ЕИ: рус нефтига 60 долларлик нарх чекловига келишилди
АҚШ Ғазначилиги котиби ўринбосари Уолли Адейемо Россия нефти нархини бир баррел учун 60 долларгача чеклаш бўйича Европа Иттифоқи келишувини олқишлар экан, бу муҳокама қилинган нарх доирасида экани ва Москванинг нефтдан келадиган даромадини чеклашини таъкидлади.
Адейемо Рейтерснинг NЕХТ конференциясида, EИ мамлакатлари нархларни чеклаш бўйича келишувни якунлашига ишонишини қўшимча қилди.
"Бу нарх биз анча вақтдан бери муҳокама қилаётган ва биз кўзлаган икки мақсадга мос келади. Биринчиси, Россиянинг даромадларини камайтириш. Иккинчиси бўлса, бозорда Россия нефтини сақлаб қолишга эришиш”. Адейемо.
Адейемо, бензин нархлари ёздаги энг юқори кўрсаткичлардан бироз тушгани, бироқ ҳали ҳам жуда юқори эканлигини билдирди. Шунингдек, у ҳукумат таъминот занжирига босимни юмшатиш учун қўлидан келган барча ишни қилаётганини қўшимча қилди.
«Вагнер» ХҲШни хорижий террорчи ташкилот деб топиш сўралди
Россиянинг “Вагнер» ХҲШни хорижий террорчи ташкилот деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси АҚШ Конгрессига киритилди.
Ҳужжат Конгрессга 1 декабрь куни келиб тушган. “Россия ёлланма аскарларини жавобгарликка тортиш тўғрисида қонун” деб аталувчи лойиҳани республикачи Рожер Уикер ҳамда демократ Бен Кардин тақдимот қилишди.
Ҳужжатда АҚШ давлат котибидан “Вагнер» ХҲШни ва ушбу ҳарбий ширкат билан аффилланган ҳар қандай гуруҳларни хорижий террорчилик ташкилотлари деб топиш талаб қилинган.
Бен Кардин Россия ХҲШни “яширин армия” деб атаб, АҚШ ҳукумати уни жавобгарликка тортиши лозимлигини айтди.
“Украина, Сурия ва бутун Африка қитъасида амалга оширилган сон-саноқсиз ваҳшийликлар “Вагнер” гуруҳи номи билан боғланади. АҚШ зудликда уни хорижий террорчилик ташкилоти деб эътироф этиши лозим. Бу Россия қуролли кучлари сонини камайтириб, инсон ҳуқуқларини поймол қилганларни жавобгарликка тортишга ёрдам беради”, дейди Кардин.
Айни қонунчилик ташаббусини АҚШ Вакиллар палатаси муҳокамасига киритиш режаланмоқда. Қонун лойиҳасини демократлар Стивен Коэн ва Марк Визи, республикачи ҳамкасблари – Жо Уилямс ва Ричард Уэлсон билан ҳамкорликда ишлаб чиққанлар.
Аввалроқ Европарламент депутатлари ўз раҳбарларига “Вагнер ХҲШ”ни террорчи ташкилотлар рўйхатига тиркаш масаласини кўриб чиқиш илтимоси билан мурожаат қилишган эди. Бу ҳақда Politico нашри хабар берган.
Airbus Россия титанидан воз кечмоқчи
Reuters хабарига кўра, бу ҳақда Airbus’нинг мудофаа ва космос бўлими раҳбари Михаэл Шольхорн маълум қилган.
“Биз Россия билан алоқаларни узиш жараёнидамиз, гап титан ҳақида бормоқда. Бунга йиллар керак эмас, бир неча ойда ҳал бўладиган масала”, деди Шольхорн, айни чоғда бу янги таъминотчиларни сертификатлаш ва бошқа тартиб-таомиллар туфайли мураккаб жараён эканини урғулади.
Reuters’нинг соҳадаги манбалари билдиришича, Airbus титанни кўпроқ АҚШ ва Япониядан сотиб ола бошлаган, бироқ уларни аэрокосмик стандартлар бўйича сертификатлаш йилларга чўзилиши мумкин.
Аввалроқ АҚШнинг Boeing ширкати Россия титанидан воз кечган. Авиасозлик ширкати ўз изоҳида бутун дунё бўйлаб таъминотчилар тармоғи шакллланилтиргани ҳисобига титан етарлича ғамлаб олинганини айтган.
Россия дунё бўйича энг кўп титан ишлаб чиқарувчи мамлакат саналади. Ушбу металл асосан авиация двигателларида ва катта учоқлар шассиларида қўлланади. “Коммерсант” маълумотига кўра, урушдан олдин Boeing ўз эҳтиёжлари учун зарур титаннинг 35 фоизи, Airbus Group – 65 фоизини Россиянинг “ВСМПО-Ависма” ширкатидан харид қилган. Бразилиянинг Embraer авиасозлик ширкати эса титанга эҳтиёжларини 100 фоиз Россия хомашёси ҳисобига қондирган.
Байден Путин билан музокараларга тайёр эканини билдирди
АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путин билан музокара ўтказишга тайёр эканини, бунинг учун Путин Украинадаги урушни тўхтатишдан манфаатдор эканлигини кўрсатиши кераклигини билдирди.
Байден бу масалада НАТОдаги ҳамкорлар билан маслаҳатлашувлар ўтказганини айтди. Бироқ бугунги кунда Путин билан музокара ўтказиш кун тартибида йўқ.
Reuters. Агентлигининг хабар беришича, Байден бу ҳақда Франция президенти Эммануэл Макрон билан музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида гапирган.
Байден ва Макрон учрашув якунида қабул қилган қўшма баёнотда томонлар “Россиянинг Украинага қилган ноқонуний агрессив урушини кескин қоралаши” таъкидланади. Бундан ташқари баёнотда “фуқароларга ва фуқаролик инфраструктурасига атайлабдан зарбалар бериш ҳарбий жиноятдир ва айбдорлар жавобгарликкка тортилиши шарт” дейилади.
Байден ва Макрон матбуот анжуманида Украинага ҳаводан ҳимоя воситаларини, энерготизимни таъмирлаш учун керакли ускуналарни етказиб беришни тезлатишни ва қиш мавсумида украиналикларни дастаклаш учун керакли ресурсларни беришни ваъда қилди.
АҚШ ва Франция халқаро институтлар воситасида Россияни ҳарбий жиноятлар учун жавобгарликка тортишни режалаштираётир.