"Мазда" Россияни тарк этади
Япониянинг "Мазда" автомобиль ширкати Россияда фаолиятини тўхтатиб, Владивостокдаги қўшма корхонадаги улушини "Соллерс Авто" компаниясига ўтказишга қарор қилди.
Украинада уруш бошланганидан кейин ғарб ишлаб чиқарувчилари, жумладан "Инфинити", "Мерcедес-Бенз", "Форд" ва бошқа кўплаб компанияларнинг оммавий чиқиб кетиши туфайли Россия автомобиль бозори қулади.
Йиллик ҳисобда автомобиль савдоси октябрь ойида деярли 63 фоизга камайди. Айрим автомобилларнинг сотуви 90 фоиздан кўпроққа камайди.
Залужний: Бир кунда 12 та аҳоли пункти озод қилинди
Украиналик аскарларнинг Россия назоратидаги Херсон шаҳридан 30 километр шимоли-ғарбдаги автомагистрал яқинида тургани акс этган видеолар тармоқда тарқалди.
Рейтерс агентлиги видеонинг жойлашувини дренаж, йўл схемаси, кичик бино ва атрофдаги дарахтлардан аниқлай олди.
Видеолардан бирида аскар қўлида Украина байроғини кўтариб, 28инчи алоҳида механизациялашган ҳарбий бригада Россиянинг биринчи мудофаа чизиғини бузиб, Херсон томон йўл олганини айтади.
Украина армияси раҳбари Валерий Залужний пайшанба куни Украина кучлари жанубда икки йўналишда етти километр илгарилаб, сўнгги 24 соат ичида 12 та янги аҳоли пунктини озод қилганини билдирди.
Залужнийнинг айтишича, Украина кучлари Первомайскдан Херсонга, Петропавливкадан Новорайскга қараб, тахминан Днепр дарёси билан параллел равишда олдинга силжиган.
Унинг сўзларига кўра, озод қилинган ҳудуд жами 264 квадрат километрни ташкил этади.
Шу билан бирга, Залужний ҳозирда рус қўшинлари Херсондан олиб чиқиб кетилгани ҳақидаги маълумотни на тасдиқлай, на инкор эта олишини айтди. Унга кўра, Украина Қуролли кучлари ўз режасига мувофиқ ҳужумни давом эттирмоқда.
Унинг сўзларига кўра, 1-октабрдан буён украин кучлари 36, 5 км илгарилаган, умумий майдони 1381 квадрат километрлик 41та аҳоли пунктини қайтариб олган.
Украина расмийлари ҳозирча Россиянинг қўшинларни олиб чиқиб кетиш ҳақидаги баёнотларига вазминлик билан муносабатда бўлмоқда. Улар ҳозирча қўшинларнинг чиндан ҳам олиб чиқиб кетилиши аломатларини кўрмаганликларини айтишади.
Бир кун олдин Россия ҳукумати ўз ҳарбийларини босиб олинган Херсон ҳудудидан олиб чиқиб кетганини эълон қилди. Таҳлилчилар Херсондан Россия қўшинларининг чекиниши мумкинлигини анчадан бери айтиб келишаёган эди. Днепр дарёсини устидан ўтган Антонов кўприги қисман бузилгандан кейин таъминот узилиб қолганди.
Украина кучлари Снегиревкани назоратига олди
Украина Қуролли кучлари Николаев вилоятидаги Снегиревка шаҳрини назоратига олгани ҳақида дастлаб Телеграмдаги расмий каналида хабар берди. Бу маълумотни Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак билвосита тасдиқлади. Кейинчалик, тармоқларда Снегиревкада Украина байроғи кўтарилгани видеоси пайдо бўлди.
Снегиревка Херсондан 50 километр узоқликда жойлашган бўлиб, у Днепрнинг ўнг қирғоғида Россия кучлари учун муҳим мудофаа чизиғи эди.
“Озодлик” радиоси Снегиревканинг ишғолдан озод қилингани ҳақидаги маълумотни мустақил равишда тасдиқлай олмайди.
Еврокомиссия Украинага 18 миллиард евролик кўмак кўрсатади
Еврокомиссия 9 ноябрда Украинага 2023 йилда 18 миллиард евролик иқтисодий кўмак кўрсатиш режасини эълон қилди. Комиссия мазкур режа Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланади, деган умидда.
Режага мувофиқ Киевга ҳар ойда 1,5 миллиард евродан маблағ ажратилади. Бу пул 35 йилга қарзга берилади. Қарзнинг фоизларини Европа Иттифоқи тўлайди.
Мазкур режани Европа Иттифқига аъзо давлатлар маъқуллаши лозим. Ташкилотга аъзо айрим давлатлар қарзлар фоизини Европа Иттифоқи тўлашига қарши чиқмоқда. Бу давлатлар Украина мудом ошиб бораётган ташқи қарзини тўлай олишига гумон қилишмоқда.
Шундай бўлса ҳам Еврокомиссия Украинага қарзнинг дастлабки транши январь ойида берилишидан умид қилмоқда.
Россия Украинага 24 февралда бостириб кирган эди. Уруш оқибатида Украина инфраструктурасининг асосий қисми вайрон бўлди, энергетика тармоғининг 40 фоизи зарар кўрди. 10 миллионга яқин украин бошқа мамлакатларга бошпана излаб кетди.