга яқин аскарларимиз мавжуд. Қолган барча машғулот полигонларида. Лекин қайерда бўлишидан қатъий назар ҳаммага бирдек эътибор берилмоқда".
Владимир Путин шанба куни кўнгиллилар Россия қуролли кучлари сафига қўшилишда давом этаётгани ва 318 минг киши сафарбар қилинганини айтганди.
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган расмий маълумотларни мустақил манбалардан тезкор текшириш имконига эга эмас.
Мариуполдаги қабристонда уруш сабаб 1500 қабр пайдо бўлди
Сунъий йўлдош тасвирлари Мариуполь яқинидаги Старокрим қабристони 2021 йил июнидан жорий йилнинг октябригача кенгайтирилганини кўрсатди.
BBC таҳлилига кўра, қабристонда уруш бошланганидан бери 4 600 дан ортиқ қабр қазилган. Улардан 1500 таси жорий йил 12 октябрига қадар пайдо бўлган.
Мариуполь Украинанинг Азов денгизи соҳилидаги энг йирик шаҳри бўлиб, шарқий Украина саноати ва қишлоқ хўжалиги учун хизмат кўрсатадиган асосий порт шаҳардир.
Шаҳар бир вақтлар гавжум бўлган ва унда 430 минг одам яшаган. Мариуполь учун кураш давомида шаҳар кўчалари вайрон қилинди, аҳолиси эса бир неча ўн мингга тушиб қолди.
Кремль большевиклар байрамини қайта тиклади
Қизил майдонда Совет танклари ва Қизил Армия либосини кийган аскарлар иштирокида марш бўлиб ўтди. Россия Иккинчи жаҳон уруши давридаги большевиклар инқилобига бағишланган тарихий парадни қайта тиклади.
Россия коммунистлари Октябр инқилобининг 105 йиллиги муносабати билан Қизил майдондаги Ленин мақбарасига гул қўйди.
Коммунистик партия ва бошқа партия етакчилари Совет Иттифоқи даврини мақтаб нутқ сўзлаган.
Байрам Россиянинг Украинадаги урушида муваффақитсизликка учраётган бир пайтда ўтказилмоқда. Рус қўшинлари Украина армиясининг жанубий Херсон шаҳрини қайтариб олиш учун бўладиган қарши ҳужумга дуч келмоқда.
Уруш сабаб 13700 ўзбекистонлик Россиядан қочган
Украина уруши сабаб Россиядан муҳожирлар қоча бошлагани маълум бўлди.
Росстат маълумотига кўра, бу рўйхатда ўзбекистонликлар учинчи ўринни эгаллаган. Ўтган 8 ой мобайнида Россиядан 13 минг 700 нафар Ўзбекистон ватандоши чиқиб кетган.
Арманистон ва Қирғизистон бу рўйхатнинг бошидан ўрин олган.
Жорий йилнинг 8 ойи ичида Россиядан 506 минг нафар мигрант чиқиб кетган, 444 минг киши эса кириб келган. Миграциянинг терс оқими 62,5 минг кишини ташкил этган. Бунақа ҳолат ҳатто коронавирус пандемияси авж олган 2020 йилда ҳам кузатилмагани айтилмоқда.