Таҳлилчи: Қиш рус аскарлари учун қийин кечади
Кучли ёмғир ва об-ҳавонинг совуши фронтнинг икки томонидаги ўн минглаб украин ва рус аскарлари учун вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.
Бироқ, Лондондаги Қироллик Бирлашган Хизматлари Институти таҳлилчиси Жек Уотлинг қишки об-ҳаво Украина армиясига ёрдам бериши мумкинлигини таъкидламоқда.
Унинг фикрига кўра, Украина қўшинлари яхши ҳолатда, қуруқ ва иссиқ. Аскарлар ҳам иссиқ кийимлар билан таъминланган.
Россия армиясига янги чақирилган рус ҳарбийлари эса, аксинча, узоқ вақт жанг майдонида ҳаракат қилиш кўникмасига эга эмас. Қолаверса, рус аскарлари қишки кийим-кечак билан ҳам таъминланмаган, дейди таҳлилчи.
Шойгу: 2023 йилда ядро арсенали учун инфратузилма барпо этамиз
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Kремль 2023 йилда ядро арсенали учун инфратузилма барпо этишга алоҳида эътибор қаратишини маълум қилди:
“2023 йилга мўлжалланган йирик қурилиш объектлари рўйхатини шакллантиришда стратегик ядровий кучлар манфаатини кўзлаган ҳолда қурилишларга алоҳида эътибор қаратилади”.
Шойгу шунингдек, Россия ракета кучларининг жанговар имкониятларини яхшилаш устида ишлаётгани ва янги ракета тизимлари учун иншоотлар қураётганини хабар қилди.
Россия 6000 га яқин жанговар ядро каллакларидан иборат арсеналга эга ягона давлат ҳисобланади.
Владимир Путин Украинанинг Россия томонидан аннексия қилинган ҳудудларига ишора қилиб, Россиянинг “ҳудудий яхлитлигини” барча мавжуд воситалар билан ҳимоя қилишга тайёрлигидан огоҳлантирган.
Ўз навбатида Вашингтон ҳам Россияни ядро қуролидан фойдаланишнинг аянчли оқибатларидан огоҳлантирган.
Урсула фон дер Ляеннинг урушда 100минг украин аскари ўлгани ҳақидаги твити ўчирилди
30 ноябрда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляеннинг Твиттердаги саҳифасида эълон қилинган видеода Украинадаги урушда "100 минг нафар украиналик аскар ва 20 минг нафар тинч аҳоли вакили" ўлгани айтилди.
Кейинчалик ушбу твит ўчириб ташланди ва унинг ўрнига қўйилган янги твитда олдинги видеонинг кесилган варианти қўйилди.
Янги твитда Урсула фон дер Ляеннинг Европа Иттифоқи Россия Украинадаги эҳтимолий ҳарбий жиноятларини тергов қилиш ва жиноий жавобгарликка тортиш учун БМТ шафелигида махсус маҳкама ташкил қилади, дея хабар қилди:
"Биз ихтисослашган суд тузиш учун халқаро ҳамжамият билан ишлашга тайёрмиз".
G7 Россия раҳбарларини Халқаро жиноий судга тортишни муҳокама қилди
Катта еттилик гуруҳи Украинага уруш жиноятларини тергов қилишда ёрдам беради. Кеча бўлиб ўтган G7 адлия вазирларининг илк тарихий йиғилишида Россия раҳбарлари устидан Халқаро жиноий судга тортиш муҳокама қилинди.
"Ҳарбий жиноятчилар ўзларини исталган жойда хавфсиз ҳис қила олмаслиги керак ва бу бўлиши ҳам мумкин эмас. Бу бутун дунёга очиқ сигнал. Биз уларни "Одил суд" тамойилига қатъий риоя қилган ҳолда жавобгарликка тортамиз. Ҳеч бир уруш жинояти жазосиз қолмаслиги лозим", деди Германия Адлия вазири Марко Бушман.
G7 давлатлари мамлакатлар ўртасида маълумотлар алмашинувини яхшилаш ва уларни тан олиш бўйича битим имзолади. Учрашувда Украина, Халқаро жиноий суд ва Европа Иттифоқи вакиллари ҳам иштирок этди.