Лавров: Ғарб жануби-шарқий Осиёни ҳарбийлаштиришга интилмоқда
13 ноябрь куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб Россия ва Хитой манфаатларини жиловлаш мақсадида жануби-шарқий Осиёни «ҳарбийлаштираётгани» таъкидлади. Вазир ўз билдирувини Балида бўлиб ўтадиган Катта йигирматалик етакчилари йиғинидан олдин эълон қилди.
«Осиё–Тинч океани ҳудудига АҚШ ва унинг НАТОга аъзо иттифоқчилари эгалик қилишга уринмоқда. У ерда ASEAN (Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси) ташаббуслари доирасида ўн йил давомида хавфсизлик ва ҳамкорликнинг инклюзив, очиқ, тенг тузилмаси шаклланган. У ерда ҳамма учун ҳам очиқ бўлмаган, ASEAN атрофида яратилган инклюзив тузилмалар билан моҳиятан рақобатлашадиган, Хитой ва Россия манфаатларини жиловлашга яққол эътибор қаратган ҳолда минтақани ҳарбийлаштиришни ўз ичига олган форматлар илгари сурилмоқда».
Лавров Катта йигирматалик саммитида Россия делегациясига бошчилик қилади. Кремлга кўра, президент Владимир Путин ўта банд бўлгани учун ўзи бора олмайди. Балидаги йиғин Россия февраль ойида Украинага бостириб кирганидан бери ўтказилаётган илк саммитдир.
Кун тартибида Украина устувор масала бўлиши кутилмоқда. Хусусан, Ғарб етакчилари Россиянинг Украинага ҳужуми борасида очиқчасига эътироз билдириши ҳамда урушдан хавотир изҳор қилган Хитой ва Ҳиндистон каби давлатларни Москванинг ҳаракатларини танқид қилишга ундашини кутиш мумкин.
Байден АҚШ ва Жануби-Шарқий Осиё ўртасида кенг қамровли стратегик ҳамкорлик ҳақида сўзлар экан, минтақадаги давлатлар етакчиларига Вашингтон «эркин ва очиқ, барқарор ва фаровон, бардошли ва хавфсиз Ҳинд-Тинч океани»ни барпо этиш тарафдори эканини айтган.
АҚШ ҳам, Россия ҳам 10та Жануби-Шарқий Осиё давлатларидан иборат ASEAN аъзоси эмас, бироқ келаси ҳафта Балида бўлиб ўтадиган Катта йигирматалик саммити олдидан уюшма аъзолари ўтказган музокараларда бир қанча дунё етакчилари иштирок этди.
Ғарб Россиянинг Украинага босқинига жавобан мисли кўрилмаган санкциялар киритилгани учун Москва Осиё билан иқтисодий, сиёсий ва хавфсизлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.
Путин Россия ва Хитойни АҚШ ва Ғарбнинг глобал ҳукмронлигига қарши глобал исён етакчилари ўлароқ кўрсатиб келади.
АҚШ эса Хитой ва Россияни иккита асосий глобал таҳдид деб ҳисоблайди.
Зеленский: Руслар Херсон инфратузилмасини вайрон қилган
Россия қўшинлари Херсондан қочиб кетишдан олдин шаҳардаги муҳим инфратузилмани вайрон қилган.
Бу ҳақда 12 ноябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди. Президент маҳаллий расмийлар шаҳарни барқарорлаштиришга киришганини қўшимча қилди.
«Босқинчилар Херсондан қочиб кетишдан олдин барча муҳим инфратузилмани – алоқа ҳамда сув, иссиқлик, электр таъминотини вайрон қилишган», - деди Зеленский ўз видеомурожаатида.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина қўшинлари Херсон вилоятида 60дан ортиқ аҳоли пунктини қайта қўлга олган.
Зеленский Херсон ва бошқа жойларда Россиянинг такрорий ҳужумларига қаршилик кўрсатилгани учун Украина амалиётлари муваффақиятли бўлганини айтди.
«Айниқса, Донецк вилоятида рус ҳужумларига чидаганларга миннатдорчилик сўзларини айтмоқчиман – у ер шунчаки жаҳаннамга айланган. У ерда ҳар куни ўта шиддатли жанглар содир бўляпти. Аммо бўлинмаларимиз мардонавор мудофаа қилмоқда, босқинчиларнинг даҳшатли босимига бардош бериб, мудофаа чизиғимизни мустаҳкам ушлаб турибди. Бу жуда муҳим. Донецк вилоятидаги кучли мудофаа туфайли биз бошқа йўналишларда ҳужум амалиётларини ўтказишимиз мумкин. Ушбу қийин жангларда Украинани ҳимоя қилаётган барча аскарларимизга миннатдорчилик билдираман», деди 12 ноябрь тунги мурожаатида Зеленский.
Украина ҳарбий маъмурияти Херсонда ишлай бошлади
Херсон ва Херсон вилоятида Украина ҳарбий маъмурияти яна ишламоқда. Шаҳар ва вилоятда Украина миллий полицияси фаолиятини бошлади.
Бу ҳақда Херсон раҳбари Ярослав Янушевич маълум қилди.
"Шаҳарга Херсон вилояти, Херсон шаҳар ва Херсон тумани ҳарбий маъмурияти етиб келди ва ўз вазифаларини бажаришга киришди. Украина миллий полицияси ва хавфсизлик хизмати ҳам ўз вазифаларини бажаришга киришди. Давлат фавқулодда хизмати миналардан тозалаш тадбирларини олиб бормоқда. Биз шаҳарни нормал ҳаётга қайтариш билан шуғулланмоқдамиз”, деди Янушевич видеомурожаатида.
Айни пайтда Россия томонидан ташкил этилган босқинчилик маъмурияти аъзолари Каховка вилоятидан эвакуация қилинмоқда, деб ёзади унинг раҳбари Павел Филипчук.
“Биз ҳокимият органи сифатида хавфсизроқ ҳудудга ўтмоқдамиз, у ердан туман устидан назоратни амалга оширамиз”, деди у.
Нидерландия Украинага электр энергияси бўйича ёрдам бериш учун қўшимча 110 миллион евро ажратади
Нидерландия Украинага энергия таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериш учун қўшимча 110 миллион евро ажратади, деди Нидерландия халқаро савдо ва ривожланиш бўйича ҳамкорлик вазири Лисси Шрайнмахер.
"Украина қаттиқ қишга тайёргарлик кўрмоқда. Электр таъминоти тизимларининг ярми ишдан чиққан. Украиналиклар яқин ойларда оғир шароитларга дуч келишади. Нидерландия электр таъминоти ва украиналикларни бошпана билан таъминлаш учун қўшимча 110 миллион евро (жами 180 миллион евро) ажратади", деб ёзди у Твиттерда.