ВИДЕО: Урушишдан бош тортган рус ҳарбийлари ҳибсга олинди
Икки нафар россиялик ҳарбий хизматчи жанговар буйруқни бажаришдан бош тортгани учун қўлга олингани видеоси тармоқларда пайдо бўлди. Айнан қачон суратга олингани номаълум, “ВотТак.тв” телеграм канали маълумотларга асосланиб, воқеа жойи Белгород вилояти эканлигини аниқланди.
Видеода қўмондон оддий ҳарбий унвонга эга бўлган аскарга сафдан чиқишни буюради.
Шундан сўнг, ҳарбий терговчи унга 16 ноябр куни "уруш, ҳарбий ҳолат ёки қуролли тўқнашув вақтида буйруқни бажармаслик" моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилади ва конвой ҳарбий хизматчини ҳибс этади. Худди шу ҳолатда бошқа аскар ҳам ушланади.
Расмийлар видеога ҳозирча изоҳ бермаган.
Адвокат ва "Ҳарбий омбудсман" канали муаллифи Максим Гребенюкнинг таъкидлашича, ҳарбийлар "бошқаларга огоҳлантириш сифатида" ҳибсга олинган.
Россия Жиноят кодексига сафарбарлик давридаги ҳарбийларга нисбатан жазони кучайтириш тўғрисидаги моддалар сафарбарлик эълон қилинишидан бир кун аввал, сентябр ойида киритилган эди. Буйруқни бажаришдан бош тортиш моддасига кўра, ҳарбий хизматчилар 3 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Аввалроқ, сафарбар этилганларнинг Украинадаги урушга боришдан бош тортган кўплаб ҳолатлари ҳақида хабар берилган эди. Аслида рус ҳарбийларини бу ҳолатда жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмас - уруш расман эълон қилинмаган ва тинчлик даврида шартнома бўйича аскарлар жанговар ҳаракатларда қатнашишдан бош тортиш ҳуқуқига эга.
The New York Times: Рус аскарлари отиб ўлдирилгани акс этган видео ҳақиқий
The New York Times газетаси украин ҳарбийлари дея тахмин қилинаётган кишилар асирга олинган Россия аскарларини ўлдираётгани акс этган видеонинг ҳақиқийлигини тасдиқлади. Шунга қарамай, нашр видеоёзувларда Россия ҳарбийлари қандай ҳолатда ўлганини аниқлаш имконсизлигини урғулаган.
“Тўлиқ мазмуни қуйида келтирилган ва ҳақиқийлиги The New York Times томонидан тасдиқланган видео урушнинг мудҳиш онларини намойиш этади, бироқ Россия аскарлари қандай ва нега ўлдирилганини акс эттирмайди” , дейилади нашр мақоласида.
Нашр маълумотига кўра, бунақа видеодан жами иккитаси ёйинланган. Улардан бирида украин аскари Макеевкадаги жангни телефонда тасвирга олган. Иккинчи видео эса катта эҳтимол билан, Украина ҚК ҳужумни кузатишда фойдаланган дрон орқали олинган. Видеода 12 нафар рус аскарининг жасадларини, уларнинг ёнида эса қон изларини кўриш мумкин. NYT ёзишича, уйдан энг охирида чиққан Россия аскари қаршилик кўрсатишга уриниб, ўқ отишни бошлаганга ўхшайди.
Киев билан Москва ушбу воқеада бир-бирини айбламоқда. Россия томони Украина кучларини “қуролсиз Россия ҳарбий асирларини шафқатсизларча отиб ташлаган”ликда айблаётган бўлса, Украина инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец Россия ҳарбийлари асирга тушиш чоғида ўт очишганини таъкидламоқда.
Утех университетининг ҳарбий жиноятлар тергови бўйича эксперти Ива Вукусич фақат видеодалилларга таянган ҳолда ҳарбий жиноят фактини аниқлаш мушкуллигини урғулади.
БМТ ҳам воқеани эътиборсиз қолдирмади ва суриштирув ўтказиш зарурлигини тасдиқлади.
Украина Бош прокурори: Харков, Донецк ва Херсон ҳудудларида 2 ойда 700 дан ортиқ жасад топилди
Украина ҳарбийлари томонидан озод қилинган Харков, Донецк ва Херсон вилоятлари ҳудудларида сўнгги икки ой ичида 700 дан ортиқ одамнинг жасади топган. Бу ҳақда Украина бош прокурори Андрей Костинмаълум қилди.
"Харков, Херсон ва Донецк вилоятларининг босиб олинган ҳудудларида сўнгги икки ой ичида 700 дан ортиқ жасад топилди. Уларнинг деярли 90 фоизи украиналик тинч аҳоли вакилларига тегишлидир. Украиналиклар ноқонуний ҳибсга олинган ва қийноққа солинган 20 дан ортиқ жойлар аниқланди”.
Украина тергов органлари россиялик ҳарбийлар томонидан содир этилган жиноятлар бўйича 45 мингдан ортиқ жиноий иш бўйича тергов олиб бормоқда. Ҳозирча судга уларнинг бир қисмигина етиб келган, илгари асирга олинган 12 нафар ҳарбий хизматчи судланган.
ГФР Варшавага Patriot ракеталарга қарши мудофаа тизимларини таклиф қилди
Польшанинг Украина билан чегараси яқинидаги қишлоққа ўтган ҳафтада ракета тушганидан сўнг Германия ушбу мамлакат ҳаво ҳудудини ҳимоя қилишга кўмаклашиш мақсадида Варшавага Patriot ракеталарга қарши мудофаа тизимларини таклиф этди. Бу ҳақда ГФР мудофаа вазири Кристина Ламбрехт маълум қилган.
Ўтган ҳафтада Берлин Польшага унинг ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлаш учун ёрдам таклиф қилди. “Агар Польша хоҳласа”, Германия унга ўзи ишлаб чиқарган Eurofighter қирувчи учоқларини бериши мумкин, дея аниқлик киритди Германия мудофаа вазирлиги мулозими. Бунинг учун қирувчи учоқларни Польшага юбориш шарт эмас, улар Германия Ҳарбий Ҳаво Кучлари базаларидан парвоз қилиб, Польша ҳаво чегараларини қўриқлай олади.
Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг НАТО аъзолари Шарқий Европада ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлай бошлади. Октябрда Германия бошлиқ ўндан зиёд иттифоқчи давлат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, жумладан, Patriot тизимларини биргаликда харид қилиш ташаббуси билан чиқди.
Совуқ уруш йилларида Германияда 36 та Patriot комплекслари мавжуд эди. Ҳозирда улар сони 12 тани ташкил қилади, иккитаси Словакия ҳаво чегараларини қўриқлашда қўлланади.