Россия Ташқи ишлар вазирлиги музокараларни бошлаш учун қўшинларни олиб чиқиш шартини номақбул деб топди
Россия қўшинларининг Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши Москва учун музокараларни бошлашнинг дастлабки шарти сифатида қабул қилиниши мумкин эмас. Бу ҳақда душанба куни Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Грушко маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Москва музокараларга тайёр, бу ҳақда президент Владимир Путин бир неча бор айтган. “Аммо бу музокаралар, албатта, жойлардаги вазиятни ҳисобга олиши керак”, деди вазир ўринбосари.
Шу билан бирга, 11-ноябр куни Ташқи ишлар вазирининг бошқа ўринбосари Сергей Рябков Россия Украина билан ҳеч қандай шартларсиз мулоқотга очиқ, деб ишонтирди.
Украина президенти Владимир Зеленский Россия қўшинларининг мамлакатнинг бутун халқаро тан олинган ҳудудидан, жумладан аннексия қилинган ҳудудлардан, шунингдек Қримдан ҳам олиб чиқилиши музокараларни бошлаш учун шарт бўлиши мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган.
13-ноябр куни The Wall Street Journal манбаларининг хабар беришича, Қўшма Штатлар Украинага “реал” музокаралар талабларини, жумладан Қримни мамлакатга қайтариш мақсадини қайта кўриб чиқишни тавсия қилган. Расман Вашингтон Киевга ҳеч қандай босим ўтказмаслигини билдирмоқда. АҚШ президенти Жо Байден можарони тинч йўл билан ҳал қилиш шартлари Украинага боғлиқ эканини таъкидлади.
Сўнгги кунларда Украина Қуролли Кучлари фронтдаги муваффақиятлар фонида турли мамлакатлар сиёсатчилари ва раҳбарлари май ойида тўхтатилган музокараларни қайта тиклаш имконияти ҳақида тобора кўпроқ гапирмоқда. Делегацияларнинг сўнгги юзма-юз учрашуви 29-март куни Истанбулда бўлиб ўтди.
Франция президенти Эммануэл Макрон бугун яна можаро томонларини музокара столига қайтишга кўндириш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирди.
Шу билан бирга, Франция президенти France Inter нашрига берган интервюсида бўлажак музокаралар Украина томони учун мақбул шартлар асосида ўтиши кераклигини таъкидлади. Ноябр ойи бошида Макрон ҳар икки томонни мулоқотдан бош тортиш учун радикал шартлар қўймасликка чақирди.
Австрия ташқи ишлар вазири Александр Шелленберг Россияни “инкор қилиб бўлмайди” ва Киев - Москва ўртасидаги музокаралар учун эшик очиқ қолиши кераклигини айтди.
“Коммерсант”га маълум бўлишича, бугун Туркияда Россия ва АҚШ делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтмоқда. Газетанинг ёзишича, Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин Россия томонидан Анқарага учиб келган. Манба музокаралар тафсилотларини беришдан бош тортди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Анқарадаги музокаралар ҳақидаги маълумотни на тасдиқлай, на инкор қила олмаслигини айтди. Туркия расмийлари ҳам музокаралар ҳақида ҳозирча изоҳ бермаган.
Россия ва АҚШ делегациялари 24 феврал куни Россия ҳарбийларининг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери учрашмаган. Икки давлат вакиллари ўртасидаги сўнгги юзма-юз музокаралар 10-январ куни Женевада бўлиб ўтган, унда Россиянинг АҚШга хавфсизлик кафолатлари бўйича талаблари муҳокама қилинган. Музокара муваффақиятсиз якунланди.
Зеленский: Херсонда Россия 400 дан ортиқ ҳарбий жиноят содир этган
Владимир Зеленский Россиянинг 400 дан ортиқ ҳарбий жиноятлари фош қилинганини айтиб, Херсоннинг озод қилинган ҳудудларида ҳам ҳарбийлар, ҳам тинч аҳолининг жасадлари топилганини хабар қилди.
"Терговчилар ҳозиргача Россиянинг 400 дан ортиқ ҳарбий жиноятларини ҳужжатлаштириб улгурди. Тинч аҳоли ва ҳарбийларнинг жасадлари топилмоқда. Рус ҳарбийлари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Херсонда ҳам ўзидан ваҳший жиноятларни қолдирди. Биз шубҳасиз ҳар бир қотилни топиб, жавобгарликка тортамиз”, деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида.
Унинг сўзларига кўра, 100 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган 226 аҳоли пунктида "вазият барқарорлашган ва қонун ўрнатилган". Рус аскарлари ва ёлланма аскарларини ҳибсга олиш ишлари эса давом этмоқда
"Донецк вилоятида жанглар аввалги кунлардагидек шиддатли кечмоқда. Россия ҳужум қилишдан тўхтамаяпти. Ҳарбийларимизнинг матонати ва жасорати борасида гап сўз бўлиши мумкин эмас. Биз руслар мудофаамизни ёриб ўтишларига йўл қўймаймиз. Кўрсатаётган матонати учун ҳар бир ҳимоячимизга миннатдорлик билдираман!” - деди Зеленский.
Песков: Путин “ДХР” ва “ЛХР”даги талабаларни демобилизация қилиш тўғрисида кўрсатма берди
Россия президенти Владимир Путин ўзини “ДХР” ва “ЛХР” деб номлаб олган Украинанинг айирмачи ҳудудларидан урушга мобилизация қилинган талабаларни демобилизация қилишга кўрсатма берюи. Бу ҳақда 13 ноябрь куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
Айни пайтда бу ҳақда бирорта ҳужжат жамоатчиликка ошкор этилмади.
Песковга кўра, ўзини “ДХР” ва “ЛХР” деб номлаб олган айирмачи ҳудудларнинг “халқ милицияси” талабалар хизматга чақирилмайдиган Россия Қуролли Кучлари таркибига киритилган. Шунинг учун ҳам Путин талабаларни ўқиш жойларига қайтишини таъминлаш тўғрисида кўрсатма берган.
“ДХР” ва “ЛХР” октябрь ойида Россия томонидан расман аннексия қилинган.
Россия Украинага бостириб киргунига қадар Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган айирмачилар “ДХР” ва “ЛХР”да мобилизация эълон қилган ва ўн минглаб одамларни, жумладан, ҳеч қандай ҳарбий кўникмаси бўлмаган шахсларни ҳарбий хизматга жалб қилган эди. Жанглар давомида айирмачиларнинг бу отрядлари жуда катта йўқотишларга учрагани, бир неча минг киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.
Херсонда вайрон қилинган ва миналанган инфратузилма тикланмоқда
Россия қўшинларидан озод қилинган Херсондаги гуманитар вазият оғирлигича қолмоқда.
Рейтерс агентлиги минтақавий кенгаш раҳбарларидан бири Юлий Соболевскийга иқтибос келтирган ҳолда, уйларнинг аксарияти электр, сувсиз қолгани, газ таъминотида қийинчиликлар борлигини маълум қилди.
Агентлик, шунингдек, Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Ярослав Янушевичнинг телевидениега берган интервюсига асосланиб, унга кўра, россиялик ҳарбийлар чекиниш вақтида барча муҳим инфратузилма объектларини миналаштирилгани ҳақида ёзди.
Ҳозир хавфсизлик нуқтаи назаридан шаҳарда комендантлик соати эълон қилинган, кириш ва чиқиш тақиқланган, бироқ Янушевич шаҳар бир неча кундан кейин очилиши, мобил алоқа тез орада ишлай олишига умид билдирди.