Бурятия Украинада урушаётган аскарларга шаманларни ва ўтовларни жўнатади
Россиянинг Бурятия республикасидан Украинанинг босиб олинган Донецк вилоятига шаманлар ва учта ўтов жўнатилмоқда. Сибир. Реалии лойиҳасининг хабар беришича, ўтовларда рус аскарлари ҳордиқ чиқариши ва шаманча маросимларни адо этишлари мумкин бўлади.
Ўтов ва шаманларни Донецкка жўнатаётган “Хунлар фонди” раиси Олег Булутовга кўра, ўтовларда шаманлар “солдатларга руҳини қайтаради”, синиқчилар эса “солдатларнинг умуртқасини тўғрилайди”.
Ўтовлар айни қайси жойга ўрнатилиши ҳозирча маълум эмас. Булутовга кўра, улар иложи борича жанговар ҳаракатлар бўлаётган ҳудудга яқин, аммо хавфсиз жойга ўрнатилиши лозим. Ташкилотчилар бу “фронтга кетаётганлар учун гуманитар ёрдам” эканини айтмоқда.
Бурятия Украина урушида ҳалок бўлган аскарлар сони бўйича Россия регонлари орасида лидер бўлиб қолмоқда. Би-би-си ва “Медиазона”нинг билдиришича, 18 ноябрь ҳолатига кўра, республикадан урушга чақирилганлардан камида 340 нафари ҳалок бўлган.
Украина расмийси урушда 10-13 минг аскари ҳалок бўлганини билдирди
Россия Украинага бостириб кирган 24 февралдан то шу кунгача урушда 10 мингдан 13 минггача украин аскари ҳалок бўлди. Бу ҳақда 1 декабрь куни Украина президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк миллий телеканалга берган интервьюсида билдирди.
30 ноябрда Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович блогер Марк Фейгинга урушда 10 мингдан 20 минггача украин аскари ўлгани ҳақида айтган эди.
Подоляк берган маълумот нақадар аниқ экани ҳозирча номаълум. У бу маълумот президент Зеленскийга берилаётган кундалик ҳисоботлардан олинганини билдирди. Бироқ Зеленскийнинг ўзи бу ҳақда гапирмаган.
Ҳафта бошида Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен урушда юз минг украин аскари ҳалок бўлгани тўғрисида билдирган эди. Кейинроқ унинг офиси Ляйен янглишганини, юз минг киши орасида нафақат ҳалок бўлганлар, балки ярадорлар ҳам борлигини маълум қилган. Аввалроқ Пентагон ҳам мана шундай рақамни келтирган эди.
Россия Мудофаа вазирлиги эса 21 сентябрь куни урушда 5937 аскари ўлганини маълум қилди. 10 ноябрда Пентагон Россия армиясининг камида юз минг аскари ҳалок бўлгани ва яраланганини билдирган.
Мадридда конвертга солинган учинчи бомба топилди
Испания хавфсизлик хизмати Мадрид яқинида жойлашган Европа Иттифоқи сунъий йўлдош марказига юборилган конвертда яширилган учинчи портловчи қурилмани топди.
Ҳарбий ҳаво кучлари хавфсизлик ходимлари конвертни сканердан ўтказгандан сўнг, унда “механизм” борлиги аниқланди”, — дея хабар берди Испания мудофаа вазирлиги ўз баёнотида. Полиция жўнатмани таҳлил қилмоқда.
Чоршанба куни Украинанинг Мадриддаги элчихонаси ва Сарагоса шаҳридаги қурол ишлаб чиқарувчи Инсталаза заводига почта орқали бомба юборилди.
Elpais нашрига кўра, портловчи модда конверт ичига жойланган бўлган ва элчихона ходими конвертни очаётган пайтда портлаш содир бўлган.
Украина элчихонасига юборилган бомба портлаши натижасида элчихона ходими енгил жароҳат олди.
Испания Олий суди портлаш бўйича жиноий иш очди. Бу теракт сифатида баҳоланиши ҳам мумкин. Инсталаза заводи Испания Украинага етказиб берган C90 ракетасини ишлаб чиқаради.
Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба мамлакатнинг хориждаги барча элчихоналарида хавфсизликни кучайтириш борасида кўрсатма берди. Кулеба Испания ТИВлигидан содир бўлган ҳодиса бўйича тезкор суриштирув бошлашни сўради.
Лавров: НАТО Хитой билан Россия ўртасида хавфли кескинлик яратяпти
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 1 декабрь кунги чиқишида яна НАТОни Хитой билан Россия ўртасида хавфли кескинликни яратишда айблади.
“Жанубий Хитой денгизи ҳам энди НАТО бир пайтлар Украинада бўлгани каби кескинликни кучайтирган минтақалардан бирига айланмоқда”, деди Лавров матбуот анжуманида.
Лавровнинг айтишича, айнан шу сабабли Россия Хитой билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантирмоқда ва қўшма машғулотлар ўтказмоқда.
Россия ташқи ишлар вазири, 30 ноябрь куни ҳам айни мазмунда чиқиши қилди ва Москва учун “ҳар қандай ядровий тўқнашувга йўл қўймаслик муҳим”лиги ҳақида гапирди.
Лавров шунингдек, Ғарб Украинани Россияга қарши курашни давом эттиришга ундаётганини ҳам таъкидлади:
"Эслатиб ўтаман, Путин ва Байден 2021 йил июнь ойида "Рейган-Горбачёв формуласи"ни яъни ядро урушида ғолиб томон бўлмаслиги келишувини тасдиқлаган. Бизнинг позициямиз янада чуқурроқ, яъни ядро урушининг бошланишига йўл қўймаслик билан бир қаторда, ядро давлатлари ўртасидаги ҳар қандай ҳарбий тўқнашувга, ҳатто оддий қуроллар иштирокидаги тўқнашувга ҳам йўл қўймаслик керак. Кескинлик назорат қилиб бўлмайдиган даражага етиши мумкин."
Украина НАТО аъзоси эмас, лекин альянсга қўшилишга интилмоқда. Россия Украинанинг НАТОга кириш ҳаракатлари ва НАТОнинг Совет Иттифоқи қулаганидан бери шарққа томон кенгайиши уруш сабабларидан бири бўлганини даъво қилмоқда.