Зеленский: Россия Украинага қарата 4700 дан зиёд ракета отди
Ҳарбий экспертлар Москванинг ракеталари тугаб бораётганини айтадилар. Бироқ Украина шаҳарларига ракета зарбалари бериш тўхтагани йўқ.
Украина томонига кўра, кенг кўламли уруш бошланганидан бери Россия Украинага қарата 4700дан зиёд ракета отган.
Ҳарбий эксперт Александр Коваленко фикрича, Россия ҳарбийлари Украина Ҳарбий ҳаво мудофаа тизимини ёриб ўтишга қодир янги ракеталар тўпламини тахминан икки ҳафтада тайёрлашади. Бу вақт – ракеталарни омборлардан олиш, техник текшириш, ташиб бориш, шунингдек янги ракеталар ишлаб чиқариш учун зарур.
Коваленко бу ҳақда “Настояшчее время” телеканалида сўзлаб берди:
“Тушунишимча, Россия яқин кунларда ўз омборларида сақланаётган Х-101 ва Х-555 ракеталарини тиклашга зўр беради, ҳатто нормативларга кўра қўллашга яроқсиз бўлган ракеталарни ҳам. Ва, албатта, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун ҳам бор кучини сарфлайди. Ҳозирда Россия ракеталар ишлаб чиқариш учун зарур яримўтказгичлар, чиплар ва микросхемаларни Хитойдан Тожикистон ва Эрон орқали контрабанда йўли билан олиб келмоқда. Ушбу компонентлар 2000-йилларда модернизация қилинган Х-101 ракеталарининг таркибий қисмлари саналади. Ракета қуроллари захирасини бошқа йўл билан тўлдирмагунча, масалан, Эрондан баллистик ракеталар сотиб олиш бошланмагунича Россия ҳарбий учоқлардан отиладиган шу турдаги ракеталарни фаол қўллашда давом этади”.
"Бошланаётган ҳафта оғир бўлади"
Украина президенти Владимир Зеленский Россиянинг янги ҳужумларига тайёр бўлиш ҳамда биргаликда қарши туриш керак, деб огоҳлантирди.
"Террорчилар янги зарбаларни режалаштирмоқда. Буни аниқ биламиз. Токи уларда ракеталар бор экан, улар афсуски, ҳали бери тинчланмайди", деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида:
"Бошланаётган ҳафта худди ўтган ҳафтадек оғир бўлиши мумкин. Мудофаа кучларимиз бунга тайёрланмоқда. Бутун мамлакат тайёрланмоқда. Эҳтимолий барча сценарийларни ҳамкорларимиз билан кўриб чиқдик. Бизнинг бирлигимиз мустаҳкам бўлиб қолади. Кимгадир ёрдам бериш қўлингиздан келса, албатта буни қилишингизни сўраб қоламан. Бу ҳафта ҳам ҳаво ҳужумидан огоҳлантирув сиреналарига эътиборли бўлишингизни илтимос қиламан”.
Озодлик уруш шароитида томонларнинг бундай баёнотларини мустақил манбалардан тезкор текшириш имконига эга эмас.
Тбилисида россиялик ва украиналиклар Украинадаги урушга қарши намойишга чиқди
26 ноябрь куни Россия ва Украина фуқаролари Грузия пойтахти кўчаларида Россия Украинага ҳужум бошлаганига тўққиз ой тўлгани муносабати билан намойишга чиқди. Москва Украинага ҳужумини «махсус ҳарбий амалиёт» деб атаб келади.
24 февраль куни Россия Украинага қарши тажовузини бошлаганидан кейин кўплаб россиялик ўз уйини ташлаб, Грузияга қочиб ўтишга мажбур бўлди.
«Одамларни ишонтиришга ҳаракат қилдим, Москвада тақатиш учун кўплаб (урушга қарши) стикерлар ишлаб чиқардим ва ўшалар билан қўлга тушдим. Улар мени полицияда қийноққа солишди, шу боис у ерни тарк кетдим», - деди москвалик Александр Reuters агентлигига.
«Ўз позициямизни очиқ айтишимиз керак. Бу биринчиси. Иккинчиси, дунё ушбу жиноий урушга қарши Россия фуқаролари борлигини кўриши керак», - деди намойишчи Екатерина Кильтау.
Россия февраль ойида Украинада «махсус ҳарбий амалиёт» ўтказиш учун мамлакатга минглаб аскарларини юборган.
Урушни ўрганиш институти: Ер музлаганидан сўнг жанглар авж олиши мумкин
Урушни ўрганиш институти навбатдаги ҳисоботида Украинадаги фронт чизиғидаги ҳужум операциялари кучли ёмғирлар туфайли секинлашгани, бироқ об-ҳаво шароити ўзгарганда яна авж олиши мумкинлигини ёзади.
Келгуси бир неча ҳафта ичида Украина шарқи ва жанубидаги фронтнинг муҳим ҳудудларида, жумладан Сватово, Бахмут ва Угледарда ҳаво ҳарорати пасаяди ва ер музлайди, бу эса қуролли кучларнинг ҳаракатчанлигини оширади. Институт мутахассислари айни пайтда об-ҳаво шароити яхшиланганидан кейин кенг кўламли ҳужум ва қарши ҳужум операцияларини қайта тиклаш режалаштирилаётгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини таъкидламоқда.
Ҳисоботда, шунингдек, босиб олинган Украина ҳудудларидан болаларни тиббий реабилитация дастурлари ниқоби остида Россияга депортация қилиш ёки Россия фуқаролари томонидан асраб олиш давом этаётгани қайд этилган. Фуқаролик эркинликлари маркази раҳбари Олександра Матвийчук “Озодлик” радиосига берган интервюсида шундай ҳолатлардан бири ҳақида гапирди. Украинадаги бу инсон ҳуқуқлари ташкилоти бу йил тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган.