Франция: Россияга нисбатан халқаро трибунални шакллантириш жараёни бошланди
Франция Россиянинг Украинага агрессиясини тергов қилиш бўйича халқаро трибунални шакллантириш юзасидан ҳаракат бошлангани тўғрисида баёнот берди. Франция бу ишни Европа давлатлари ва Украина билан ҳамкорликда амалга оширмоқда, деб билдирилди Европа ва ташқи ишлар бўйича вазирлиги сайтида.
"Россия Украинага агрессия қилганидан сўнг содир этилган жиноятлар жазосиз қолмаслиги учун кураш Франция учун приоритетдир", – дейилади баёнотда.
Франция Ташқи ишлар вазирлиги Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг Россия Украинада содир этган жиноятларни текшириш учун БМТ шаъфелиги остида махсус трибунал ташкил этиш юзасидан таклиф киритганига ҳам эътибор қаратган.
Пентагон Украинага камида 1 миллиард долларлик NASAMS тизимини етказиб беради
АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага NASAMS ҳаводан ҳимоя тизимини сотиб олиш учун Raytheon ширкати билан 1 миллиард 200 миллион долларлик шартномани имзолади.
Пентагон сайтида маълум қилинишича, Raytheon аниқ белгилаб қўйилган нарх асосида Украинага “Ер-Осмон” туркумидаги ракета системаларини етказиб беради. Шартномани якунлаш муддати 2025 йилнинг 28 октябри қилиб белгиланган.
АҚШ ҳукумати Украинага жами 8 та NASAMS тизимини етказиб беришни тасдиқлаган. Улардан иккитаси Украинага етиб келган. Киев ноябрь ойининг охиригача энг замонавий NASAMS тизимини олиши ҳақида АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин бир ой олдин билдирган эди.
NASAMS – кичик ва ўрта радиусдаги ҳаракатланувчи зенит ракета тизимидир. У кичик ва ўртача баландликдаги дронларни, баллистик ва қанотли ракеталарни, вертолётларни, самолётларни ва бошқа нишонларни уриб тушира олади.
Киевга ҳаводан мудофаа тизимларини етказиб бериш Россия Украинанинг энергетика станцияларига ҳаводан зарбаларни беришни кучайтиргани ортидан фаоллашди.
Британия яна қатор Россия расмийларини санкциялар рўйхатига киритди
Британия Россия Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилова, губернаторлар ва ҳудудларнинг ҳарбий комиссарларини санкциялар рўйхатига киритди. Мазкур рўйхатдан 30 ноябрь ҳолатига кўра, 1680 нафар Россия фуқароси ўрин олган. Бу санкцияга дучор бўлган Россия расмийларига оид жаҳондаги энг катта рўйхатдир.
Британия санкциялар рўйхатига киритилган шахсларнинг мамлакатдаги активлари музлатилади ва Британияга кириши тақиқланади.
Памфилова мазкур рўйхатга “Украинанинг ҳудудий яхлитлигига,суверенитетига ва мустақиллигига футур етказувчи ҳаракатларда кўп маротаба иштирок этгани учун” киритилди. Бундан ташқари “Вагнер” ҳусусий ҳарбий ширкатига маҳбусларни урушга ёллашга рухзсат бергани учун Россия Жазони ўташ федерал хизмати директори Аркадий Гостев ҳам мазкур рўйхатдан жой олди.
Жами рўйхатга 22 рус расмийси қўшилган. Улар орасида 9 та вилоят губернатори ва қатор вилоятларнинг ҳарбий комиссарлари ҳам бор.
Мадриддаги Украина элчихонасида портлаш: Бир ходим яраланди
30 ноябрь куни Украинанинг Мадриддаги элчихонасида портлаш содир бўлган ва бир нафар элчихона ходими енгил жароҳатланган.
Бу ҳақда хабар қилган Elpais нашрига кўра, портловчи модда конверт ичига жойланган бўлган ва элчихона ходими конвертни очаётган пайтда портлаш содир бўлган.
Eldebate нашри эса яраланган элчихона ходимининг жароҳати енгил бўлгани ва унинг ўзи касалхонага боргани ҳақида ёзди.
Воқеа жойида полиция ва бошқа ҳуқуқ-тартибот ходимлари ишламоқда.
Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба мамлакатнинг хориждаги барча элчихоналарида хавфсизликни кучайтириш борасида кўрсатма берди.
Кулеба Испания ТИВлигидан содир бўлган воқеа бўйича тезкор суриштирув бошлашни сўради.
Бироз ўтиб, Украина ТИВлиги расмийси Олег Николенко воқеа тафсилотларига ойдинлик киритди.
Николенкога кўра, элчихона коменданти конвертни текшириб кўраётган пайтда конверт унинг қўлида портлаган, унга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Элчихонанинг бошқа ходимларига зарар етмаган.