«Россия қўшинларининг таъминоти жуда ёмон»
Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес The Daily Beast нашрига берганинтервьюсида Украина армиясига қишда ҳужум динамикасини сақлаб қолишни маслаҳат берди.
“Украинлар жанговар тайёргарлик, техника ва шахсий таркиб сифати бобида руҳсиз, тайёргарлиги ва таъминоти ёмон россияликлардан устунлигини ҳисобга олганда қишда динамикани сақлаб қолиш Украина фойдасига бўлур эди”, деди Уоллес.
Вазир, шунингдек, Украина ҚК халқаро ҳамжамиятдан 300 минг тўплам қишки уст-бош олганини ва бу қишки ҳужумлар учун муҳим эканини таъкидлади.
Мулозимга кўра, Россия қўшинларининг таъминоти жуда ёмон. “Яқинда фронтга ташланган Россия бўлинмаларида озиқ-овқат ва зарур уст-бош етишмайди, қурол-аслаҳалар ҳам кам. Жанг майдонига йўл олган одам учун даҳшатли аҳвол бу”, дея қўшимча қилди Уоллес.
«Россия терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат»
Нидерландия Вакиллар палатаси (парламентнинг қуйи палатаси) Россияни Украинага босқини туфайли терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат деб топди. Бу ҳақда маҳаллий NRC агентлигихабар берди.
Хабарга кўра, “Яшил сўллар” партияси аъзоси Том ван дер Лининг ушбу ташаббуси парламентда мутлақ кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланган.
Айни чоғда Нидерландия ташқи ишлар вазири Вопке Хукстра мамлакат қонунчилигида терроризм ҳомийси деб эълон қилинганларга нисбатан бирон бир санкция назарда тутилмаганини қайд этди.
Меркел: Россиянинг Украинага босқини “кутилмаган воқеа” бўлмаган
Германия собиқ канцлери Ангела Меркель Россиянинг Украинага босқини унинг учун “кутилмаган воқеа” бўлмаганини айтди.
Меркель бу гапни Der Spiegel журналига берган интервьюсида тилга олган.
“Мен кетганимдан сўнг тинчроқ давр бошланишини хоҳлардим, чунки Украина билан кўп шуғулланган эдим. Аммо бу кутилмаган воқеа бўлгани йўқ. Минск битимлари барбод бўлганди”, деди собиқ канцлер.
Меркелга кўра, 2021 йилнинг ёзида, АҚШ президенти Жо Байденнинг Владимир Путин билан учрашувидан сўнг у музокараларнинг алоҳида, европача форматини яратишни таклиф қилган, аммо айрим сиёсатчилар эътироз билдирган.
“Уларга ўз фикримни ўтказишга ҳолим етмади, чунки кузда истеъфога чиқишимни ҳамма биларди”, дея изоҳ берди у.
Меркель ўз интервьюсида Москвага сўнгги ташрифини ҳам эсга олди. "Ичимда жуда аниқ сездим, менга “ҳокимият сиёсати нуқтаи назаридан сиз тугадингиз”, дейишди. Путин фақат кучни муҳим деб билади”, дея эслайди Меркель.
ГФРнинг собиқ канцлери ҳозирда катта сиёсатга қайтишни режалаётгани йўқ, чунки мамлакатга янги лидер керак.
“Ташқи сиёсатда мен бир қарич ҳам олдинга силжий олмадим, қайта-қайта уринишларим зое кетди. Нафақат Украинада. Днестрбўйи ва Молдовада, Груизя ва Абхазияда, Сурия ва Ливияда ҳам”, дея сўзини якунлаган Ангела Меркель.
Россия "кўнгилли"ларини отган тожикистонлик фуқаро жасади яқинларига топширилди
Россия ҳукумати 15 октябр куни Россиянинг Белгород шаҳри яқинидаги ҳарбий полигонга ҳужум уюштирганликда гумон қилинган 24 ёшли Тожикистон фуқароси Эҳсон Аминзоданинг жасадини яқинларига топширди.
Россия Мудофаа вазирлиги 15-октабр оқшомида Белгород вилоятидаги ҳарбий полигонда теракт содир этилганини маълум қилган эди. У ерда Украинага жанг қилиш учун кетаётган кўнгиллилар тайёрланди. "Отишма натижасида 11 киши ҳалок бўлган ва 15 киши яраланган эди.
Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, кўнгиллиларга қарата ўқ узган икки тожикистонлик жавоб ўқидан ҳалок бўлган.
Улардан бири тожикистонлик 24 ёшли Эҳсон Аминзода бўлган. Қариндошларининг сўзларига кўра, Эҳсон 10-октябр куни Москвадаги “Люблино” метро бекати яқинида ғойиб бўлган, унинг Белгороддаги ўқув-машғулотида вафот этгани ҳақида улар 16-октябр куни Россия расмийларидан хабар топган.
Исмини ошкор қилишни истамаган Эҳсоннинг дўсти Озоди радиосига берган интервюсида Эҳсон ҳеч қачон урушга бориш ниятида эмаслигини, у пул топиб, тезроқ Тожикистонга қайтиб, севгилиси билан турмуш қуришни хоҳлаганини айтди.
Октябр ойи охирида марҳум Эҳсон Аминзоданинг яқинлари унинг жасадини дафн қилиш учун ололмаётганликларини билдиришган. Россия расмийлари воқеа тафсилотларини айтмаяпти.