Польша, Литва ва Украина бош вазирлари Киевда уч томонлама учрашув ўтказди
Польша, Литва ва Украина бош вазирлари Матеуш Моравецкий, Ингрида Шимоните, Денис Шмигал Украина пойтахтида Голодоморни хотирлаш кунида учрашишди.
Моравецкий 1933 йилда очарчилик қурбонлари ёдгорлигига гул қўйди, қурбонлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
20-асрнинг биринчи ярмида бир неча очарчилик бўлган, лекин 1932-33 йилларда миллионлаб украиналикларнинг ҳаётини олиб кетган голодомор энг даҳшатлиси бўлган.
Украиналик тарихчиларнинг таъкидича, сунъий оммавий очарчилик украина миллий озодлик ҳаракатини сўндириш ва бир қисм украиналик деҳқонларни йўқ қилиш мақсадида ВКП(б) ва СССР ҳукумати раҳбарияти томонидан атайин уюштирилган тадбир бўлган. Россия буни "халқларни бир-биридан ажратиш"га қаратилган позиция дейди.
2006 йилда Украина Олий Радаси оммавий очарчилик украина халқининг геноциди эканлигини тан олган қонун қабул қилган эди.
Бир қанча давлатлар, жумладан Болтиқ бўйи мамлакатлари, Австралия, Италия ҳам голодоморнинг украина халқининг геноцид акти бўлганлигини тан олган.
Зеленский: Россия таназзулга учраяпти
Владимир Зеленский Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига берган зарбаларидан кейин ишдан чиққан элeктр, сув ва алоқа босқичма-босқич тикланаётганини маълум қилди.
24 ноябрь куни Россиянинг "махсус ҳарбий операция" бошлаганига тўққиз ой тўлди. Россия октябрь бошидан бери Украина элeктр тармоғини мунтазам ўққа тутиб келмоқда.
Москва бундан мақсад Украинанинг жанговар қобилиятини камайтириш ҳамда уни музокараларга ундаш эканини айтмоқда. Киев эса Россиянинг бундай ҳужумларини уруш жинояти, деб таъкидлаб келади.
"Тўққиз ойлик кенг кўламли урушни бирга бошдан кечирдик. Россия бизни синдиришнинг йўлини топа олмади ва топа олмайди ҳам", деди Владимир Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида:
"Рус армияси Херсон вилоятидан чекинишга мажбур бўлганидан сўнг, ҳудудни ўққа тутишга ўтди. Бу мағлубият алами. Улар жанг қилшни билишмайди. Уларнинг қўлидан келадигани фақат терроризм, бу - энeргетика тизимларига ҳужум қилиш, артиллерия ёки ракета билан ўққа тутиш. Бу Россия ўзининг ҳозирги раҳбарияти даврида таназзулга учраётганини англатади. Фақат юртимиз озодлиги ҳамда ишончли хавфсизлик кафолатларигина халқимизни Россиянинг ҳар қандай тажовузларидан ҳимоя қила олади".
Киев расмийлари, Херсонда Россия ҳужуми оқибатида етти киши ҳалок бўлгани, 21 киши яраланди, деб маълум қилди.
Киев шаҳри мери Виталий Кличко уч миллионлик шаҳар аҳолисининг 60 фоизи совуқ об-ҳаво шароитида элeктр қувватисиз қолмоқда, деди.
Зеленскийнинг билдиришича, 15 та ҳудуд, жумладан, пойтахт Киевда ҳам сув таъминотида ҳануз муаммолар мавжуд.
Европа парламенти Россияни терроризм ҳомийси, деб эълон қилди
Европа Иттифоқи, Москванинг Украинага ҳужумларига жавобан, Россияга қарши тўққизинчи санкциялар пакетини жорий қилаётгани ҳақида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен, Финляндияга ташрифи чоғида маълум қилди.
Фон дер Ляен хоним санкцияларининг янги босқичи қандай чораларни ўз ичига олиши ҳақида батафсил маълумот бермади. Ўтган ой Европа Иттифоқи саккизинчи санкциялар пакети доирасида Россиянинг пўлат ва технология маҳсулотлари савдосига қўшимча чекловларни киритган эди.
Урсула фон дер Ляен Финляндия, Эстония бош вазирлари ҳамда Швеция бош вазири ўринбосари билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Россиянинг Украина фуқаролик инфратузилмаларига қилган ҳужумларини уруш жинояти, деб атади:
"Украин халқи Путиннинг фуқаролик инфратузилмаларига қилган ваҳшиёна террористик ҳужумлари туфайли келаётган қишни элэктрсиз ва сувсиз кутиб олишга мажбур. Путин туфайли чақалоқлар, уларнинг ота-оналари ва бобо-бувилари қоронғуда, совуқда қолмоқда. Мен бу ваҳший ҳужумларни кескин қоралайман. Бу уруш жиноятларидир. Аммо ишонаманки, украиналик дўстларимиз бу фожиани ҳам енгиб ўтишади. Чунки улар кучли ва адолат улар томонида. Европа Иттифоқи бундай оғир вазиятда улар билан бирга. Қанча вақт керак бўлса шунча уларнинг ёнида туриб берамиз ".
Айни пайтда, Европа парламенти Россияни терроризм ҳомийси, деб эълон қилди.
Россия Украинада тинч аҳолини қасддан нишонга олганини инкор этиб келади. Бироқ, Россия энергетика объектлари ва бошқа инфратузилмаларига зарба бераётганини тан оларкан, бундан мақсад Киевнинг жанговар қобилиятини пасайтириш ва уни музокараларга ундаш эканини даъво қилмоқда.
15 минг одам бедарак
Украинадаги уруш чоғида 15 мингдан зиёд киши бедарак йўқолди, дея маълум қилди Бедарак йўқолганлар масалалари бўйича халқаро комиссия (ICMP) директори Мэтью Ҳоллидей.
Унинг айтишича, ҳарбий ҳаракатлар тўхтаганидан сўнг ҳам бу ишларни тергов қилиш жараёни йилларга чўзилиши мумкин. Ҳоллидей қанча одам мажбуран кўчирилгани ва Россияда қамоқда сақланаётгани ёки ҳалок бўлиб, пала-партиш дафн қилингани ҳозирча аниқ эмаслигини урғулади.
“Ҳозирда энг муҳими – мумкин қадар кўпроқ шахсларни идентификация қилиш чораларини кўриш. Бедарак йўқолганлар ва ўлганларнинг аксарияти ҳарбий жиноятлар қурбонларидир, бинобарин айбдорлар жавобгарликка тортилиши лозим”, деди у.